Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади

    Мамлакатимизда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2020 йил 31 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

    Унга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар тегишли тартибда рағбатлантирилади.

    Мазкур ҳужжатда белгилан вазифалар ижросини изчил амалга ошириш ҳамда ҳужжат мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доцент в.б, ю.ф.ф.д.(PhD) Қундуз РОЗИМОВАга мурожаат қилдик.

    – Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар кимлар?

    – Бундай шахслар гуруҳига фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчилари киради.

    – Коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашиш деганда нима назарда тутилади?

    – Тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш.

    – Қайси органлар коррупцияга қарши курашувчи орган сифатида иш олиб боради?

    – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

    – Рағбатлантириш бўйича Низом талаблари кимларга нисбатан татбиқ этилмайди?

    Мансабдор шахслар, шу жумладан, тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахслар, қонун ҳужжатларига мувофиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бевосита содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

    – Рағбатлантириш қандай шаклларда белгиланади?

    – Бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклларида белгиланиб, шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

    фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

    нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси ўзига нисбатан пора беришни таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга (коррупцияга қарши курашувчи органларнинг ходимлари эса бевосита ўз раҳбарига) берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

    коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

    – Рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш тартиби қандай?

    – Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноят ишлари юзасидан суднинг айблов ҳукми ёки қарори қонуний кучга кирганда, шахснинг айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор прокурор томонидан тасдиқланганда ёки суднинг ажрими қонуний кучга кирганда, қидирувдаги шахсга нисбатан қидирувнинг бекор қилинганлиги тўғрисида прокурорнинг, суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажрими қабул қилингандан сўнг шахсга нисбатан рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади.

    – Хўш, ушбу рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар кимни ҳисобидан амалга оширилади?

    – Айнан Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.