Зеро, бугун мамлакатда қабул қилинаётган қонунларнинг сўзсиз бажарилиши, ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши ҳам айнан жамоатчилик назоратига бевосита боғлиқдир.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан корхоналарнинг ишлаб чиқариш, экологик ва санитария-гигиеник талабларга мувофиқлиги, ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳолати, кўрсатилаётган хизматлар сифати, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик чоралари юзасидан фойдаланувчилар фикрини ўрганиш, мавжуд имкониятлар ва муаммоларни аниқлаш, бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётганини баҳолаш мақсадида юртимиздаги йирик корхоналардан саналувчи «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ҳамда «Navoiyuran» давлат корхонасига жамоатчилик сўрови киритилди.
Сўров натижаларига кўра, келгусида жамоатчилик эшитуви ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Бугунги кунда аҳолининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга, ҳуқуқлари кафолатланишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугун биз янги тараққиёт давридамиз. Халқимизнинг дунёқараши ўзгариб, жамиятда бўлаётган ҳар бир воқеликка нисбатан юртдошларимиз ўз муносабатларини билдирмоқда.
Корхона, ташкилот ва муассасалар жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш орқали ўз фаолиятини транспарентлик ва очиқлик асосида олиб бориши лозим. Зеро, жамоатчилик назорати фаолиятни кузатиш, баҳолаш ва огоҳлантириш функциясини амалга оширади, масъулиятни ошириш ва фаолиятни самарали ташкил қилиш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан «Navoiyazot» АЖга ҳам шу мазмунда мурожаат қилинган эди.