«Маҳаллий кадрларимизда «қутичадан чиқиб» фикрлаш етишмайди» — Шуҳрат Сатторов

    Кейинги авлод 15 апрел 2021 690

    14 апрел куни Халқ таълими вазирлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамкорлигида чет элда ўқиш учун бакалавриат, магистратура, докторантура йўналишларига грант ажратиш тартиби бўйича жамоатчилик учун онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

    Мулоқотда ўқитувчи, мактаб битирувчилари ва мавзуга қизиқувчилар жамғарма ҳисобидан грант ютиш ҳақидаги саволларига жавоб олишди.

    Мулоқотнинг 2-қисмида хорижда таҳсил олиб, Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Жумладан, вазирлик ҳузуридаги Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов Жанубий Кореянинг Ёнсе университети (Yonsei University) битирувчиси сифатида ушбу олийгоҳга ҳужжат топшириш талаблари ва хорижда таҳсил олишнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

    «Ёш кадрнинг чет эл олийгоҳида ўқигани, албатта, иш берувчиларни жалб қилади. Бу иш қидираётган кадрнинг жозибадорлигини янада оширади. Яъни у хорижда ўқиб бошқача фикрлар экан, деган қараш уйғонади. Мен раҳбарлик қилаётган Республика таълим марказида ҳам хорижнинг нуфузли олийгоҳларини тамомлаган мутахассислар бор ва уларнинг меҳнати биз учун қадрли.

    Ўзи умуман олганда, хорижда таҳсил олиш жуда муҳим, деб ўйлайман. Бу хулосага келганимнинг сабаби шундаки, иш берувчи сифатида кузатяпман: биздаги мутахассисларга «қутичадан чиқиб фикрлаш» (out of box), яъни танқидий ва ўзгача фикрлаш етишмаётган жиҳат бўлиб турибди. Тараққиёти юқори мамлакатларда таҳсил олиб келиш ўша ернинг кайфияти, яъни хорижликлар қилган ишни биз ҳам қилоламиз, деган шижоат уйғонишига сабаб бўлади.

    Менга нима учун ватанга қайтиб келдингиз, деб савол берилганда, у ерда қилинган муваффақиятли ишларни бу ерда ҳам қилоламиз ва мен шу мақсадда юртга қайтганман, деб жавоб бераман.

    Хориж университетига ўқишга топширишда кўпчилик ёшлар, ота-оналар дастлабки қадамни қандай босишни билишмайди ва шу нарса уларни тўхтатиб қолади. Жанубий Кореянинг Ёнсе университети (Yonsei University)ни тамомлаганман. Ушбу олийгоҳ QS-рейтингида 85-ўринни эгаллайди. Университет иқтисодиёт, бизнес, биотехнология, биокимё, муҳандислик, табиий фанлар соҳаларида етакчи мутахассисларни етиштириб бериши билан машҳур ва унда 112 та йўналиш бор, 22 та коллежга эга. Ўзим бизнес ва давлат бошқаруви йўналишида таҳсил олганман.

    Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ўзим таҳсил олмоқчи бўлган университетимга ҳужжат топшириш учун бир неча босқичларни босиб ўтганман. Дастлаб университет расмий сайтига кириб, шахсий ID очганман. Ундан сўнг онлайн тарзда талаб этиладиган шаклни тўлдирганман.

    Онлайн ҳужжат топшириш 7 та босқичда бўлиб ўтади. Улар ўқувчининг таълим муассасасида олган баҳоларини тасдиқловчи ҳужжат, тил билиш сертификати (TOPIK 4 ёки IELTS 6.5), сурат, паспорт нусхаси, соғлиғи тўғрисидаги ҳужжатлардан иборат.

    Энг муҳим нарса – ўқув режаси (study plan)ни тўлдиришдир. Унда талабгор олийгоҳга киришдан мақсади, келгусидаги режаларини аниқ ифодалаб бериши керак бўлади. Ҳужжат топширишни йил бошидан амалга ошириш керак», – деди Шуҳрат Сатторов.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates