Маҳалла фаровонлигига бахшида умр

    Ўз касби ривожига бор меҳрини бахшида этганлар, ўзи туғилиб ўсган маҳалла фаровонлигига ҳисса қўшаётганлар ҳақида доим гапиргинг, ёзгинг келади.

    Когон шаҳри Арабхона МФЙда узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган Юнус Хайруллаев ҳам ана шундай инсонлардан.

    У кишини 1992, яъни ўрта мактабни тугатганимдан буён яхши танийман. 60 ёшдан ошган қаҳрамонимиз 11 нафар фарзанднинг учинчиси бўлган. Оталари — Равшан бобо Хайруллаев зиёли инсон бўлиб, бир неча йил ўқитувчи бўлиб ишлаганлар. Шу боис 11 нафар фарзандни ҳам олий маълумотли ва касб-ҳунарли бўлишига катта эътибор қаратган. Интилувчан ва меҳнаткаш бўлганидан техникумда ўқиш билан бир қаторда хусусий корхонада ҳам ишлади. Вақтни зое кеткизгиси келмасди. Қолаверса, ишлаб, даромад кўрса ота-онасига ёрдам бўлишини ўйлар эди.

    1979 йилда Юнус акани ҳарбий хизматга чақиришди. У киши икки йиллик ҳарбий хизматни уруш ўчоғи бўлган Афғонистонда ўтади. Ўша кезлари ёши катта инсонлар урушда бўлган одам билан суҳбатга киришсанг, унга урушни эслатма, деб уқтирарди. Шу боис Юнус акага афғон уруши ҳақида ҳеч қандай савол бермадим. Қаҳрамонимиз хизматдан, уруш ўчоғидан эсон омон қайтиб, шаҳар савдо марказида ишчи 1982-1992 йиллардаги шу маҳалладаги ҳунар техника билим юртида ишлаб чиқариш устаси, 1992-1993 йилларда ушбу касб-ҳунар билим юрти директорининг хўжалик бўлими бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритган.

    Республикамизда маҳалла тизими йўлга қўйилгач, Когон шаҳар 1-сонли Арабхона МФЙ раиси номзодлигига маҳалла фуқаролари 30 ёшли Юнус акани тавсия этиб, уни қўллаб-қувватлашди. 1993 йилдан 2008 йилгача МФЙ раиси лавозимида фаолият юритди. Бу инсонда фидойилик, жонкуярлик фазилатлари бор экан маҳалла аҳолиси унинг номзодини қўллаб қувватлади. Маҳалла аҳли билан ишлаш, ҳар бир кишига кўнглидагидек муомала қилиш, дарду ҳасратига қулоқ тутиб, муаммолари ечимини топишда кўмаклашиш улкан машаққат ва масъулиятдир. Мана шундай мушкул ишни уддалагани боис ҳам маҳалла аҳлининг у кишига меҳри бўлакча эди. Юнус ака Хайруллаев 1990 йилдан 2014 йилга қадар Когон шаҳри депутати сифатида ҳам фаолият юритган.

    Юнус акани кўп йиллардан буён биламан, у киши ҳамма билан айниқса фуқаролар билан мулоқотда вазмин босиқлик билан муомала қилади. Ҳар бир инсон шундай бўлиши шарт деб ўйлайман, айниқса, маҳалла раислари ва маҳалла ходимлари.

    Юнус ака 2015 йилдан 2019 йилга қадар турли жойларда ишлади. 2019 йил май ойида МФЙда сайлов жараёнлари бошланди. Буни қарангки, фуқароларнинг ўзлари Юнус акани ҳузурига келиб, биз сизни номзодини қўямиз, халқ талабини рад этишга маънан ҳаққингиз йўқ деган талаб қўйишди. Кўпчиликнинг овози билан Арабхона МФЙ раис этиб сайланди. Бугунги кунда ушбу маҳаллада дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашда Юнус ака Хайруллаевнинг хизматлари катта. Ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг муаммосини ва мақсад, хамда таклифларини ўрганиб, ўз ваколати доирасида кўмаклашишни бурчи деб билади.

    Кўплаб фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда йўл-йўриқ кўрсатиб, бандлигини таъминлашга кўмаклашди. Маҳаллада гўзаллик салони, савдо дўкони, овқатланиш шохобчаси, дорихона, тикув цехи ташкил этилишида ўз ҳиссасини қўшди. У кишининг жонкуярлиги, айниқса, пандемия даврида яна бир бор ўз исботини топган эди.

    Қаҳрамонимиз Юнус акага 60 ёшни қаршиладингиз энди, курсини ёшларга топшириб, нафақага чиқсангиз бўлар деб айтганимда, суҳбатдошим «Тошпўлатжон, ҳозир ишлар қизғин. Ижобий ўзгаришлар кўп уларни амалга оширишда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишим керак», деди. Юнус ака айтганидек, ижобий ўзгаришлар кўп бўлди. хусусан, кўп қаватли уйлар ва МТТ биноси мукаммал таъмирланиб, йўлларга асфальт ётқизилди, маҳалла кўчалари чирой очди.

    Фидойи инсонлар хар бир жамиятнинг нафақат илғор кишиси, балки миллатнинг ҳақиқий бойлиги деб ҳисоблайман. Юнус ака нафақага чиққач, қўшни маҳалланинг 50 дан зиёд фаоллари аканинг олдига келиб, ўша маҳаллага раис бўлишини илтимос қилади. Шу тарзда ўз номзодини сайловга қўйиб, кўпчиликнинг овози билан қўшни маҳаллага раис этиб сайланди. Биз эса у кишига сира чарчаманг, деймиз.

    Тошпўлат АШУРОВ,

    Когон шаҳри

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates