Коронавирус тўлиқ янги куч билан қайтмоқда...ми?

    ИСМИ мутахассиси: Европа Иттифоқи коронавируснинг янги тўлқинига қарши курашишни бошлади.

    Европа мамлакатларида қаттиқ карантин чоралари бекор қилинганидан кейин яна коронавирус юқтирганлар сони кўпаймоқда, дея хабар беради «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (ISMI) маълумотларига таяниб.

    ISMI бош илмий ходими Шариф Аҳмедов таъкидлаганидек, ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу ҳолат глобал тенденцияга тўлиқ мос келади.

    Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги 6 ҳафта ичида дунёда инфекция юқтирганлар сони икки бараварга кўпайди ва кунига коронавирус билан зарарланганлар сони бутун пандемия учун максимал кўрсаткичларга етди. Яъни 290 мингта одам COVID-19 га чалинди. Ушбу фонда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, қитъанинг баъзи ҳудудларида «пандемиянинг иккинчи тўлқини» аломатлари мавжуд.

    Етакчи янгиликлар агентликлари хабар беришича, шу пайтгача коронавирусни назорат остида сақлаб келган барча Европа мамлакатларида касалликларнинг кўпайиши кузатилган. Германияда ушбу касаллик ҳолатлари кунига ўртача 560 тага етди. Германия соғлиқни сақлаш идоралари таъкидлашича, юқумли касалликлар энди алоҳида ҳолатлар билан чекланиб қолмай, бутун мамлакат бўйлаб тарқалмоқда.

    Шунга ўхшаш манзара Испанияда ҳам пайдо бўлди, у ерда ўтган ҳафта янги кундалик ҳолатлар сони деярли 2600тага етган. Каталония раҳбари КимТорранинг айтишича, минтақадаги вазият ўта муҳим бўлиб қолмоқда.

    Францийада эса касалликнинг 500 фаол «кластерлар»и мавжуд. Ҳар куни янги касалликларнинг сони доимий равишда ўсиб бормоқда. Бугунги кунда 1392 тага етди.

    Бельгияда ўтган ҳафтада 952 та янги ҳолат қайд этилди. Бу олдинги ҳафтага нисбатан 70 фоизга кўп.

    Европада касалликларнинг кўпайиши кўпроқ Руминияда кузатилган бўлиб, ўтган ҳафта давомида ҳар куни 1100 дан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилган.

    Германиянинг Merkur янгиликлар сайтига кўра, «коронавирус тўлиқ янги куч билан қайтмоқда.»

    Американинг The Washington Post нашрига кўра, қаттиқ чекловлар олиб ташланганидан ва чегаралар очилганидан кейин Европа Иттифоқида касалликларнинг кескин кўпайиши кузатилган.

    Мутахассислар эътирофига кўра, чекловлар юмшатилгач, одамларда барқарорлик ва хотиржамлик туйғуларининг жонланиши эски турмуш тарзини қайтариб берган.

    Германиянинг Deutsche Welle нашрига кўра, вирусологлар карантин чораларини бекор қилиш муқаррар равишда инфекциянинг кўпайишига олиб келиши билан огоҳлантирмоқдалар. Ва пандемияни енгиш одамларнинг карантин қоидаларига риоя қилишларига боғлиқ. Бироқ бу шарт тўлиқ бажарилмади. Европа янгиликлари агентликларининг хабарларига кўра, Брюссел кўчаларида ниқоблар камдан-кам ҳолларда тақилмоқда. Берлиндаги оммавий тантаналар, Испаниядаги тунги клублар ва одамлар билан гавжум пляжлар, Болгария ва Сербиядаги оммавий норозилик намойишлари пандемиянинг янада кучайишига сабаб бўлди.

    Араб миллий статистикаси Испания ва Италияда янги очилган бар ва ресторанларда инфекцияни юқтирган 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар инфекциянинг янги манбаи бўлишганини таъкидламоқда.

    Шу муносабатлар билан Европа мамлакатлари ҳукуматлари аввалги чекловларни қўллашмоқда. Шунингдек, туризм келажакда пандемия авж олишига ҳисса қўшиши мумкинлигини ҳисобга олиб бир қатор мамлакатлар (Буюк Британия, Германия, Италия, Австрия) ҳукуматлари хавф юқори бўлган ҳудудлардан келганлар учун 10 кундан 14 кунгача мажбурий карантин жорий этишди.

    Ал-Жазира хабарига кўра, Италия ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини жорий йилнинг 15 октябрига қадар узайтирди. Руминияда ҳукумат юқумли касалликларга чалинган одамларни шифохоналарда ёки уйларида 48 соат давомида изоляция қилиш, шунингдек, инфекциянинг тарқалишини ҳар қандай ҳолатда олдини олишга имкон берувчи қонун қабул қилди.
    Умуман олганда, Европадаги эпидемиологик вазият ёмонлашмоқда. Шу боис Европа мамлакатларининг ҳокимияти ва соғлиқни сақлаш идоралари коронавирусга қарши курашиш учун янги ва самарали усулларни излашмоқда.

    - Европа тажрибаси шуни кўрсатадики, коронавирусга қарши вакцина йўқ бўлган ҳозирги шароитда касалликка қарши самарали курашиш нафақат даволашнинг янги усулларига, балки жамиятдаги ҳар бир инсоннинг карантин қоидаларига нисбатан масъулиятли муносабатига ҳам боғлиқдир, - дейди ISMI эксперти Шариф Аҳмедов.