Мактабларга ишга қабул қилишда ва молиялаштиришда шаффофликни таъминлаш зарур

    Хавфсизлик 16 июн 2021 841

    Аҳолининг коррупцияни англаш даражасини ўрганишга қаратилган ижтимоий тадқиқотда 5 274 нафар респондент, шу жумладан бошланғич синф ўқитувчилари, биринчи синф ўқувчиларининг ота-оналари ва мактаб директорлари иштирок этди.

    Ўзбекистон халқ таълими тизимида коррупция хатарларини ўрганишда эса 14 та вилоятнинг 28 та шаҳридаги 114 та мактаб қамраб олинди...

    Тадқиқот «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва «Минтақавий мулоқот» (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда илк бор коррупцияга қарши лабораторияларни яратиш» лойиҳаси доирасида ўтказилди.

    — Сўровнома ва респондентларнинг учта гуруҳи орасида интервьюлар 22 майдан 10 июнгача тўлиқ аноним, яъни уларнинг шахси сир сақланган ҳолда ўтказилди, — дейди «Ўзбекистонда илк бор коррупцияга қарши лабораторияларни яратиш» лойиҳаси менежери Людмила Стайшюнайте. — Ҳозирда экспертлар тўпланган маълумотларни кейинги таҳлиллар учун тизимлаштирмоқда. Аммо дастлабки маълумотлар ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, маъмурий лавозимларга тайинлаш ва мактабларни молиялаштириш жараёнларининг шаффофлигини ўрганиш зарурлигини кўрсатмоқда.

    Сўровномаларга биринчи синфга қабул учун ҳужжатларни топшириш онлайн навбат тизими – qabul.maktab.uz самарадорлиги, синфларда ўқувчилар сони нормадан ошиб кетиши, мактаблардаги мавжуд муаммолар ва бюджетдан молиялаштириш масалаларига тегишли саволлар киритилган. Дастлабки натижаларга кўра, Тошкент шаҳрида жорий қилинган qabul.maktab.uz тизими респондентларнинг учта гуруҳи томонидан маъқулланди. Тизим мактабга қабул қилишни ташкиллаштирилган тарзда таъминлагани сабабли, у барча иштирокчиларнинг вақтини тежайди. Кўплаб директорлар мактабга қабул қилиш маълум бир белгиланган кунларда ва қисқа муддатларда ўтказилиши тарафдори эканини билдирди. Шунда ота-оналар ҳужжатларни режали тарзда топширади ва «боламни мактабга қабул қилинг» деб, мактабга ўқув йили бошланишига оз қолганда келмайди.

    Респондентлар мактабга қабул жараёнида касбдаги ноҳалоллик ва коррупциянинг намоён бўлиши сабабларига ҳаддидан ошиш, жазоланмаслик, қабул вақтида аниқ мезонларнинг йўқлигини келтиришди.

    Шунинг учун ҳар бир киши муаммони ўз фойдасига ҳал қилиш йўлларини излайди. Респондент-ўқитувчилар болаларнинг билим даражаси устидан ота-оналарнинг назорати, уларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш ва болаларнинг билим олишга қизиқишини ошириш истаги камлигини қайд этишди. Бунинг устига тажрибали ўқитувчилар етишмаслиги таълим олишни қийинлаштиради ва сифатини пасайтиради.

    Лойиҳа менежери Л. Стайшюнайте таъкидлаганидек, Тошкентдаги тадқиқот давомида муаммоларнинг бутун қатлами аниқланди. Уларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: шаҳарда янги уй-жойлар жадал қурилаётган бўлсада, мактаблар етишмайди, малакали кадрлар кам, мактабларга, хусусан, рус тилидаги синфларга қабул қилиш мезонлари йўқ. Ваҳоланки, бундай мактабларга аҳоли орасида талаб катта, чунки фуқаролар ушбу мактабларда сифатли таълим берилади, деб ҳисоблашади.

    Ўрганиш жараёнида аниқланган ва кенг ёйилган муаммо бу — таълим тили рус тили бўлган мактабга қабул қилишда тил билан боғлиқ тўсиқдир. Бу нафақат ўқувчилар орасида, балки фарзандларига уй вазифасида ёрдам бера олмайдиган ота-оналар орасида ҳам қайд этилган. Кундалик ҳаётда фақат ўзбек тилида сўзлашадиган оилалар болаларини рус синфларга берар экан, бола боғчага ёки мактабга боришдан олдин тил билан боғлиқ тайёргарлик кўриши лозимлигини ҳисобга олмайди. Ушбу тенденция салбий оқибатларга олиб келишини ўқитувчилар ҳам, мактаб директорлари ҳам таъкидлаб ўтди. Бу ҳатто истеъдодли болаларда ҳам комплекслар ва камситилиш туйғуларининг шаклланишига олиб келади. Респондентлар муаммонинг ечими сифатида мактабларда таълим тилини инобатга олган ҳолда, мактабгача ёшдаги болалар учун тиллар бўйича тайёрлайдиган ўқув дастурларини жорий қилиш ва оммалаштиришни кўришмоқда.

    Сўровлар шуни кўрсатдики, аҳоли бундай тадқиқотларни қўллаб-қувватлайди, уларда бажонидил қатнашади, кейинги босқичлар учун таклифлар беради ва ўзгаришларга тайёр. Экспертлар лабораториялари коррупция хатарларини, омилларини, одамларнинг коррупцияга бўлган муносабатини ўрганишга, жамиятнинг бу борадаги кайфияти ва тенденцияларни тушунишга ва бошқа соҳаларни ҳам тадқиқ қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.

    Қонунчиликдаги камчиликлар ҳам коррупция хатарлари пайдо бўлишининг омилидир. Шу сабабли, коррупцияга қарши лаборатория экспертлари мактабларда ўтказилган сўровномалардан ташқари, мактабга қабул қилиш ва умуман таълим тизимига оид норматив ҳужжатларни ўрганиб чиқди.

    Ижтимоий тадқиқотнинг якуний натижалари республика бўйлаб тўпланган маълумотлар таҳлил қилингандан сўнг маълум бўлади. Маълумотларни вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, қишлоқлар кесимида таққослаш режалаштирилмоқда, бу нафақат респондентлар гуруҳларининг, балки ҳудудларга оид муаммолар ва тенденцияларни тушунишга кўмак беради.

    Ўзбекистонда болаларни 1-синфларга қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини ўрганиш лабораториялари бу – коррупция хатарларини ўрганиш механизмини ишлаб чиқиш бўйича тажриба ҳисобланади. У мақсадли гуруҳлар ўртасида қонунчиликдаги камчиликларни ўрганиш ва хатарларни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, олинган маълумотларни таҳлил қилишни ўз ичига олади. Коррупция хатарларини таҳлил қилиш ва баҳолаш бўйича ишлаб чиқилган методология кейинчалик бошқа ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда қўлланилади.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates