Кўҳна кентнинг янги шаҳарчаси

    Самарқанд шаҳрининг янги массивида амалга оширилаётган бундай ишлар, Президентимиз таъкидлаганидек, аҳолининг эртага эмас, бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қиляпти, десак асло муболаға бўлмайди.

    Ўзининг бой тарихий ва маданий меросига эга бўлган кўҳна Самарқанд бугун ҳар жиҳатдан обод ва кўркам масканга айланди. Истиқлол туфайли қадимий ёдгорликларнинг тикланиши, янги-янги замонавий иншоотларнинг барпо этилиши, кўчаларнинг кенгайтирилиши шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

    Қадим шаҳарнинг салобатини асраш қанчалик муҳим бўлса, шаҳар аҳолиси сони ортиб бориши уй-жой муаммосини ҳам юзага келтирди. Айни эҳтиёждан келиб чиқиб, бундан уч йил олдин шаҳар марказидан 7-8 километр узоқликда жойлашган Қарасув ҳудудида замонавий массив бунёд этишга киришилди. Дастлаб 37 та 5-7 қаватли арзон уй-жой билан бошланган саъй-ҳаракатлар ўтган икки йилда улкан бунёдкорлик ишларига айланди.

    Бугун эса бу ерга келган ҳар қандай кишининг ҳайрати ошади.

    Президентимиз Самарқанд вилоятига бу галги ташрифи чоғида Қорасув массивидаги кўп-қаватли уй-жойлар билан танишди. Давлатимиз раҳбари 2019 йилда вилоятга ташрифи чоғида бу ердаги дастлабки уйларни кўздан кечириб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишган эди. Ўтган даврда бу лойиҳалар ҳаётга кўчди. Бу ерда биринчи босқич қурилиш ишлар ўтган йилнинг сўнгида якунига етказилди.

    “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан мавзеда 16, 15, 14 ва 12 қаватли жами 47 та турар жой қурилди. Уларда 3 минг 588 та хонадон бор. Айни пайтда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида массивда 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уй қурилмоқда. Келгусида жами 5700 хонадонли 60 та турар жой қурилиши режалаштирилган.

    – Ҳудудда ишлар тўрт босқичда амалга оширилмоқда, – дейди лойиҳа конструктори Собиржон Тошев. – Биринчи босқичда 48 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, иккинчи босқичда 8 та 25 қаватли ва 12,14, 16 қаватли 40 та уй-жой қурилади. Учинчи босқичда 25 гектар майдонда отчопар ҳудуди ва кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, бу ерда 42 гектар майдонда истироҳат боғи қурилиши амалга оширилмоқда.

    Мамлакатимиз раҳбари турар-жойлар қурилиши, сифати, зилзилабардошлиги ва ҳудуд инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратди ва хориж тажрибаси асосида сервис турларини кенгайтириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус пункт ташкил этиш юзасидан тавсиялар берди.

    Айни пайтда бу ердаги кўп қаватли уйлар сони 116 тага етказилди. Шу билан бирга 1600 ўринли мактаб, 120 ўринли боғча, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, болалар спорт майдончалари, савдо дўконлари қад ростлади.

    Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган, уй-жойга ўта муҳтож оилаларни ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳокимлик томонидан мазкур массивдан уларга беғараз тарзда 40 та хонадон, шунингдек, вилоят ташкилотларида фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож мутахассисларга 60 та хонадон ажратилди.

    – Бир неча йил давомида уйсиз, ижарама-ижара сарсон яшадим, – дейди Насиба Улуғмуродова. – Уч фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ногирон. Ўзим ишсиз эдим, жуда қийналдик. Ўтган йил март ойида ҳокимлик томонидан бизга хонадон совға қилинди. Ишга жойлашишимга яқиндан ёрдам беришди. Оиламизни оғир дамда қўллаб-қувватлагани, уйли қилгани, бизни ҳам кўпчилик қатори бахтли яшашимизга сабабчи бўлгани учун ҳукуматимизга, Президентимизга минг раҳмат.

    Туркия технологияси асосида барпо этилган замонавий уйлар 9 балли зилзилага бардош бера олади. Ҳар бир хонадонда замонавий иситиш мосламаси, газ ускунаси, ошхона мебели мавжуд.

    – Иккита оила бир ҳовлида яшаб келаётгандик, – дейди Азиз Фарҳодов. – Юртимизда яратилган имкониятдан фойдаланиб шу ерда уй олиш насиб этди. Мана яшаяпмиз, хурсандмиз. Барча шароит бор. Бу уйлар, айниқса, ёш оилалар учун жуда қулай экан. Келажакда бу қурилишлар давом эттирилиб, массив катта шаҳар мақомини олиши, обод ва ораста бўлиши учун биз ҳам қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз.

    Бу ерда ҳаммаси пухта ўйланган. Уйларнинг ертўласида ҳам тадбиркорлик қилиш учун имконият мавжуд. Ўтган йили ўз фаолиятини бошлаган “Bahora fly” тикувчилик цехи ҳам ана ертўлада фаолият олиб бормоқда. Массивда яшовчи 45 нафар хотин-қиз шу ерда иш билан таъминлади. Цехда буюртма асосида хотин-қизлар миллий либослари, болалар кийим-кечаклари ҳамда махсус формалар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, массивда мактаб ўқувчилари учун инглиз, рус тили, математика бўйича ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.

    – Ҳудудда жуда чиройли шаҳар бунёд этилди, – дейди Шаҳноза Қувватова. –Шаҳарчамиз яна кенгаяпти. Бу ердан уй-жой қилганимиз ҳаётимда кескин ўзгариш ясади. Фарзандларимни қишлоқда катта қилдим, шаҳарда таълим бераяпман. Энг асосийси ишли бўлдим. Шу пайтгача рўзғор ишлари билан уйда ўтиргандим. Уйимиз ертўласида тикувчилик цехи фаолият бошлагани биздай аёллар учун айни муддао бўлди. Тикувчилик ҳунарим шу цехда ишли бўлишимда асқатди. Мактаб, боғча – барчаси кўз олдимизда. Уч фарзандим бор. Оилам бюджетига ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates