Конфет қоғозига ўралган оғу фош этилди ​

    Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг яширин савдосига қарши тезкор тадбир ўтказишди.

    Тадбир давомида фуқаро М.Р. ўзига хос ўткир ҳидли 5,46 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, фуқаро М.Р.га тегишли бўлган қўл сумкаси кўздан кечирилганида, сумка ичидан бир дона оқ қоғоз парчасига ўралган 0,68 грамм ҳамда конфет қоғозига ўралган 2,34 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

    Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқаро Т.Д. шартли харидорга бир дона оқ рангли целофан пакетга ўралган 12,95 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Шундан сўнг, фуқаро Т.Д.нинг яшаш хонадони ҳам текширилганида, ўзига хос ўткир ҳидли, оғирлиги 1,15 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги фош бўлди.

    Ўтказилган тезкор тадбир давомида оғирлиги 22,58 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

    Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.