Кўнгил хиёбони

    Бу боғда ўзбек адабиёти босиб ўтган узун йўлнинг рамзий бир ифодаси ҳам ўз аксини топган.

    Нафъинг агар халққа бешакдурур,

    Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур.

    Алишер НАВОИЙ

    Мамлакатимиз пойтахтидаги Адиблар хиёбони кейинги йилларда энг гавжум зиё­ратгоҳ ва адабий анжуманлар масканларидан бирига айланди. Аллома адиблар учун ёдгорликлар бунёд қилинган бу боғни кўрмаганлар томошасига шошилади.

    Табиийки, хаёлланиб, ўй суриб, ­тасаввур қилиб кетади. Келиб кўриб ҳая­жонланади, юксакликдан қараб турган ҳазрат Алишер Навоий анжуманида шогирдлар устози ҳузурида ҳисобот бераётгандек манзарага қараб, яхши кишилар ҳайратга тушади.

    Дарҳақиқат, бу боғда ўзбек адабиёти босиб ўтган узун йўлнинг рамзий бир ифодаси ҳам ўз аксини топган. Адиблар ҳайкаллари йиллар силсиласига монанд ёнма-ён ва кетма-кет тарзда жойлаштирилганки, улар мисли “мажолис ун-нафоис” ичра истиқомат қилади. Ўзаро ҳол тилида гурунг­лашади, бир-бирларига ҳавасла, эҳтиром ила боқади. Шу орада мозийдан маҳзун, ичкин ва иқрорли бир овоз келади:

    “Ёд этмас эмиш кишини меҳнатта киши,

    Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши.

    Кўнглум бу ғариблиқта шод ўлмади ҳеч,

    Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши”.

    Ҳижронли, изтиробли, шоир кўнгилли Бобурнинг чўнг дарди беихтиёр ёдга тушади. “У дийдордир, емадилар, тўйдилар” деганларидек, асрлар сарҳадини, заминнинг чегара чизиқларини парчалаб, маънавият боғида руҳан дийдорлашган шоирлар шодлиги оламга таралади.

    Ватанга садоқат, дўстга ҳурмат, халқ учун хизмат — кўнгил хиёбонини безайдиган ноёб, нодир тушунчаларки, ижод аҳлининг ҳис-туйғулари билан уйғунлашиб, шеърга дўнади. Бердақ бобо тажоҳили орифона услубда насиҳат қила бошлайди:

    “Бердимурод, ўйлаб айтгин сўзингни,

    Лоф уриб, кўтарма қуруқ ўзингни,

    Қизартмагай халқинг сенинг юзингни,

    Қўлдан келса хизмат айла халқ учун”.

    Хиёбон адабиёт абадиятидан, инсонлараро меҳр-оқибатдан, миллатлараро дўстликдан сабоқ беради...

    Ватан ва миллат келажаги учун жон фидо қилган адибларнинг тарихий хизматлари бирорта зиёратчини бефарқ қолдирмайди. Хиёбон бутун куч-қувватини халқ ичидан олган ва “қучоқ очиб” халқ орасига кирган, уларнинг барча муаммоларини ҳал этишга интилган, таълим ва тарбияси, уйғониши учун хизмат қилган жадидларнинг ибратли ҳаётидан лавҳаларни тақдим этади, албатта.

    Мардона, ўйчанлик аралаш мағрур турган Абдулла Қодирий беихтиёр ўтган кунлардан бугунги кунларга қараб, “Ҳақиқат очиб сўзлашдадир”, деяётгандек бўлади. Шу маҳал аллома адибнинг сўз заҳматкашларига қарата: “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак, ёзғувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзғувчилиқ айтмакчи бўлған фикрни ҳаммага баробар онглата билишда, ораға онглашилмовчилиқ солмаслиқдадир”, деган ҳақиқати хаёлга келади.

    Адиблар хиёбони боғи — кўнгил ва тафаккур боғи, бунда шеър туғилади, оғочлар тилга киради, майсалар шивирлайди — она тупроқ мадҳ этилади. Табиийки, “бунда булбул китоб ўқийди, бунда қуртлар ипак тўқийди”. Бу муҳташам боғни “сал кўрмаса қуёш” соғинади, “тупроғида олтин гуллайди”. Боғдаги қайси бир шоир ўйчан, бошқа бирови илҳом қанотида парвоз қилаётгандек намоён бўлади.

    Асл адиблар ҳар бир инсонни эзгулик йўлига даъват этади, ёш йигит-қизлар эл-юрт хизмати учун камарбаста бўлишидан сабоқ беради: “Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди, билиб қўйки, сени Ватан кутади”.

    Адиблар хиёбони — бу сўлим боғ улуғвор мамлакатнинг митти маънавий-адабий харитасидир.

    Адиблар анжуманида қатнашган замонанинг ёш истеъдодлари қалбида янги асарлар куртак ёзади. Рассоми аллома адибларнинг рангтасвирдаги сиймоси хусусида режалар тузади. Кимдир ёзажак мусиқаси оҳангида кўнгил хиёбонини оралайди. Ёзувчи, шоир ва драматурглар бу улуғ адибларнинг бадиий адабиётдаги образларини, ибратли ҳаёт йўлини ўз асарлари мазмунига сингдириш пайида бўлади.

    Адиблар хиёбони — бу ям-яшил ва сўлим маскан зиёратига келган кимсаларга ижод ва ҳаётдан, Аму билан Сирдан, мевазор боғлар ва улуғвор тоғлардан сабоқ беради.

    Зеро, Адиблар хиёбони замона аҳлининг тасаввурига, ёшлар маънавияти ва қалбига адабий маърифат уруғларини сочади. Бу маънавият гўшаларининг ниҳоллари бугун гуллаб-яшнаб турибди, эртага эса ҳосил беради, албатта. Шоир айтмоқчи:

    Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,

    Ниҳолинг номини яхшилик ата.

    Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,

    У гулнинг номини гўзаллик деб қўй,

    Гулу ниҳолинг бахш этиб ҳаёт,

    Сув қуй ва бу сувга меҳр деб қўй от.

    Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

    Боғинг ВАТАН дея ном олсин, эй дўст!

    Баҳодир КАРИМОВ,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, профессор



    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates