Мактабларда рус тилини ўқитиш сифати янада оширилади

    Таълим 14 октябр 2020 4364

    А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети мутахассислари мамлакатимиздаги рус тили ўқитувчиларининг малака оширишларига ёрдам беради.

    Россиялик ўқитувчи ва методистлар Сирдарё вилоятининг ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактабларда рус тили ўқитувчиларининг малака оширишларига ёрдам беради. Хусусан, маҳаллий мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида рус тилини билиш даражасини назорат қилиш уларнинг асосий вазифаларидан саналади.

    Лопатенко Екатерина Сергеевна ва Новикова Виктория Викторовналар Сирдарё вилоятида ишни рус тилини ўқитиш сифатини баҳолаш ҳамда ҳамкасбларига тилни ўқитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан бошлади. Мазкур тадбир, биринчи босқич дастури асосида, рус тили ўқитувчилари ҳамда юқори синф ўқувчилари билимларини тест синовларидан ўтказишдан иборат. Унинг натижасига кўра, мактабларда рус тили фани бўйича самарали методикани ишлаб чиқиш ва ўқитиш жараёнига татбиқ этиш режалаштирилган.

    Шу ўринда айтиш керакки, 2021 йилда 100 нафар россиялик мутахассис мамлакатимизга келиши режалаштирилган. Ўзбекистонга йўналтирилган мутахассислар сони ҳар йили 100 нафарга кўпаяди. Дастурнинг барча босқичлари 30 мингга яқин ўзбекистонлик ўқитувчиларни қамраб олади, деб хабар беради Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.