Кўп қаватли уйлар бошқаруви тубдан қайта ислоҳ этилади

    Шу билан бирга мавжуд бошқарув компанияларининг иш фаолиятини яхшилаш, бизнесга йўналтириш борасида ҳам хориж тажрибаси татбиқ этилади. Унда мазкур бошқарув компаниялари ўз ҳудудида бириктирилган барча иншоотларни балансига ўтказиши ҳамда зарур сервис хизматларини янада ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши белгиланган. Айни пайтда бу борада тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш ва қонунчиликка тегишли ўзгаришларни киритиш мўлжалланмоқда.

    Президентимиз куни кеча кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди. Тақдимотда давлатимиз раҳбари бу хизматларни янада ривожлантириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уйлар бошқарув тизимини хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда ислоҳ қилиш, соҳа ходимларини шу асосда ўқитишни ягона ва яхлит бир тизимга олиб келиш бўйича топшириқлар берди.

    Айни шу мақсадда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирокида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш” мавзусида пресс турд ташкил этилди. Унда соҳани ислоҳ қилиш, мавжуд муаммоларга ечим сифатида таклиф этилаётган янгиликлар борасида атрофлича маълумот берилди. Шу билан бирга кўп қаватли уй-жойларга муносиб хизмат кўрсатилиши борасида аҳоли томонидан ҳақли эътирозлар билдирилаётгани таъкидлаб ўтилди.

    Соҳада амалга оширилаётган янгилик ва ислоҳотлар Юнусобод тумани 13-14 мавзеидаги “Феникс Арт Сервис” бошқарув компанияси фаолияти мисолида атрофлича тушунтириб берилди.

    Мамлакатимиздаги кўп қаватли уйлар сони ва уларга хизмат кўрсатиш ҳолати

    Айни пайтда республикамизда 1 миллион 300 минг хонадондан иборат 37 минг 402 та кўп қаватли уй мавжуд. Улардан 25 минг 611 тасига 4 минг 430 та ширкат, 8 953 тасига 247 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилади. Қолган 2 минг 838 таси ёки жами уйларнинг 8 фоизи бошқарувга эга эмас. Улар асосан эски, 2 қаватли, жудаям таъмирталаб уйлар.

    Ўтказилган таҳлиллар натижасида, 4 430 та ширкатлардан 1 351 тасининг молиявий ҳолати яхши, 1 903 тасиники ўрта ва 1 176 та ширкатники оғир ҳолатда экани аниқланди.

    Яхши тоифа – кредитларини ўз вақтида тўлаётган, маблағининг қолган қисмига электр-энергия тўлови ва атрофни тозалаш-ободонлаштириш ишларини амалга ошира олаётган ширкатлар. Аслида, улар аҳолига талаб даражасида хизматлар кўрсата олмаса ҳам, кредитларини ўз вақтида тўлаётгани учун яхши тоифага киритганмиз.

    Ўрта тоифа – кредитини базўр тўлаётган, электр-энергия тўловини ҳам қилиб, лекин аҳолига ҳеч қандай хизмат кўрсата олмаётган ширкатлар. Шунинг учун ҳам улар бугунги кунда ўрта тоифага киритилган. Чунки улар қарздорликка кириб қолмаяпти.

    Оғир тоифа – умуман кредит тўлай олмаётган, ҳеч нарса қила олмаётган, қарзга ботаётган ширкатлар саналади.

    Ҳозирда ширкатларнинг 1,4 триллион сўм қарздорлиги мавжуд. Жумладан, 504 миллиард сўм 1991 йилгача қурилган, 73,4 миллиард сўм 1991 йилдан 2016 йилгача қурилган уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатларнинг қарздорлиги бор. Аҳолининг дебиторлик қарздорлиги эса 192,7 миллиард сўмни ташкил қилади. Республика миқёсида бу жуда ҳам катта маблағ. Айнан шунинг ҳисобига ширкатлар ва бошқарув компаниялари ривожланишида оқсоқликлар мавжуд.

    Мазкур муаммоларга ечим топиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган масаллар юзасида Президентимизга қилган тақдимотимизда бу борада бошқарув компанияларига преференциялар бериш, улар фаолиятини замон талабига мослаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган масалалар, муаммолар ўртага ташланди.

    Уй-жой бошқарувидаги асосий муаммолар

    Асосий муаммолардан бири – ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги. Ширкатлар аҳолидан олган пулини қаерга ишлатаётганини уларга кўрсатиб бера олмаётгани, жойлардаги уй-жой коммуникацияларининг 50-60 фоизи айни пайтда яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳам шу муаммоларнинг олд қаторида. Буларга ҳам ечим топишимиз зарур.

    Ачинарлиси, кўп қаватли уйларда яшайдиган аксарият аҳолида умумий мулкка дахлдорлик ҳисси йўқ. Шу сабабли фуқаролар томонидан ноқонуний қурилмалар қурилиб, улар атрофини эгаллаб олиш ҳолатлари кўпаймоқда.

    Буни биргина Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида яшайдиган фуқаролар олд ҳовлини ўзи хоҳлагандек, ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан ўраб олган. Ҳозирги кунда бизнинг инспекциямизнинг ваколати фақатгина огоҳлантириш бўлгани боис, таъсирчан чоралар кўра олмаяпти. Бу борадаги тизимли ишларни амалга оширадиган таклифларни ҳам ишлаб чиқдик.

