Маҳаллий буғдой навларидан мўл ҳосил олинди

    Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти “Донли экинлар генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги” лабораториясида юмшоқ буғдойнинг маҳаллий “Паҳлавон”, “Бардош”, “Оқмарварид”, “Эъзоз”, “Илғор” навлари ва лалми майдонларда экиш учун мослашган “Қайроқтош” навлари яратилган.

    Ушбу навлар Тошкент, Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида истиқболли навлар сифатида турли уруғчилик фермер хўжаликлари майдонларида экилмоқда. Бу маҳаллий буғдой навлари эртапишар, сариқ ва қўнғир занг касалликларига чидамли, ҳосилдорлиги ўртача, сифати юқори эканлиги билан бошқа навлардан ажралиб туради.

    2022-йил ташқи муҳит омиллари (баҳорги кучли ёғингарчилик, дўл ёғиши ва кучли шамол), айниқса, буғдойнинг тўлиқ пишиш даври июнь ойларидаги ноқулай иқлим шароитлари сабабли буғдой экилган далаларнинг 30 фоиздан 90 фоизгача қисмида ўсимликларнинг ётиб қолиб, зарарланиш ҳолатлари кузатилди.

    Лекин шунга қарамасдан, Институт олимлари томонидан яратилган “Эъзоз” навидан Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари майдонларида 55 ц/га, “Паҳлавон” навидан Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 60 ц/га, “Оқ марварид” навидан Тошкент вилоятида 50 ц/га дан юқори ҳосил йиғиштириб олинди.