Клаус Мангольд: «Мақсад - Европада Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш»

    Туризм 24 ноябр 2022 955

    23 ноябрда Туризм ва маданий мерос вазирлигида Германиянинг «Mangold consulting GMBH» раиси, профессор Клаус Мангольд билан учрашув бўлиб ўтди.

    Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов юқори мартабали меҳмонга ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди.

    Учрашувда Европа давлатларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш доирасида олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, жорий йил 18ноябрда Германия туристик ассоциацияси президенти Норберт Фиебиг билан бўлган учрашув якунига кўра эришилган масалалар, ДРВ таркибига кирувчи энг йирик туристик операторлар иштирокида «Destination Fourm» лойиҳасини ўтказиш, шунингдек, вазирлик томонидан Европа бозорига мўлжалланган медиарежани амалга ошириш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама этилди.

    Таъкидлаш керакки, К.Мангольд «Destination Fourm» лойиҳаси доирасида нафақат Германия, балки Швейцария, Австрия каби Европа давлатларининг энг йирик ва салоҳиятли ОАВ ва туристик ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканлигини қайд этди. Шунингдек, «Uzbekistan» миллий брендини хорижда кенг тарғиб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

    «2023 йил март ойида Германиянинг Берлин шаҳрида «ITB Berlin-2023» халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, келгуси йили Германияда Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилган, — деди Клаус Мангольд. — Бу тадбирлардан мақсад европалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган эътиборини ошириш, мамлакатингизнинг диққатга сазовор жиҳатларини бутун дунёга янада кенгроқ танитиш ва бу орқали мамлакатингизнинг Европа ва жаҳондаги мавқеини мустаҳкамлашдир».

    Учрашув якунида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Европага янада кенг тарғиб этиш доирасида мамлакатимизда фаолият юритаётган туризм соҳаси вакиллари учун ўқув дастурларини йўлга қўйиш, Германия тажрибасига асосан, юртимизда тематик паркларни очиш имкониятлари, Германия – Самарқанд йўналишлари бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар ташкил этиш ҳамда келгуси йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбекистоннинг археологик бойликлари кўргазмаси масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

    Маълумот учун, «Mangold Consulting GMBH» компанияси 15 йилдан ортиқ вақт Германия ва хориждаги миллий ва халқаро компанияларга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва муассасаларга муваффақиятли маслаҳатлар бериб келяпти.

    Профессор Клаус Мангольд Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини юқори баҳолади. Қолаверса, Ўзбекистонда туризм жадал суратларда ривожланиб бораётганини ва бунда Тошкент халқаро туризм ярмаркаси каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

    Клаус Мангольд «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг аҳамиятини юқори баҳолади, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.