    Таъкидлаш жоизки, биз ўтган давр мобайнида бу борада дунё тажрибасини ўргандик. Хусусан, Туркия давлатидан мутахассислар таклиф қилинди. Бугун бу мутахассислар ёрдамида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бошқарув компаниялари фаолиятини самарали ташкил этиш, мавзелар ичида турли хизматларни йўлга қўйиш ва соҳа ишчи-хизматчиларини ўқитиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

    Айни пайтда юртимизда қурилаётган кўп қаватли уй-жойларни икки йил муддатга сервис хизмат кўрсатиши учун бевосита ўша қурилиш компаниясига бериш таклифини олдинга сураяпмиз. Бу бизга қурилаётган уй-жойларнинг сифатли топширилишини кафолатлайди.

    Талаб, тавсия ва таклиф

    Эндиликда, кўп қаватли уйларни қурганда унинг бошқаруви ўша қурувчи компаниянинг тасарруфида қолади. Туркияда шундай қонун бор экан. Қурувчи лойиҳалашдан тортиб, уйнинг эксплуатацияси қандай бўлишигача қайғуради. Бизда одамлар уйни сотиб олаётганда унинг коммунал тўловлари қанақа бўлади, деб сўраб кўрмайди. Чет давлатда уйни олаётганда бунинг ҳаммаси ҳисобга олинади. Қурувчи ҳам уларни огоҳлантиради. Шартномавий муносабатларда йўриқнома ва шу кабиларнинг ҳаммаси аниқ кўрсатилади.

    Бундан ташқари, бошқарув компанияси турли сервис хизматларини ҳам тақдим этади. Компания томонидан маълум ҳудуд танлаб олинади, ҳудуддаги мавжуд уй, боғча, мактаб ёки бирор бир корхона учун индивидуал хизмат кўрсатилади. Барча муассасалар учун шартнома алоҳида тузилади. Ана шу ҳудуддаги барча коммуникация тармоқлари компания тизимида бўлади. Коммуникация тармоқларининг ташкилотлари ҳам бунинг ичидаги амортизация харажатларини қоплаб беради.

    Буни замонавий йўналишда тизимга жорий этиш таклифини ҳам ишлаб чиқдик. Бу мажбурий бадал тўловининг ошиб кетмаслиги ва шу билан бирга барча тармоқлар янгиланиб, сифатли ишлаши учун замин яратади. Қўриқлаш хизмати, видеокузатув, маиший чиқиндиларни саралаш каби хизматлар аҳолининг хоҳишига қараб амалга оширилади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, чет эл тажрибасига кўра бошқарув компаниялари чиқиндиларни саралаган аҳолига қўшимча маблағ тўлаб беради. Агар компаниялар мана шундай тизимда фаолият олиб борса, ҳар томонлама яхши ўзгаришлар бўлади. Лекин, бунинг учун бошқарув компаниялари, аввало, ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш лозим. Бу бўйича Президентимиз аниқ топшириқ бериб, ўқитиш ишларини бошқарув компанияларининг ўзи ташкиллаштирса, ходимларнинг амалиёт билан биргаликда билим ва кўникма олишлари осонроқ бўлади, деб таъкидлади. Дарҳақиқат, бошқарув компаниялари ўз ходимларининг сифатли таълим олишидан фақатгина манфаатдор бўлади.

    Кейинги муҳим жиҳат, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқ. Бунинг учун бошқарув компанияларининг электрон рейтинг реестерини юритишимиз лозим. Рейтинг юритиш учун эса даставвал уларни яратиш керак бўлади. Бунда ҳар бир уй учун алоҳида ҳисоб рақами очилади, хизмат кўрсатиш ҳудуди аниқ белгиланади ва бошқарув компаниялари томонидан мулкдорларга ҳисобот бериш тартиби такомиллаштирилади. Шунингдек, электрон рақамли дастур тузилади, харажатлар бўйича маълумот бериш мақсадида смс хабарнома тизими йўлга қўйилади. Смартфон ёки планшетдаги махсус дастур орқали аҳоли ўзининг харажатлар сметаси билан танишиш имконияти яратилади.

    Коммуникация тармоқларини янгилаш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Бундай бошқарув компанияларини фақатгина Тошкент шаҳрида эмас, балки, республиканинг барча вилоятларида эксперимент тарзда кўриб чиқиш бўйича ҳам таклиф ишлаб чиқилди. Чирчиқ, Ангрен ва вилоятлардаги шаҳарларнинг 90, 100, 200 та уйни эгаллаган бошқарув компанияларига бу преференцияларни тақдим қилиш орқали уларни ер, мулк солиғидан озод қилиш ва бунинг асносида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича эксперимент тарзда кўрсатдик.

    Президентимиз республикамизда оғир ҳолатдаги объектлар кўплиги, уларни ҳам назоратга олиш ва ушбу тизимга киритиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун ҳам давлат қўшимча маблағ ажратадиган бўлди. Афсуски, 30 йил мобайнида эмас, ҳаттоки қурилганидан бери эътибор қаратилмаган уйлар мавжуд. Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ушбу уйларнинг барчаси ҳисобга олинади ва яхшилаш бўйича давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар жамланиб, Молия вазирлиги билан биргаликда қайта ўрганилади.

    Шерзод ҲИДОЯТОВ,

    уй-жой коммунал хизмат

    кўрсатиш вазири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates