Мақомларимиз жон озиғи, руҳ қуввати бўлиб янграсин!

    Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Оқилхон Иброҳимов билан мақом санъати тарихи, мумтоз мусиқамизни ўрганиш ва ўргатиш борасидаги муаммолар борасида суҳбатлашдик.

    “Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”, дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

    Бугунги авлод мумтоз оҳанглар сирини янада теранроқ англаши, тинглаши ва ҳис қилиши учун нималар қилмоқ лозим? Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Оқилхон Иброҳимов билан суҳбатлашар эканмиз, руҳиятимиз осмонларини ёритаётган эзгу мақсадлар шуъласини, юртимиз эртаси, ёруғ кунлари билан боғлиқ орзуларимизнинг ажиб оҳангларини ҳис қилдик. Ҳа, қон-қонимизга сингиб кетган бу оҳанглар борлиғимиз, ўзлигимиз, тарихимиздан дарак бергувчи сарҳадлардан ўтиб келаётганлиги билан қадрли ва азиздир.

    Мақом санъати тарихи ҳақида гап борар экан, албатта, Ўзбекистон халқ ҳофизи Юнус Ражабийнинг ҳаёти ва ижодига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Сиз фавқулодда истеъдод соҳиби бўлган буюк санъаткор ҳақида кўплаб изланишлар қилгансиз. Юнус Ражабий шахси ва фаолиятининг қайси жиҳатлари бугунги авлод мақомчилари учун ибратли?

    – Мумтоз мақомлар ҳақида сўз бораркан, шууримизда, табиийки, бу бебаҳо қадриятнинг бизгача етиб келишида яқин ўтмишдаги мураккаб шарт-шароитларда маънавий жасорат ва жонбозлик кўрсатган устоз санъаткорларнинг сиймоси гавдаланади. Бу ўринда халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ражабийлар сулоласининг йирик намояндаси, атоқли бастакор, хонанда ва созанда, Ўзбекистон халқ артис­ти, академик Юнус Ражабий (1897–1976) сиймоси алоҳида эҳтиром туйғуларини уйғотади. Зеро, улуғ устоз ҳаёти ва ижодий фаолиятида бугунги авлодлар учун кўп ва хўп ибратли намуналар бор. Авваламбор, алоҳида истеъдод соҳиби бўлган Юнус Ражабийнинг шогирдлик мақомидаги интилишлари эътиборлидир. Масалан, мақомларни ўрганишдаги дастлабки саъй-ҳаракатлари Фарғона-Тошкент йўллари билан боғлиқ юзага келган экан, бу йўлда ўша даврнинг энг кўзга кўринган устозлари – Мирза Қосим ҳофиз, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров, Иноғомжон ҳофиз ва Илҳом ҳофизларга шогирдлик ахлоқ-одоби доирасида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улардан зарур касбий сабоқ билан бирга ижобатли дуоларини ҳам олиш бахтига мушарраф бўлади. Айни вақтда доим илмга чанқоқ ва санъатга ихлоси баланд Юнус Ражабий салобатли Бухоро Шашмақом туркумини ҳам мукаммал амалий ўрганишга астойдил бел боғлайди. Самарқандда атоқли санъаткорлар – Ҳожи Абдулазиз Расулов, Леви Бобохонов, Михоэл Толмасов, Гавриэл Муллақандов билан учрашиб, улардан Шашмақомнинг самарқандча йўлларини ўрганади. Шу билан кифояланмай, Шашмақом ватани бўлган Бухорога бориб, у ерда Ота Жалол, Ота Ғиёс, Уста Шоди, Қори Камол, Абдусамад Бегижон, Қори Нажм, Домла Ҳалим Ибодов каби мақом устозларидан сабоқ олади. Шу аснода мумтоз мақомларнинг Самарқанд-Бухоро ва Тошкент-Фарғона анъаналарини мукаммал эгаллаган Юнус Ражабий ҳайратомуз ишларни амалга оширишга муяссар бўлган эди.

    Бухоро амирлиги қулагач, сарой мумтоз мусиқаси – Шашмақом истиқболи, асрий бадиий анъаналарининг тақдири мавҳум бўлиб қолган, устига-устак, бу санъат қиймати “маданият пешволари” томонидан “феодал тузумидан қолган зерикарли санъат” каби ибораларда расмий ва норасмий давраларда камситилиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб турарди. Бинобарин, мумтоз мақомларни ҳар қандай асоссиз хуружлардан ҳимоя қилиб, янги давр авлодларига бекаму кўст етказиб бериш ўша давр илғор зиёлиларининг қайғусига айланган эди. Миллат қайғуси билан ёнган Юнус Ражабий мумтоз Шашмақомни бекаму кўст сақлаб қолиш ва ундан келгуси авлодларни баҳраманд этиш йўлида жасорат намунасини кўрсатди. У ўзи нота ёзувларига олган Шашмақом мажмуасини дастлаб (1959 йили) “Ўзбек халқ мусиқаси” нота ёзувлари туркумининг бешинчи жилдида “Бухоро мақомлари” номида нашр эттирди. Кейинчалик эса (1966-1975 йиллари) нота ёзувларидаги Шашмақом мажмуаси олти жилдлик такомиллашган кўринишда қайта чоп этилди ва ушбу нашрга Фарғона-Тошкент мақом йўллари илова тарзида киритилди. Шунингдек, Юнус Ражабий 1959 йили Ўзбекистон телерадиоси ҳузурида Мақомчилар ансамблини тузиб, унда салобатли Шашмақом туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари ижрочилик анъаналарини замон руҳи билан пайваста этган ҳолда амалий йўлга қўйди. Юнус Ражабий ўзининг бой тажрибаси ва юксак касбий малакаларини истеъдодли шогирдларидан дариғ тутмади, балки уларнинг камолоти учун хизмат қилиши ўлароқ ижодий ва ижровий меросхўрликнинг устоз-шогирд анъаналарини мураккаб шарт-шароитларда қайта жонлантиришга беқиёс ҳисса қўшди. Устоз Ю.Ражабий силсиласига боғланган Д.Зокиров, Д.Соатқулов, Ф.Содиқов, Н.Ҳасанов, К.Жабборов, С.Калонов, К.Мўминов, О.Имомхўжаев, Б.Довидова, К.Исмоилова, О.Алимаҳсумов ва Т.Алиматовлар келгусида элимизнинг ардоқли санъаткорлари бўлиб етишдилар. Юнус Ражабий ҳаёти ва фаолиятидан келтирилган бу мухтасар лавҳаларда бугунги кун мақом авлодлари ва мусиқа устозлари учун ҳам кўпдан-кўп ибратлар бор.

    Жорий йилда Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилгани барча санъатсевар қалбларни чуқур ҳаяжонга солди. Зеро, шу кунгача мақом санъатини ўрганиш ва ўргатиш борасида муаммоларимиз анчагина тўпланиб қолган эди. Шундай эмасми?..

    – Дарҳақиқат, Тошкент шаҳрида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилиши санъатсевар халқимиз ҳаётида катта маданий воқеа бўлди. Бунинг моҳиятини теран англаш учун яқин мозийга яна бир назар ташлаш ўринли кўринади. 1972 йили жонкуяр устозимиз, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Файзулла Кароматов (Кароматли)нинг ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари билан Тошкент давлат консерваториясида Шарқ мусиқаси кафедраси ташкил этилганди. Файзулла Кароматов мудирлик қилган ушбу кафедранинг илк педагоглари қаторида эл севган санъаткорлар Ризқи Ражабий, Фахриддин Содиқов ва атоқли мақомшунос олим Исҳоқ Ражабов устозлик қилишган. Қисқа вақт ичида кафедра битирувчилари орасидан таниқли олим ва санъаткорлар етишиб чиқдики, бу ҳол мазкур таълимнинг самарадорлигини кўрсатиши билан бир вақтда халқимизнинг мусиқий мероси нақадар бой эканидан ҳам кучли нишона эди. Табиийки, миллий менталитетимизнинг туб ўзагини ташкил этган бу бебаҳо маънавий бойликни махсус таълимда бус-бутун ўзлаштириш, ундан ижодкорлик ва ижрочилик жараёнларида теран ва унумли фойдаланган ҳолда халқимизни баҳраманд этиш, шу жумладан, ёш авлод шуурига, қалбига жо қилиш, қолаверса, жаҳон миқёсида ҳам муносиб намоён этиш учун кафедра фаолиятини янада кенгайтириш зарур эди. Лекин зиёлиларимиз орзу қилган бу олижаноб ишни ўша даврда амалга ошириш бениҳоя мушкул бўлгани изоҳ талаб этмайди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, асрий миллий мусиқий қадриятларни тиклаш, ривожлантириш ва халқимиз орасида кенг тарғиб қилиш ишлари устувор аҳамият касб эта бошлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017 йил 17 ноябрь), “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги (2018 йил 6 апрель) ва “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги (2018 йил 1 ноябрь) қарорлари қалбларни ҳаяжонга солиши баробарида улуғ устозлар руҳини ҳам шод этди, деган умиддаман.

    Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони миллий мусиқий мерос ижтимоий мавқеини юксалтириш борасида фавқулодда муҳим аҳамият касб этиши шак-шубҳасиздир. Зеро, аввалги қарорларда белгиланган муҳим вазифаларнинг мантиқий ривожи ва табиий давоми ўлароқ, Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилди. Институтга мақом мулкининг султони, академик Юнус Ражабийнинг номи берилиши ҳам ҳар жиҳатдан асосли ва адолатлидир.

    Мақомлар бизнинг даврга қадар, асосан, оғзаки анъана тарзида авлоддан авлодга ўтиб келди. Бу мумтоз мусиқа санъатининг малакали ижрочилари бўлган чолғучи-созанда ва ашулачи-ҳофизлар устоз-шогирд анъанавий мактабида таҳсил олганлар. Айни вақтда марказий шаҳарларда мақомларнинг ўзига хос ва бетакрор ижрочилик мактаби ҳамда услублари ҳам шаклланган эди. Эндиликда ана шу асрий анъаналарни изчил ва мукаммал ўрганиш ва давом эттириш имкони юзага келди. Албатта, таълим жараёнида “анъанавий” ва “инновацион” усулларни ўзаро уйғунлаштириш масаласи ҳам борки, бу ҳозирги давр талабидир. Шу боис, ўқув жараёнида замонавий технологик имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги авлод дарсликлари, нота тўпламлари ва ўқув-методик адабиётларини яратиш бугунги кун тартибидан ўрин олган.

    Инсон энг қийин дамларда онасини эслаб йиғлагани каби синовли дамларда юртдошларимиз асл миллий санъатимиз намуналарини кўпроқ тинглай бошладилар. Бу руҳий ўзгариш ва силсилаларни кузатганингизда кўнглингиздан нималар кечади?

    – Бундай ҳолларда миллий мусиқанинг нақадар қудратли ва мўъжизавий куч эканига яна бир бор иқрор бўламан. Зотан, миллий мусиқа ҳар бир халқнинг дилини, руҳий оламини ифода этади. Бинобарин, юртдошларимизнинг айни синовли дамларда миллий мусиқа намуналарини тинглашлари бежиз эмас. Чунки ана шундай дамларда мусиқа воситасида улуғ аждодларимиз руҳий силсиласига боғланиш ҳодисаси рўй берадики, шу аснода кўнгиллар таскин топиб, яна руҳий қувват олинади. Улуғларимиз мусиқани “жон озиғи ва руҳ қуввати”, деб бежизга айтмаганлар. Миллий мусиқадан руҳий қувват олиш борасида таълим-тарбиянинг ҳам катта аҳамияти бор. Бу ўринда, энг аввало, она алласи бемислдир. Мутахассислар фикрича, гўдаклигидан она алласини қалбига жо қилган фарзанд келажакда ота-онасига меҳр-мурувватли, элу юртига садоқатли бўлиб вояга етади. Бу борада алла ижрочиларининг республикамиз бўйлаб турли миқёсда ўтказилаётган кўрик-танловлари ёш оналар учун хўп ибратлидир.

    – “Оврўпо оҳанг усулларидан кўз юмуб, куйларимиз ўз оҳангида қолишига тиришайлик. Оврўпо оҳанг усуллариға эргаштириб олинған куйларнинг этнографий нуқтасидан аҳамиятини йўқотганимиз каби уларнинг ўзбеклигини ҳам йўқотган бўламиз.” Абдурауф Фитратнинг ушбу мулоҳазаларини ўқиб, бир машҳур санъаткоримизнинг мақомларимизни замонавий чолғулар асосида қайта ишлаш ҳақида айтган гапларини эсладим... Ахир, Чўли ироқ найда ва танбурда ижро этилса, инсонга ўзгача завқ беради-ку! Мақомларимиз миллий чолғуларимизда янграганидагина асл мақсадга эришилмайдими? Замонавий чолғулар бизнинг қонимизда оқаётган кўҳна туйғуларни уйғота олади, деб ўйламайман. Бу борада сизнинг мулоҳазаларингиз қандай?

    – Миллатимиз фахри бўлган Абдурауф Фитратнинг бундан қарийб 100 йил аввал қайғуриб ёзган бу огоҳлик сўзлари бугунги кунга келиб айни долзарблиги аён бўлиб қолди. Зеро, жаҳон миқёсида жадал кечаётган “маданиятлар оммалашуви” жараёнлари бизнинг мусиқа маданиятимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бу жараённинг ижобий ва салбий жиҳатлари хусусида оммавий ахборот воситаларида кўп гапирилган. Шуниси аёнки, мусиқада азалий қадриятлар ифодаси бўлган миллий оҳанглар “хориждан” туҳфа этилмайди, балки она алласидан тортиб, болаларнинг турли халқ ўйинлари, оилавий маросим, халқ сайиллари ва байрамларида таралган наволар, ҳукмдорлар саройида сайқал топган юксак мақом садолари ила қалбимиздан жой олади. Бинобарин, катта саҳнага қадам қўйган ҳар бир хонанда ё созанда буни чуқур англаб олмоғи лозим. Энди Чўли ироқ масаласига келсак, бу мумтоз куй нафақат найда, балки асрлар давомида танбур ва ғижжак чолғуларида ҳам бетакрор янграб, халқимиз қалбида мустаҳкам муҳрланган. Шу туфайли ҳар гал уни тинглаганимизда қалбимиздаги хотира “дафтари” уйғониб, аждодларимизнинг беғубор орзу-умидлари руҳиятимизда қайта жонланади. Шоиру адибларимизнинг ривоят ва шеърларида васф қилинган бу ажойиб асарни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодга ҳам бекаму кўст етказиб бериш – бугунги кун санъаткорларининг муқаддас бурчидир. Бу мумтоз куйнинг асрлар оша улуғ устозларнинг қалб қўри билан ҳозирги кунга қадар безавол етиб келгани эса биз учун юксак ибрат намунаси бўлмоғи керак. Мен бу билан Чўли ироқни бошқа чолғуларда ижро этиш мутлоқ мумкин эмас, демоқчи эмасман. Зеро, бу борада янгилик сари интилувчан ижодкорнинг салоҳияти ва ижрочининг истеъдоди ҳамда касбий маҳорати бутунликда асарнинг муносиб ечимини намоён этиши мумкин. Бунга санъаткорларимизнинг Чўли ироқни чолғу ансамбли ва оркестр ижросидаги муваффақиятли талқинлари ёрқин далил бўла олади.

    Қолаверса, атоқли санъаткор Имомжон Икромовнинг бастакорлик ижоди ила “Чўли Ироқ”нинг ҳазрат Навоий ғазалига боғланган мумтоз ашула йўли ҳам юзага келган.

    – Сўнгги уч йил ичида тадқиқотчилар орасида мақом санъати тарихини ўрганишга интилаётган, илмий изланишлар қилаётган ёшларимиз сафи кенгайди. Улар кўтариб чиқаётган мавзуларнинг қамрови қандай?

    – Ўзбек мусиқашунослигида мақом санъати тарихи мавзуи энг қизиқарли, долзарб ва серқирра масалалардан биридир. Ўз вақтида мақомшунос олим, санъатшунослик фанлари доктори, устоз Исҳоқ Ражабов бу мавзунинг анчагина қирраларини ёритиб берган эдилар. Хусусан, Бухоро Шашмақоми Ўн икки мақом тизимининг тадрижий ривожи асосида XVIII аср ўрталарида узил-кесил шакллангани, Хоразм мақомлари ва Фарғона-Тошкент мақом йўлларининг юзага келиш тарихий шарт-шароитлари шулар жумласидандир. Бугунги кун мақомшунослари кўп жиҳатдан устоз Исҳоқ Ражабов яратган илмий таълимотга таянган ҳолда илмий изланишлар қилмоқда. Сўнгги йилларда ёшлар орасида ҳам мақомлар тарихига бўлган қизиқиш тобора ортаётгани бор ҳақиқат. Мавзулар қамрови ҳам анчайин аҳамиятлилиги билан эътиборни ўзига тортади. Масалан, ёш тадқиқотчиларимиздан Чинора Эргашева “Ўзбек касбий мусиқасида назира анъаналари (“Ушшоқ” намуналари мисолида)”, Ғанижон Худоев эса “Бухоро мумтоз мусиқа анъаналари ва уларнинг замонавий талқинлари” мавзуларида самарали изланишларни амалга ошириб, ҳар иккиси ҳам 2018 йили докторлик (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Айни шу кунларда ЎзР ФА Санъатшунослик институтининг таянч докторанти Зоҳиджон Ёқубов “Шашмақом иккинчи гуруҳ шўъбалари” мавзуидаги PhD диссертацияси устида изланмоқда. Ўйлайманки, бугунги кунда мақом санъатига тобора ортиб бораётган ижтимоий эътибор ва қизиқиш ортида бундай тадқиқот ишлари ёшлар орасида янада қизғин тус олади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates