Кушон хазинаси қандай топилган?

    Ватанимиз ҳудудида минг йиллар давомида ўнлаб сулолалар, юзлаб шоҳу султонлар ҳукмронлик қилди. Ана шундай қудратли давлатлардан бири эрамизнинг I-IV асрларида ҳукмронлик қилган Кушон подшоҳлиги эди.

    Ушбу салтанат ҳудудида ўз даврида 60 миллион киши, аниқроғи ўша пайтда Ер шари аҳолисининг 20 фоизига яқини истиқомат қилган. 400 йил ҳукм сурган Кушон давлатида савло-сотиқ, ҳунармандчилик, архитектура ва маданият гуллаб-яшнаган. Мамлакат халқи турли тилларда гаплашган, турли динларга эътиқод қилган, буддавийлик, зардўштийлик ва ҳинд ибодатхоналари қад ростлаган.

    Кушонлар ким эди?

    Искандар Мақдуний салтанатининг вориси ўлароқ юзага келган Юнон-Бақтрия давлати инқирозга юз тутган бир пайтда Шарқдан юечжилар аталмиш қавм кириб келади ва унинг етакчилари минтақада бошқарувни қўлга олишади.

    Баъзи манбаларда юечжиларнинг Гарай исмли саркардаси ушбу давлатга асос солгани айтилса, бошқа маълумотларга кўра, милодий 20-йилда Гуйшуан қабиласи етакчси Кудзула Кадфиз бешта йирик қабилани бирлаштириб, тахтга ўтириши билан Кушон салтанатига асос солинган.

    Кушонларнинг келиб чиқиши, тили ҳақида ҳозир ҳам турли фикрлар мавжуд. Кўпгина олимлар уларнинг тили шарқий-ероний тиллар гуруҳига мансуб бўлган, деган фикрда. Шунингдек, улар туркларнинг қадимий аждодлари эканлиги ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Чунки, Кудзула Кадфиз шоҳлар-шоҳи – «ябғу» унвонига сазовор бўлган. Бу Шарқий турк ҳоқонларининиг ҳам унвони саналган. Маҳмуд Кошғарийнинг ”Девону луғотит-турк” асарида изоҳланган туркий «ябғу» атамаси Кушон тангаларида ҳам учрайди. Бу муҳим далил Кушонлар асосан туркий халқлар бирлашмасидан иборат бўлгани эҳтимолини юзага чиқаради.

    Кушонлар ҳудуди

    Кушон шоҳи кейинчалик қўшни ҳудудларга юриш уюштириб, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмини забт этади, Амударё бўйлари, Кобул, Қандахор, Парфия, Афғонистон ва Кашмирни қўлга киритади. Шу тариқа Кушон сулоласи даврида Ўзбекистон давлатчилиги тарихида илк йирик империя даражасига кўтарилади.

    Кудзула Кадфиздан кейин тахтга ўтирган Вима Кадфиз ҳукмронлиги даврида Кушон салтанати то шимолий-ғарбий Ҳиндистонга қадар бўлган ҳудуддарни эгаллади. Тез орада Бақтриядан Ҳиндистон яриморолигача бўлган ҳудудда қудратли давлат юзага келади. Вима Кадфиз шаънига Ҳиндистоннинг Матҳур шаҳрида тош ҳайкал қад кўтаради.

    Афсуски, тўрт аср давом этган Кушон давлати ҳақидаги ёзма манбалар жуда оз. Бу давлат ҳақида хитой, арман, форс манбаларидан олинган айрим маълумотлар, шунингдек қадимий битиклар, археологик топилмалар, ҳайкаллар, тангалардаги битиклар муайян тасаввур беради, холос.

    Диний бағрикенглик ифодаси

    Кушон давлати, хусусан Сурхондарё ҳудудидан топилган топилмалар бу ерда бир қатор диний эътиқодлар мавжуд бўлганини кўрсатади.

    Маълумки, Кушон давлати қарор топа бошлаган пайтда мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида зардўштийлик тарқалган эди. Кушон ҳукмдори Канишка даврига келиб, бутун мамлакат ҳудудида буддавийлик давлат дини сифатида ўрнатилади. Бу ерларга диний ақидалар билан бирга буддавийлар санъати кириб келади. Шу даврларда Термиз ва унинг девори атрофида буддавийлар ибодатхоналари, хонақохлари ва бошқа иншоотлар қурилади. Термиз буддавийликнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига айланади.

    Шунга қарамай, мамлакат ҳудудида ҳар ким ўзи истаган динга эътиқод қилгани кўриниб турибди. Чунки бу ҳудудлардан Будда ибодатхоналари қолдиқлари, буддавий ҳайкаллар билан бирга зардўштийлар дахмалари, науслар ҳам топилган.

    1993 йилда Афғонистон ҳудудидаги Работак манзилгоҳидан топилган, Канишка 1 (78-123) ҳукмронлиги даврида яратилган битиктошда зардўштийлик ва ҳинд худолари номи ёнма-ён тилга олинади. Бу мисолларнинг барчаси икки минг йил аввал ҳам юртимиз ҳудудида диний бағрикенглик сиёсати юритилганини кўрсатади.

    Дунё устунларидан бири

    Кушон салтанати монархияга асосланган бўлиб, давлат бошлиғи – подшоҳ жуда катта мавқе ва ваколатга эга бўлган. У олий коҳин ҳисобланиб, подшоҳ ҳузуридаги оқсоқоллар кенгаши маслаҳат берувчи орган сифатида фаолият юритган. Оқсоқоллар кенгашида подшоҳнинг яқин қариндошлари, ишончли кишилари ва уруғ бошлиқлари иштирок эца-да, шахсан унинг ўзи қонун ва фармонларни мустақил қабул қилган.

    Кушон давлати ҳудудининг кенгайиб, сиёсий-ҳарбий салоҳиятининг ўсиб бориши билан бирга тангаларда «шоҳ», «шаҳаншоҳ» атамаси кўп учрайди. Бундай ўзгаришлар давлатнинг ҳарбий қудрати кўпчилик мамлакатлар томонидан тан олинганини билдиради. Бир қатор тарихий манбаларда Кушон салтанати дунё устунларидан бири сифатида эътироф этилади.

    Вима Кадфиз ҳукмронлиги даврида савдо-сотиқ монополиясини кенг йўлга қўйиш ниятида пул ислоҳоти ўтказилган. Олтин тангалар зарб этиб, ташқи савдо ишларини йўлга қўяди. Савдода жорий этилган олтин тангаларнинг оғирлиги 8 граммни ташкил этиб, Рим тангаларининг оғирлигига тенг келар эди.

    Археологик тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, Кушон давлатида хусусан, Канишка ҳукмронлиги даврида, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар анча равнақ топган. Бу даврда Ўрта Осиёнинг деярли барча ҳудудларида суғорма деҳқончилик билан бирга чорвачилик ҳам ривожланган. Хоразмда, Зарафшонда кўплаб суғориш иншоотлари қурилган. Ўша даврда дунёнинг илғор мамлакатлари ҳисобланмиш Рим, Парфия ва Хитой билан тенгҳуқуқли савдо муносабатлари йўлга қўйилган. Канишка И ҳукмронлиги даврида Кашмир вилояти ҳудудида Канишкапур шаҳри қад ростлаган.

    Кушон олтинларининг қайтиши

    Кушон давлати чиндан ҳам жуда бой, қудратли эди. Шу боис, уларнинг хазиналари турли мамлакатларни, сулолаларни қизиқтириб келди. Албатта, турли урушлар, истилолалар пайтида уларнинг катта қисми талон-тарпож қилинган.

    1972 йилда Далварзинтепа ҳудуди ўзбек олимлари, тадқиқотчилари ва талабалардан иборат экспедисия Термизга юборилади. Улар орасида Б.Турғунов, Г. Пугаченкова, Э.Ртвеладзе сингари таниқли археолог ва тарихчилар бор эди.

    Ўша йилнинг 25 сентябръ куни ўзбек археологлари мамлакатимиз ҳудудидан топилган биринчи энг йирик хазинани қўлга киритишади. Асрлар орасида тупроқ қатларида ётган сопол кўза ичидан умумий вазни 36 килограмдан ортадиган 115 дона тилла буюм топилади.

    “Аср топилмаси” турли шаклдаги қуйма ёмбилар, гардиш буюмлар, эркак ва аёлларнинг тақинчоқларидан иборат эди. Юнон-Бақтрия заргарлик санъатининг намунаси – олтин пекторалнинг ўртасида афсонавий шер бошини ушлаб турган Гераклнинг бўртма расми туширилган. Санъаткорона ишланган қуббали узукнинг марказида номаълум йиртқич ҳайвон тасвири мужассам. Унинг четига қимматбаҳо тошлар қадалган. Текширувлар натижасида бу хазина Кушон салтанати даврига тегишли экани ойдинлашди.

    Бу бебаҳо хазинани қўлган қилган археологлар Б.Турғунов ва Э.Ртвеладзе 36 килограмм соф олтиндан ясалган қадимий хазинани ҳеч қандай қўриқчиларсиз қўшни Тожикистон орқали Душанбега олиб ўтишади ва у ердан самолётда Тошкентга учишади. Шу тариқа Кушон хазинаси халқимиз мулкига айланади.

    Айни пайтда «Далварзин хазинаси»номини олган бу нодир топилмалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қимматбаҳо маъданлар агентлигида сақланади.

    2019 йилнинг август ойида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан «Ўзбекистон – буюк йўллар ва сивилизасиялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» мерос ҳафталиги доирасида «Далварзин хазинаси» кўргазмаси ўтказилган эди...

    Рустам Жабборов

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates