Кучлилар Термизда аниқланди

    Термиз туманида мамлакат кубоги мусобақаси ўтказилди.

    Термиз тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида бел олиш ва уч кураш бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ҳамда катталар ўртасида мамлакат кубоги мусобақаси ўтказилди.

    Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Бел олиш ва уч кураш ассоциациясининг йиллик-тақвимидан ўрин олган мазкур беллашувларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 500 нафардан ортиқ полвон ғолиблик учун кураш гиламига тушишди.

    Мусобақада спортчилар ўз вазн тоифаларига кўра бел олиш ва уч курашнинг йўналишлари бўйича муросасиз баҳс олиб боришди. Якуний натижаларга кўра, ўсмирлар ўртасида Абдуҳаким Мўйдинов, Маъруфжон Болтабоев, Илёсбек Аҳмаджонов, Абдуҳаким Маҳмудов, катталар ўртасида Сарвар Мирзаев, Дилмурод Жўраев, Сайфиддин Яхшибоев сингари полвонлар барча рақибларини енгиб, олтин медалларга эга бўлишди.

    Мусобақа якунига етгач, ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.