Мамлакатимизда 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида белгиланмоқда

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 19 ноябрдаги навбатдаги мажлисида “Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

    Янги ҳуқуқий ҳужжат мажлисда кенг муҳокама қилиниб, учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди. Юртбошимизнинг топшириқлари ҳамда 2021 йил 24 августдаги тегишли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, юртимизда 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида белгиланмоқда.

    Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратишга катта эътибор қаратди. Ишбилармонлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш, уларнинг ишини асоссиз тўхтатиб қўйиш президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланди.

    Ҳақиқатан, кейинги йилларга назар солсак, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга бўлган эътибор туфайли бу соҳа йилдан-йилга ривожланиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, охирги беш йилда соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар туфайли 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Бунинг натижасини бизнес вакиллари ҳар куни кундалик фаолиятида сезиб, ҳис қилиб турибди.

    Ана шундай қулайлик ва имкониятлар туфайли янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари ўз фаолиятини янада кенгайтирмоқда. Сўнгги беш йилда тадбиркорлик субъектларининг сони қарийб 3 бараварга ошгани фикримиз исботидир. Албатта, соҳага бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, юртимизда тадбиркор кўпайса халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади, янги-янги иш ўринлари яратилади, жамият ривожланади, юрт тараққий этади.

    Президентимиз жорий йил 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давомида бизнес вакиллари томонидан кўплаб мурожаатлар бўлганини айтиб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтган эди. Ўз навбатида, ҳар бир йўналиш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб, янги ташаббусларни илгари сурганди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг бундай очиқ мулоқотни анъанага айлантириб, ҳар йили ташкил этиш, 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиш бўйича билдирган таклифлари тадбиркорлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

    Тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналишида миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани ҳам аҳоли, айниқса, тадбиркорларни илҳомлантириб юборди, том маънода ҳаракатга келтирди.

    Келгусида тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолиши Ўзбекистон халқи таъбир жоиз бўлса, 35 миллиондан ортиқ фуқаролар бахтли ва тўқин ҳаёт кечиришига ишорадир.

    Юқоридаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасига эътиборни қаратиш ва баҳолаш, катта ютуқларга эришган, жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этаётган ишбилармонларни аниқлаш, уларни тақдирлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни бизнесга кенг жалб қилишга хизмат қилади. 20 август мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилиниши баробарида, Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишида тадбиркорликнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳамиятини янада юксалтириш, жамиятимизда тадбиркорликни оммалаштириш ҳамда инсофли тадбиркорликни тизимли рағбатлантириш имконини беради.

    Ботирбек ТЎРАЗОДА,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати