Маҳалла институт кўмагида “маданият ўчоғи”га айланади

    Мамлакатимизда 16 апрел 2021 1929

    Шу йил 13 апрель кунги Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселекторда давлатимиз раҳбари ҳар бир ўғил-қизга эътибор қаратиш зарурлиги хусусида куйинчаклик билан фикр юритиб, маҳаллаларда уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, ёшларга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

    Жиззах давлат педагогика институти ректори, профессор Шавкат Шарипов ташаббуси билан «Биз сиз билан доим биргамиз» шиори остида ўтказилган хайрия тадбири ана шу чақириққа жавоб тариқасида ташкил этилди.

    Зарбдор туманидаги «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 29-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган «Биз сиз билан доим биргамиз» хайрия тадбирида маҳаллада уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланганлар, хусусан, маҳалладаги «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уюшмаган ёшларни турли тўгаракларга жалб қилиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда кўмаклашиш, пировардида, ушбу маҳаллани «Маънавият маркази»га айлантириш каби эзгу ниятлар мақсад қилинган.

    Дастлаб институт профессор-ўқитувчилари, магистрларининг «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Маҳалла аҳолиси ўзларини қизиқтирган савол ва муаммолар хусусида мурожаат қилди.

    Гулсара Қаршиева маҳаллада уй боғчаси очган. Келини шу боғчада ёрдамчи бўлиб ишлайди. Онахон келинини олий маълумотли бўлишини истайди. Учрашувда онахон келинини шу олийгоҳда бепул тайёрлов курсларида ўқитиш истаги борлигини айтди.

    Гулсара Қаршиеванинг мурожаати ижобий ҳал бўлди. Шу билан бирга маҳалла аҳлининг фарзандларини бепул тайёрлов курсларида ўқитиш, компьютер саводхонлиги ва хорижий тиллар тўгаракларига қатнашиш борасидаги истак ва хоҳишлари ҳам ўша жойнинг ўзида ҳал қилинди.

    Уларнинг фарзандлари энди қизиқиш ва интилишларига қараб тайёрлов курсларида бепул ўқитилади.

    Зарбдор туманидаги 29-умумтаълим мактаби битирувчилари олий таълим муассасаларига кириш бўйича паст кўрсаткичга эга мактаблар сирасига киради. Охирги уч йилда ушбу мактаб битирувчиларидан бирор киши ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган.

    Шу боис ушбу мактаб Жиззах давлат педагогика институти ҳомийлигига олинган бўлиб, жорий йилда мактабни битираётган 47 нафар битирувчи ёшларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан бепул доимий дарс машғулотлари ҳамда тайёрлов курслари олиб борилмоқда. Бундан нафақат битирувчи ёшлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам мамнун.

    Маҳалла аҳолиси билан учрашув байрамона тус олди. Мактаб ҳовлисида миллий қадриятларимизни акс эттирувчи либослар, қадимий қўл меҳнати намуналари, шунингдек, иқтидорли ўқувчиларнинг санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди, институт бадиий жамоаси концерт дастурини намойиш этди.

    Уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш учун танланган намунали талабалар ўзларига бириктирилган тенгдошлари , «Ёшлар дафтари»га киритилган иқтидорли ўқувчиларга китоблар тўпламини совға қилишди. Шунингдек, маҳалладаги «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга ҳам хайрия совғалари топширилди.

    Тадбир сўнгида Ёшлик МФЙда истиқомат қилаётган 10 нафар имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга 10 турдаги озиқ –овқат маҳсулотларидан иборат хайрия-эҳсонлар тарқатилди.

    Гулчеҳра Шарипова,

    Жиззах давлат педагогика институти матбуот котиби

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates