Мақсадимиз – халқ ҳурматига муносиб авлодни тарбиялаш

    Талабаларга ўтаётган вақтини беҳуда сарфламай, ўқиб-ўрганиши, билим ва салоҳиятини кенгайтириши, каттаю кичикка ҳурмат ва иззатда бўлиши, айниқса, ўзидаги яширин истеъдодни тинимсиз меҳнат ва изланишлари, тажрибали устоз, академикларнинг ўгит ва сабоқларига қулоқ тутган ҳолда юзага чиқариши, халқи учун муносиб фарзанд бўла олишларини англатиш учун бор куч-ғайратимизни ишга соляпмиз.

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти тасвирий санъат, дизайн, санъатшунослик ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрлайдиган республикадаги етакчи олий таълим муассаси саналади.

    Ижодкорни тарбиялаш, унинг ўзига хос услубини шакллантириш ва келажакда ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялашнинг ўзига яраша машаққатли жиҳатлари мавжуд. Чунки, ижодкорларни фақатгина аудиторияда ўқитиш ёки берилган топшириқларни бажарилишини назорат қилиш орқали уларни ўз касбининг устаси сифатида тайёрлаш учун етарли бўлмайди. Шу маънода институтимизда ўз фикри, ижодий услуби ва йўналишига эга етук ижодкорни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

    Институтда ҳозирги кунда 262 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боришмоқда, шундан фан докторлари 6 нафарни, профессорлар, Ўзбекистон бадиий академияси академиклар сони 22 нафарни, фан номзодлари ва доцентлар 62 нафарни ташкил этади. Жорий йилнинг шу даврига қадар институтнинг 15 нафар профессор-ўқитувчилар илмий даража ва унвонга эга бўлишди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Амалий санъат ва дизайн факультети “Амалий графика ва бадиий фотография” кафедраси доценти Серик Пирматов “Дўстлик” ордени билан, Тасвирий санъат факультети “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори Файзуллахон Аҳмадалиев “Ўзбекистон Республикаси Халқ рассоми” фахрий унвони билан мукофотланди. Бу эса институтимиз жамоаси учун фахр ва ғурурдир.

    Талабаларга ўтаётган вақтини беҳуда сарфламай, ўқиб-ўрганиши, билим ва салоҳиятини кенгайтириши, каттаю кичикка ҳурмат ва иззатда бўлиши, айниқса, ўзидаги яширин истеъдодни тинимсиз меҳнат ва изланишлари, тажрибали устоз, академикларнинг ўгит ва сабоқларига қулоқ тутган ҳолда юзага чиқариши, халқи учун муносиб фарзанд бўла олишларини англатиш учун бор куч-ғайратимизни ишга соляпмиз.

    Ҳар бир талаба эртанги кунимизнинг бошқарувчиси, миллатимиз давомчиларидир. Ўз қадрини англай олган талаба эса эртага ҳақиқий инсон сифатида халқини ҳам қадрлай олади. Шунинг учун ҳам институтимизда таҳсил олаётган ҳар бир талабанинг оилавий аҳволини ўрганиб чиққан ҳолда, ўз устида тинимсиз ишлаб, ҳаракат қилаётган истеъдодли ёшларга моддий, маънавий ва руҳий кўмак бериб боряпмиз.

    Ҳақиқий санъатимиз тарихини сақлаш, қадрлаб, ардоқлаш, уларнинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиш, буюк дарғаларимизнинг ижод йўлларини давом эттириб, аждодлар ва авлодлар ўртасида мустаҳкам кўприк бўлишдек масъулиятли вазифани ҳам айнан шу талаба-ёшларимиз амалга оширади.

    Шу боис бугун инсон қадрини юксалтиришда айнан таълим тизимининг ўрнини оширишга эътибор қаратилмоқда. Институтда талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ўртасида турли танловлар ўтказилиши анъанага айланган.

    Танловлардан кўзланган асосий мақсад ёш ижодкорлар асарларида она юрт ва инсонни улуғлашга йўналтириш орқали ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, асарларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни ифодалаш имконини яратишдан иборат. Айтиш керак, талабалар ўртасида институтда ташкил этилаётган танловлар ва турли лойиҳалар уларни республика ва халқаро миқёсдаги кўрик-танловларда иштирок этиб, катта муваффақиятларга эришишлари учун имкон яратмоқда.

    Жумладан, жорий йил апрель ойида “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га бағишлаб ташкил этилган халқаро анъанавий “Тасвирий ва амалий санъат” фестивалида институт талабаларининг 16 нафари олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритди.

    Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган санъат фестивали доирасида ўтказилган “500 нафар рассом” мега лойиҳасида талабаримиз иштирок этиб, институтнинг 7 нафар иқтидорли талабаси ғолиблар қаторидан ўрин эгаллади. Фестивалнинг мутлоқ ғолиблиги ҳамда Гран-При соврини – Бирлашган Араб амирликларининг Абу-даби шаҳрига икки кишилик саёҳат йўлланмаси Хаттотлик ва миниатюра таълим йўналиши 2 босқич талабаси Рустам Қурбоновга насиб этди.

    Умуман олганда ўтган 2022 йил институт талабалари учун сермаҳсул йил бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 мартдаги “Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан Тасвирий санъат факультети талабаси Нилуфар Аҳмадалиева ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июндаги “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Амалий санъат ва дизайн факультети Меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш таълим йўналиши талабаси Мусирмонов Турсунмурод Баҳодир ўғли юксак эътироф – “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди ва бугунги кунда магистратура босқичида таҳсил олмоқда.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг тегишли қарорига мувофиқ жорий йилда институтимизнинг 4 нафар талабаси – Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши талабаси Мадинабону Абдумўминова, Мультфильм ва компьютер мультипликацияси таълим йўналиши талабаси Аслиддинхўжа Ҳотамов, Ҳайкалтарошлик таълим йўналиши талабаси Асадбек Раҳматуллаев ҳамда Санъатшунослик ва музейшунослик таълим йўналиши талабаси Шаҳзод Баҳодировлар “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси” совриндори бўлишди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Давлат олий таълим муассасалари магистратурасига 2022/2023 ўқув йили қабули бўйича танлов натижалари қайдномага мувофиқ институтимизнинг 11 нафар бакалавр битирувчилари имтиёз асосида магистратура босқичига ўқишга қабул қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4688-сонли қарорининг 14 бандида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг асосий биноси атроф ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қуриш ишлари белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 7 қаватли ўқув биноси қурилиши давом этмоқда.

    Шунингдек, Амалий санъат ва дизайн факультетининг моддий-техник базасини бойитиш, талабаларга қулай шароитлар яратиш мақсадида – Очиқ бюджет порталига мурожаат қилинди. Институтимиз жамоасининг фаоллиги ва ташаббускорлиги билан биз ҳам ғолиблар қаторидан ўрин эгалладик. Бу эса ёшларимизга янада кенгроқ имкониятлар яратиб беришимизда айни муддао бўлди.

    Бугун 70 ёшни қарши олаётган, тасвирий санъатдан мукаммал сабоқ бера оладиган олийгоҳ фаолиятини ривожлантириш, институтнинг молиявий, ўқув-методик ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, инфратузилмани яхшилаш, замонавий ускуналар ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

    Аббосжон Мирзораҳимов,

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик

    ва дизайн институти ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates