Малайзияда “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” фотокўргазмаси очилди

    1 март куни Малайзия Ислом санъати музейида “Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази” фотокўргазмасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги дипломатик миссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Маълумот ўрнида, Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган. Музей Жануби-Шарқий Осиёдаги Ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган энг йирик музей бўлиб, майдони 30 000 кв.м га тенг. Музей коллекциясида бутун Ислом оламининг маданияти ва санъатини акс эттирувчи экспонатлар мавжуд. Энг нодир экспонатлардан бири Ўзбекистонга тегишли бўлган VIII асрга оид сўғд ипак либосидир.

    Тадбирда Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг, шунингдек, қироллик оиласи аъзолари, Малайзия вазирлик ва идоралари раҳбарияти ҳамда вакиллари, Куала-Лумпур мерияси, мезбон давлатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, маданият ва санъат намояндалари, академик ва ишбилармон доиралар вакиллари, Малайзияда яшаётган, ўқиётган 200 дан ортиқ ҳамюртларимиз иштирок этди.

    Тадбир Малайзиянинг “Bernama” Миллий ахборот агентлиги, “RTM” Mиллий телерадиокомпанияси, (“Radio Televisyen Malaysia”), “TV AlHijrah” йирик давлат исломий телеканали, “AlJazeera” халқаро телерадиокомпанияси, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти телеканали, етакчи босма нашрлар ва бошқа онлайн нашрлар томонидан ёритилди.

    Таъкидлаш жоизки, кўргазмада Ислом тарихи ва цивилизациясининг Ўрта Осиёда тарқала бошлаганидан то бугунги кунгача Ўзбекистон ҳудудида илм-фан, таълим ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссаси, турли цивилизацияларга хос маданият ва осори-атиқаларни акс эттирувчи фотосуратлар ва қадимий ҳамда бой маданий меросга доир маълумотлар тақдим қилинди.

    Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

    Ўз навбатида Шарқ Уйғониш даврининг жаҳон тараққиётидаги аҳамияти, жумладан, Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк қомусий алломаларнинг аниқ фанлар ривожига қўшган улкан ҳиссаси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Ислом фалсафаси ва Ислом ҳуқуқи тараққиётига доир маълумотлар ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди.

    Қайд этиш керакки, кўргазма меҳмонлари учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ҳам ташкил этилди. Унда мамлакатимиз ҳукумати томонидан туризм инфратузилмасини ривожлантириш, “зиёрат туризми” салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотлари ва маршрутлари, “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик маркази ва “Самарқанд” янги халқаро аэропортининг имкониятлари ҳам намойиш этилди.

    Тадбир давомида Вазир Тионг Кинг Синг маданий-гуманитар соҳадаги Ўзбекистон – Малайзия ҳамкорлиги юксак даражада эканини мамнуният билан қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда Ислом цивилизациясининг бой маънавий-интеллектуал меросини ҳар томонлама ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва Ислом динининг инсонпарварлик мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларга юксак баҳо берилди.

    Ислом санъати музейи куратори Зулкифли Исҳоқ тадбирга ташриф буюрган хорижий ОАВ вакилларига берган интервьюсида икки ой давомида Малайзия кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг серқирра маданияти, кўп асрлик тарихи, меъморчилик анъаналари билан яқиндан таништиришга хизмат қиладиган мазкур қўшма лойиҳанинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.

    Шунингдек, музейнинг Ўзбекистон томони билан самарали ҳамкорлиги, хусусан, 2022 йил июль ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — янги Уйғониш даври асоси” VI Халқаро конгрессида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон Ислом санъати музейи тўпламларида” туркумидаги махсус китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш алоҳида қайд этилди.

    Маълумот учун, “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” фотокўргазмаси 27-апрелгача давом этади.