Лондон фонд биржасида навбатдаги халқаро облигациялар жойлаштирилди

    Уларнинг иккиламчи бозордаги савдоси бугун Лондон вақти билан 08:00 дан барқарор котировкалар билан бошланди.

    Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги халқаро облигациялари икки траншда – 635 миллион АҚШ доллари миқдорида 3,9 фоиз купон билан 10 йил муддатга ва 2,5 триллион сўм миқдорида 14 фоиз купон билан 3 йил муддатга чиқарилди ҳамда Молия вазирлиги томонидан Лондон фонд биржасида жойлаштирилди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар қилди.

    Мазкур халқаро облигациялардан тушган маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш ва Давлат бюджети дефицитини қоплаш учун йўналтирилади. “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда жорий йилда Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун 2,2 миллиард доллар миқдорида давлат қарзи жалб қилиниши кўзда тутилган.Мазкур суверен халқаро облигацияларини чиқариш мақсадида жорий йилнинг 8-9 июль кунлари ташкил этилган “роуд-шоу” тадбирлари доирасида:

    АҚШ, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Швейцария, Дания, Сингапур ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларнинг 50 га яқин халқаро инвесторлари иштирокида аудиоконференция (Global Investor Call) бўлиб ўтди;

    27 та йирик халқаро инвесторлар, шу жумладан, “Franklin Templeton”, “Payden and Rygel”, “Lazard”, “Wellington”, “Meag”, “BlackRock”, “Marathon”, “Fidelity” ва “Bluebay” вакиллари билан яккама-якка форматида учрашувлар ўтказилди.

    Халқаро инвесторларнинг макроиқтисодий вазият, солиқ- бюджет сиёсати ва давлат қарзи динамикаси, пул-кредит сиёсати ва инфляцион таргетлаш режими, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва яшил иқтисодиёт бўйича режалар, институционал ислоҳотлар билан боғлиқ бир қатор саволларига жавоб берилди.

    Жорий йилнинг 12 июль куни банк-андеррайтерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси халқаро облигацияларининг дастлабки фоиз ставкалари АҚШ долларида 10 йиллик муддат учун 4,25-4,375 фоиз ва ўзбек сўмида 3 йиллик муддат учун 14,5 фоиз атрофида белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:30да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди.

    Буюртмалар ҳажми 3 соат ичида доллар ва сўмдаги облигациялар учун, мос равишда, қарийб 1 миллиард доллар ва 2,0 триллион сўмни ташкил этди.

    Қайд этиш лозимки, миллий валютадаги халқаро облигациялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш учун ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси БРМ облигациялари дастури доирасида чиқарилди.

    Жойлаштирилган халқаро облигацияларнинг иккиламчи бозордаги савдоси бугун Лондон вақти билан 08:00 дан барқарор котировкалар билан бошланди.

    Молия вазирлиги халқаро облигацияларнинг иккиламчи бозордаги савдоси котировкалари бўйича мунтазам ахборот беришни давом эттиради.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates