Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- ёшлар муаммолари билан индивидуал ва манзилли ишлаш орқали ёшлар етакчилари фаолияти самарадорлигини ошириш;
- ёшларнинг касбий қизиқишларини барвақт аниқлаш орқали меҳнат бозорига рақобатбардош кадр сифатида кириб боришини таъминлаш.
Фармонга кўра, қуйидагилар маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:
- ёшларнинг ўзига бўлган ишончини ошириш, жамият учун фойдали лойиҳаларни маҳалла даражасида амалга ошириш;
- ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, “Беш ташаббус олимпиадаси”ни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини кучайтириш орқали бандлигига кўмаклашиш;
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга кўрсатиладиган ёрдамнинг ижтимоий ҳамкорлик тамойилига асосланишини таъминлаш.
Ушбу асосий вазифаларга боғлиқ бўлмаган бошқа вазифа ва топшириқларни ёшлар етакчилари зиммасига юклаш тақиқланади.









