Маънавият сарчашмаси

    Китоблар маънавият сарчашмаси, маърифат ёғдуси, маданият кўзгусидир. Айниқса, келажак авлоднинг онгу тафаккурини теранлаштиришда, ақлу идроки янада ўткирлашиб, ўй-фикрлари тозариб боришида ва маънавий баркамолликка эришишида китобнинг ўрни беқиёс.

    Пойтахтимизнинг сўлим ва мафтункор гўшаси – Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Сўз чамани” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчи банди, яъни ёшлар маънавиятини юксалтириш, келажак авлод ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги вазифалар ва келажакдаги мақсадли режалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    “Сўз чамани” лойиҳаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси ва “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасидаги китоблар “Akademnashr” нашриётида чоп этилмоқда.

    Ҳозир мазкур лойиҳа доирасида 20 та асар чоп этилди. Китобларнинг дастлабкиси Алишер Навоий ғазалларидан иборат. “Сўз чамани” туркумидан “Сўз султони” китоби Лутфий шеърлари асосида тузилган. Атойи ғазалларидан саралаб олинган нашрни эса муҳаббат, садоқат, эзгулик ва инсонийлик хислатларини ўзида жамлаган нафис бир жамланма дейиш мумкин.

    Лойиҳанинг яна бир рисоласи оташқалб шоир, илоҳий муҳаббат ва маърифат соҳиби Бобораҳим Машраб шеърларига бағишланган, унга марҳум олим Жалолиддин Юсуфий томонидан жамланган девон асос қилиб олинган.

    Озарбайжон халқининг оташин шоири Муҳаммад Фузулий шеърлари жам бўлган рисола ҳам шеърият шайдоларининг кўнглидан муносиб жой олиши шубҳасиз. Мажмуани тузишда аллома Холид Расул нашридан фойдаланилган.

    Туркман халқининг оташин шоири, барча туркий халқлар учун ардоқли ва севимли бўлган Махтумқули шеърларидан тузилган навбатдаги нашр ҳам ўзига хос бадиий аҳамиятга эга.

    Бу китобларнинг ҳар бири 4000 нусхада чоп этилган. Асарларни нашрга Мирзо Кенжабек тайёрлаган ва илмий-маърифий изоҳларга муаллифлик қилган.

    Китоблар нафақат ёшларни, балки барчамизни тарбиялашга қодир, юксак марраларни забт этишимизда кўмакчидир.

    Зеро, китоб тафаккур чироғи ва маънавий йўлбошчидир.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА