Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқ

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувидаги сермазмун нутқини диққат билан тинглаб, халқимиз учун, инсон қадр-қиммати учун яратилаётган имкониятлардан руҳландим.

    Кўп нарса қиёсда намоён бўлади. Дарҳақиқат, давлат раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши, сиёсий фаоллиги ўртасида катта фарқ бор. Шу сабабли ҳам халқимиз мамлакатимиз бўйлаб намоён бўлаётган глобал ўзгаришларни теран англаган ҳолда, Олий Мажлис палаталарининг конституциявий ислоҳотларга оид қарорини қўллаб-қувватлаётгани Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, инсонни қадрлаш, унинг умумэътироф этилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилиш ниҳоятда аҳамиятлидир.

    Президент маърузасидан маълум бўлдики, конституциявий ислоҳотларнинг туб негизи “Инсон манфаатлари – олий қадрият” шиорига асосланган. Бу, албатта, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлигини, давлат машинаси, аввало, инсоннинг бахту саодати учун ишлаши зарурлигини кўрсатади.

    Учрашувда Президентимиз киритган таклифлар ҳам мажлис қатнашчиларида катта таасурот қолдирди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзини диққат билан тингладик. Юртбошимизнинг барча айтган сўзлари юракдан отилиб чиқаётганлигини ҳис қилдик.

    Айниқса, ўлим жазосини қайта тиклаш нотўғри бўлишини таъкидлаб, “Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан”, деганларида назаримда ҳамманинг кўнглидаги фикрлар айтилди.

    Чунки, биз ҳар битта алоҳида олинган давлатнинг ҳам, умуман олганда сайёрамизнинг ҳам энг бебаҳо бойлиги Инсон, унинг ҳаёти ва қадр-қиммати, деб биламиз. Шундай экан, табиатнинг гултожи ҳисобланган Инсон, инъом этилган умри давомида, энг аввало, дахлсиз яшашга, тўлақонли ва фаровон ҳаёт кечиришга ҳақли. Дарҳақиқат, ўлим жазоси адолатли ижтимоий давлат шаклига ҳам, Янги Ўзбекистоннинг мафкурасига ҳам хос эмас. Қолаверса, мамлакатимиз қонунчилигида ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазоси белгиланган бўлиб, бу жазо узоқ йиллар давомида қамоқда ўтиришга мажбур қилади. Натижада маҳбус ҳам руҳан, ҳам жисмонан жазоланади. Ҳаётда дастлабки тергов ёки судлов органларининг хатоси туфайли ўлим жазосига ҳукм қилинганлар, ўлимидан кейин оқланганлар ҳам бор. Бундай хато эса ҳеч қачон кечирилмайди. Шу нуқтаи назардан, Президент томонидан бу масалага ойдинлик киритилганлиги халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди.

    Юртимизда анча йиллар илгари бекор қилинган ўлим жазоси энди ҳеч қачон қўлланмаслиги Конституция билан ҳам кафолатланмоқда. Бу инсонпарварлик ўзбек халқи учун энг катта қадриятлардан бири эканлигини, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканлигини яна бир бор яққол намоён этмоқда.

    Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни Асосий қонунимизда акс эттириш борасидаги таклифи ҳам катта аҳамиятга эга. Бу қоиданинг қисқача мазмуни шундай: Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бирон-бир жиноятда айбланаётган фуқарони қўлга олаётган пайтда “Сизнинг ҳуқуқларингиз қуйидагилардан иборат: Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сизнинг айтганларингизнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши далил бўлиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз адвокат билан давлат томонидан таъминланиш ҳуқуқига эгасиз,” деб огоҳлантиришлари шарт. Бу, албатта, инсон ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан таклиф этилганидек, “Хабеас корпус” институти, яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги меъёрнинг Конституциямизда акс эттирилиши ҳам дастлабки тергов органлари томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

    Шунингдек, Президентимизнинг Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ваколатини Сенатга юклашни таклиф қилиши замирида ҳам катта маъно бор. Зеро, Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент ваколатларини назоратининг мустақил объектига айланади.

    Яхши биламиз, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентимиз Конституцияга ўзгартириш киритиш ваколатига эга. Бироқ, чин дилдан эътироф этиш жоиз, ягона манбаи ва муаллифи – халқимиз бўлган Асосий қонунимиз том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси бўлиб қолади. Шу сабабли ҳам Президент Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди. Бу қарорни “Адолат” СДП фаоллари ҳам чин дилдан қўллаб-қувватлайди.

    Таъкидлаш жоизки, учрашувда кўтарилган барча масалалар, шу жумладан, таълим-тарбия, илм-фан, тиббиёт, ижтимоий давлат ва сиёсат масалалари жуда ҳам чуқур ва теран ўрганилганлиги боис, давлатимиз раҳбари томонидан берилган таклифлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Маълумки, “Адолат” социал-демократик партиясининг бош шиори “Адолатлилик, тенглик ва бирдамлик”дир. Президентимизнинг ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳақида билдирган фикрлари 130 дан ортиқ миллат вакиллари яшайдиган Ўзбекистон учун жуда муҳим ва бу даъватлар биз учун чақириқ бўлиб қолади. Биз мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар доим давлат раҳбарига камарбаста бўлиб, бир мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлашамиз.

    Хулоса ўрнида айтганда, учрашувда янграган фикрлар, давлат ва фуқаро ўртасидаги демократик, марказида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари турадиган фундаментал муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган таклиф ҳамда ғоялар ҳали кўп ўрганилади, халқимиз, кенг жамоатчилик ва етук мутахассислар томонидан хулосалар билдирилади, албатта.

    Зеро, конституциявий ислоҳотлар натижасида ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши жуда муҳим.

    Баҳром Абдуҳалимов,

    “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates