баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Маънавияти ёруғ одам бошқаларнинг ҳам бағрини ёритиб юради

    Фикр 20 январ 2021 238

    Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг шундай гапи бор: “Илм инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотдир. Илм инсон учун ғоят олий муқаддас бир фазилатдир. Зероки, зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур, илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир”.

    Бу сўзлар бежиз айтилмаган, албатта. Унинг таг-замирида жуда катта маъно-мазмун бор. Бу сўзларнинг қанчалик ҳақиқат эканини бугунги юксак тафаккур ва технологиялар замони ҳам исботланмоқда. Сабаби илм-фан ютуқларисиз инновацион тараққиётга эришиб бўлмайди.

    Бугун “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақолнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англайдиган вақт келди. Ҳозир фарзандларимиз таълим-тарбияси, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам юртимизнинг қайси ҳудудига ташриф буюрмасин, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши ҳаммамизга ибрат бўлмоқда.

    Куни кеча Президентимиз маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага яна бир бор урғу бериб ўтди.

    Нега десангиз, ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Агар юртимизда уларнинг замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши учун барча куч ва имкониятлар ишга солинса, бу албатта, яқин келажакда ўз мевасини беради. Аксинча бўлса, маънавиятдан, маърифатдан йироқ одамга бир гап уқтириш осон эмас. Шу сабабли бу борада бефарқ ва лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

    Илгари ўғил-қизларимизнинг ахлоқ-одоби, ўқиши учун нафақат уларнинг ота-оналари, аввало, маҳалладаги нуронийлар ўзини масъул ва жавобгар деб биларди. Шундан бўлса керак, маҳаллаларда уруш-жанжал, безорилик қилиб юрадиган ёшлар, оилавий ажримлар кам бўлар эди. Чунки ёши улуғларимиз ёшларни меҳнат қилишга, ер чопиб экин экишга, ўз уйини, кўчаларни озода тутишга ўргатарди.

    Бугун айрим ота-оналар боласига китоб совға қилиш ўрнига, телефон олиб беряпти, томорқасини боласига эмас, мардикорга қилдиряпти. Айтинг, бу ҳолда болалар меҳнатни, одобни, маданиятни, меҳр-оқибатни кимдан ўрганади. Ота-онасиданми? Ахир оила – маънавиятнинг бешиги-ку! Шундай экан, уйда ота-онасининг китоб ўқиганини кўрмаган, ўқитувчисининг адолатсизлигини кўриб вояга етаётган ёш йигит-қиз маънавиятни кимдан ўргансин?!

    Президентимиз бу долзарб масалага қайта-қайта тўхталиб, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, деб бежиз таъкидламаяпти. Чунки бу борада ечимини кутиб турган масалалар кўп. Демак, энди ёшлар билан ишлаш барча раҳбарлар, депутатлардан тортиб, партиямиз фаолларича – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши лозим.

    Йиғилишда миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши илгари сурилгани айни муддао бўлди.

    Муболағасиз айтаманки, жамғармага ажратиладиган маблағлар  маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётимизни ривожлантириш учун сарфланади. Шунингдек, ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

    Хулоса қилиб айтганда, маънавият – инсонинг маълум даражадаги жисмоний, ақлий, ахлоқий ва руҳий балоғати ва дунёқарашини ифодаловчи тушунчадир. Шу нуқтаи назардан, ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш йўлида барчамиз бирдек масъул бўлишимиз лозим. Зеро, маънавияти ёруғ одам бошқаларнинг ҳам бағрини ёритиб юради.

     Одинахон  ОТАХОНОВА,

    Олий  Мажлис  Қонунчилик

    палатаси  депутати