баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Тошкент вилоятида арзон ва кўркам уй-жойлар қурилиши жадаллашади

    2021-2022 йилларда умумий қиймати 11,5 триллион сўм бўлган 125 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириб, 8 062 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

    Қурилиш соҳаси аллақачон мамлакатимиз иқтисодиётининг “драйвери”га айланиб улгурди. Охирги йилларда республиканинг барча ҳудудларида замонавий бино-иншоотлар, кўп қаватли уй-жойлар қуриш кўлами бир неча баробарга ошди. 

    Аҳоли сонининг ортиши, жойларда йирик корхоналарнинг ишга тушиши ҳисобига одамларнинг яшаш жойларига бўлган талаби ўсиб бориши табиий. Айни шароитда бу борадаги эҳтиёжни қондиришга бўлган саъй-ҳаракатлар жадаллик билан олиб бориляпти. Аммо мақсад фақатгина сон натижадорлигига эришишдан иборат эмас. Давлатимиз раҳбари ҳар гал шу йўналишда ўтадиган йиғилишларда соҳа вакиллари олдига арзон ва сифатли уй-жой қуриш вазифасини қўйяптики, одамларнинг уларни харид қилишга қурби ҳам, имконияти ҳам етсин.

    Президент жорий йилнинг 18-19 март кунлари Тошкент вилоятида бўлиб,  амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик корхоналар фаолияти билан танишиш жараёнида ҳам уй-жойлар нархларини имкон қадар тушириш, бунинг учун қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кўламини оширишга урғу берди. Юқори Чирчиқ туманидаги йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган “Евро Глобал Инвест” МЧЖ корхонасида бўлиб, “Шундай кластерларни бошқа ҳудудларда, Самарқанд ва водий вилоятларида ҳам кўпайтириш керак. Қурилишда энг муҳими нарх, сифат ва муддат. Шунинг учун рақобатбардош қурилиш материаллари тури кўп бўлса, нарх-наво арзонлашади. Бу корхонада малакали мутахассислар тайёрлаш учун марказ ташкил этиш керак”, — дея таъкидлади.

    Инвестицион лойиҳалар кўпаймоқда

    Уйнинг пойдевори мустаҳкам бўлса, узоқ йиллар ўз соҳибига “охори тўкилмасдан” хизмат қилади. Мустаҳкам пойдеворнинг асосини эса пишиқ ва бардошли қурилиш материаллари ташкил этади. Бугун жаҳон бозорида энергиятежамкор, арзон ва сифатли қурилиш материалларига талаб ортаётгани боиси ҳам шундан. Дунё малакатлари аллақачон оддий ғишт ўрнига ундан анча енгил, пишиқ, шовқин қайтарувчи, иссиқ ва совуқдан ҳимоялаш хусусиятига эга газобетондан фойдалана бошлаган. Бошқа турдаги анъанавий қурилиш материаллари ўрнини ҳам замонавийлари эгаллаб бормоқда.

    Илғор технологиялар асосида янгича қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш, бу йўналишда жаҳон тажрибасини қўллашга мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, янги корхоналар фаолияти йўлга қўйиляпти.

    2 миллион 994 минг аҳоли истиқомат қиладиган Тошкент вилоятида ҳам бу борада янги марралар кўзланган. Табиий захираларга бой бўлган мазкур ҳудудда замонавий уй-жойлар барпо этилиб, қурилиш материаллари саноати йилдан–йилда жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Ҳудудда ушбу йўналишда инвестиция салмоғи ортиши ҳисобига 2020 йилда вилоят бўйича 973 та корхона томонидан 4,9 триллион сўмлик керамик плиталар, керомагранит, газобетон, пардозбоп тошлар, металл конструкциялар каби 25 дан зиёд турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди.

    “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси берган маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2020 йил давомида юзага келган мураккаб пандемия шароитига қарамасдан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида умумий қиймати 9 триллион сўмлик 102 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 777 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, Оҳангарон туманида йилига 200 минг куб метр автоклав газобетон блоклари ишлаб чиқариш имкониятига эга “East Mining Invest” MCHЖ қўшма корхонаси ишга туширилган бўлса, Ўрта Чирчиқ туманида 201 миллиард сўм инвестиция маблағлари ҳисобига “Тошкент темир-бетон уй қурилиш комбинати” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.

    Янгича ёндашув — замон талаби

    Юқори Чирчиқ туманида ўтган йилнинг декабрь ойида иш бошлаган “Евро Глобал Инвест” МЧЖ ҳам ана шундай йирик лойиҳалардан бири. Лойиҳа қиймати 289,9 миллиард сўм бўлган корхона Германия технологияси асосида йилига 180 минг квадрат метр уй-жой қуриш учун йиғма темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш, 1 миллион тонна тош майдалаш, яна шунча асфальт тайёрлаш қувватига эга. Шу ернинг ўзида ички ва ташқи эшиклар, дераза ромлари, мебеллар ҳам ясалмоқда.

    Бугун юртимизда қурилиш кўлами кенгайиб, янгича дизайндаги темир-бетон материалларига талаб ортиб бормоқда. Шу боис, корхона мутахассислари 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига ўрнатилган Италия, Германия ва Австриядан келтирилган замонавий линиялар ёрдамида сифатли,  жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар тайёрлашга  интилади. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади.

    Кластер усулидаги мазкур корхонада ишлаб чиқариш жараёни кетма-кетлиги автоматик тарзда бир-бирига занжир мисол боғланиб кетаверади. Ишчи ходимлар юқори аниқликдаги технологияларни бошқариш асносида “ақлли” қурилмаларга зарур топшириқларни электрон дастурлар орқали бериб туради.

    — Айни пайтда корхонада 850 нафар ишчининг бандлиги таъминланган бўлиб, йил якунигача иш ўринлари сонини 1,5 мингтага етказишни режалаштирилганмиз, — деди “Евро Глобал Инвест”  MCHJ раҳбари Жамшид Иноғомов. —  Давлатимиз раҳбари корхонамизга ташрифлари давомида материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ “занжири”ни ташкил қилиб, уй-жойлар нархини янада арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Албатта, бу борадаги ишларни самарали ташкил этишга киришамиз. Шунингдек, Президентимизнинг топшириқлари асосида қисқа вақтда мутахассисларни тайёрлайдиган марказ фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.

    Тошкент вилоятида бу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида 2021-2022 йилларда ҳам умумий қиймати 11,5 триллион сўм бўлган 125 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириб, 8 062 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Жорий йилда ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 триллион сўмгача, жумладан, импорт ўрнини босувчи қурилиши материаллари ишлаб чиқариш 85 миллион долларгача, экспорт ҳажми эса 62 миллион долларга ошиши, бунинг натижасида вилоятда қўшимча 3 572 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Тошкент вилояти мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутади ва ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича улкан салоҳият бор. Ана шу йўналишларни бунданда ривожлантириш бўйича устувор вазифаларнинг белгиланиши вилоятнинг имкониятларини янада кенгайтириб, одамларнинг фаровон, ҳаётидан рози бўлиб турмуш кечиришига, янги, арзон ва сифатли уйларда умргузаронликда яшашига хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    April 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates