Мард  аскарга  муносиб  совға

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Мудофаа ва Маданият вазирликлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Мард аскарга совға” туркумида ихчам китобларни нашр этиш йўлга қўйилди.

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Мудофаа ва Маданият вазирликлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Мард аскарга совға” туркумида ихчам китобларни нашр этиш йўлга қўйилди.

    Шу йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ушбу туркумда чоп этилган дастлабки 11 номдаги китоблар тақдимот маросими ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, офицерлар, сержантлар, ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаблари” курсантлари, муддатли ҳарбий хизматчилар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, вазирлик фахрийлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Тадбир видеоконференц-алоқа тизими орқали Мудофаа вазирлигининг тегишли ҳарбий округлари хизматчиларига ҳам онлайн намойиш қилинди.

    Сўнгги йилларда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган янгича ислоҳотлар туфайли юртимизда шаклланган “Халқ билан армия – бир тану бир жон” деган эзгу анъана, айниқса, ижодкорларимиз ва ҳарбий хизматчилар орасида тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

    “Мард аскарга совға” туркумидаги тўпламларда истеъдодли адибларимизнинг юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган энг сара ҳикоялари, шеър ва достонларидан парчалар, шу мавзудаги машҳур қўшиқлар матнлари жамланган.

    Уларнинг барчаси юрт ҳимоячиларини юксак ватанпарварлик, жасорат ва матонат, фидойиликка даъват этади.

    “Мард аскарга совға” лойиҳасини мунтазам давом эттириш ва ушбу китобларни тез орада барча ҳарбий қисмлар ва округлар, ҳарбий таълим муассасаларига етказиш режалаштирилган.

    Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, таниқли шоирлар Зебо Мирзаева, Сухроб Зиё ва бошқалар ихчам ва қулай ҳажмда нашр этилаётган ушбу китоблар аскар ва курсантларнинг доимий ҳамроҳига айланиб, уларни она Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишга, эл-юртимиз озодлиги, халқимиз фаровонлиги учун курашишга, мана шу йўлда жон фидо этган буюк аждодларимиз ва қаҳрамон юртдошларимизга муносиб бўлишга даъват этишига ишонч билдирдилар.

    Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Муҳаммадали Абдуқундузов, Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Тошпўлат Маткаримов ва бошқа санъаткорлар томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари ва қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

    Баҳодир ўғлонларга бағишланган китоблар

    Хайриддин СУЛТОНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси:

    Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш, жумладан, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, уларнинг жанговар руҳини ошириш, ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар қалбида она юртга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш, бу борада таъсирчан тарғибот ишларини олиб бориш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

    Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига биноан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Маданият вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан ушбу йўналишда алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Ана шу дастур доирасида Қуролли Кучлар тизими ҳарбий хизматчилари, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари учун “Мард аскарга совға” туркумида ихчам китобларни нашр этиш йўлга қўйилди.

    Айни вақтда ушбу туркумдаги дастлабки 11 та китоб нашрга тайёрланиб, жами 35 минг нусхада чоп этилди.

    Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли юртимизда “Халқ билан армия – бир тану бир жон” деган эзгу тамойил тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Халқ ва армия ўртасида қарор топаётган мана шундай якдиллик, айниқса, ижодкорларимиз ва ҳарбий хизматчилар орасида тобора мустаҳкамланиб бораётгани барчамизни мамнун этади.

    Бугунги кунда шоир ва ёзувчиларимиз, санъаткорларимиз, театр ва кино актёрлари, рассомлар доимий равишда ҳарбий қисмларда бўлиб, аскарлар билан самимий учрашувлар ўтказмоқда. Замонамиз қаҳрамонлари бўлган мард ва ватанпарвар ҳарбийларимиз ҳақида турли бадиий асарлар яратилмоқда. Мудофаа вазирлиги қошида тузилган Жамоатчилик кенгашида кўплаб таниқли ижодкорларимиз ҳам фаолият олиб бормоқда.

    Яқинда дунё юзини кўрган “Мард аскарга совға” туркумидаги китобларни ана шу ҳамкорликнинг изчил давоми сифатида баҳоласак, адашмаган бўламиз.

    Ўз ҳаётини дунёдаги энг шарафли ва муқаддас вазифага – Ватан ҳимояга бағишлаган ҳарбий хизматчиларимиз ва ижодкор зиёлиларимиз ўртасида мана шундай якдиллик ва ҳамкорлик тобора кучайиб бораётгани жуда эътиборлидир.

    Тарихимизнинг қайси даврини олмайлик, халқимиз азалдан ўз ҳаётининг қалқони бўлган, уни турли бало-қазолардан ҳимоя қиладиган, эгнига ҳарбий либос кийган ўғлонларига ҳамиша катта ишонч ва ҳурмат билан муносабатда бўлганини кўрамиз.

    “Мард аскарга совға” туркумидаги китоблардан ўрин олган энг сара шеър ва ҳикояларни ўқиб, бу ҳақиқатга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.

    Жасорат, мардлик, қаҳрамонлик ва баҳодирликни, қўлига қурол тутган Ватан ҳимоячисини улуғлаш, унга меҳр-эътибор кўрсатиш – адабиёт ва санъатимизнинг доимо бош мавзуларидан бўлиб келади.

    Ёдингизда бўлса, машҳур “Алпомиш” достонида Барчин ўзига совчи қўйган алп ўғлонлар олдига оғир шарт қўяди.

    Яъни:

    “Минг қадамдан мис тангани урганга –

    Мен тегаман мана шундай мерганга”, дейди.

    Энди, минг қадамдан ўқ-ёй билан мис тангани бехато уриш учун йигит албатта, ҳозирги тил билан айтганда, моҳир снайпер бўлиши керак.

    Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун қадрли ҳарбийларимизга тақдим этилаётган ушбу туркумнинг “Мард аскарга совға” деб номланишида албатта чуқур маъно бор. Бу китоблар мардларнинг мардларига, ботирларнинг ҳам энг ботирларига бағишланади.

    Айни вақтда, ушбу китоблардан ўрин олган гўзал ва етук асарлар муаллифлари ҳам – ҳазрат Алишер Навоийдан тортиб Муҳаммад Юсуфгача, Бобур Мирзодан тортиб Алишер Ибодиновгача, Зулфияхонимдан тортиб Зебо Мирзаевагача – барча-барчалари сўз лашкарининг шижоатли жангчиларидир. Уларнинг энг кучли, энг таъсирчан асарлари, шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги ёрқин қўшиқлар тўплами бундан буён мард аскар ва сержантлар, офицер ва генералларимизнинг маънавий ҳамроҳига айланади, уларни доимо юксак марраларга руҳлантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз.

    Бугунги кунда дунёда ва минтақамизда турли хавф-хатар ва таҳдидлар, қуролли тўқнашувлар тобора кучайиб бораётган бир даврда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, шу мақсадда Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ватанпарварлик туйғуси ва жанговар руҳини юксалтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бунга барчамиз – мана шу гўзал ва бетакрор юртда, жонажон Ўзбекистонимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро, ҳар бир ватандошимиз нафақат гувоҳмиз, балки биринчи навбатда масъулдирмиз.

    Мир Алишер Навоий қандай буюк гуманист инсон бўлгани тарихдан яхши маълум. Ул зотнинг сафар чоғида чодирига ин қўйган мусича уясини буздирмасдан, қуш токи полапонларини учирма қилиб кетгунига қадар кутгани тилларда достон бўлган. Аммо шундай беозор инсон ҳам юрт бошига иш тушганида, эл-улус тинчлигига хавф туғилганида қўлига қилич олиб жангга кирганки, бу унинг нафақат сўз мулкининг, айни вақтда ҳарб жабҳасининг ҳам амири бўлганидан далолат беради ва барчамизни аждодлар жасоратидан ибрат олишга ундайди.

    Ҳарбий хизматчиларимизга яхши маълумки, энг кичик ҳарбий гуруҳ, яъни бўлинма 11 кишидан ташкил топади. Шу маънода, “Мард аскарга совға” туркумидаги дастлабки 11 та китобни мажозий маънода бадиий адабиётимизнинг 11 номдан иборат кичик бир бўлинмаси, дейиш мумкин.

    Мудофаа вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Мард аскарга совға” лойиҳасини мунтазам давом эттириш ва ушбу китобларни тез орада барча ҳарбий қисмлар ва округлар, ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига етказиш режалаштирилган.

    Ўйлаймизки, ихчам ва қулай ҳажмда нашр этилаётган ушбу китоблар аскар ва курсантларнинг доимий ҳамроҳига айланиб, уларни она Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишга, эл-юртимиз озодлиги, халқимиз фаровонлиги учун курашишга, мана шу йўлда жон фидо этган буюк аждодларимиз ва қаҳрамон юртдошларимизга муносиб бўлишга даъват этади.

    “Миллий руҳ – енгилмас куч”

    Баҳодир ҚУРБОНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири:

    Бугунги кунда миллий армиямиз ҳарбий хизматчилари онгига Ватанимиз дахлсизлигини, миллий мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраш, ҳар қандай тажовузга қарши мардонавор курашиш, юрт ҳимоячиси номини шараф билан оқлашдек шарафли ғояни, миллий ғурур ва жанговар руҳни чуқур сингдириш – Қуролли Кучларда юқори жанговар шайлик, барқарор ахлоқий-руҳий ҳолат ҳамда шахсий таркибнинг ғалабага бўлган мустаҳкам ишончини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

    Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда миллий армиямизнинг жанговар қобилияти ва унинг маънавий қиёфасини тубдан ўзгартириш борасида кенг қўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Бу ўринда биргина мисол. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қўшинларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун дастуриламал бўлди.

    Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар ўртасида ўзаро ижобий тажриба алмашиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг жанговар ва касбий тайёргарлигини, ўзига ишончини мустаҳкамлаш мақсадида “Мен ғолиб” шиори остида 90 га яқин армия ўйинлари ўтказилиши йўлга қўйилди.

    Амалга оширилган ана шундай ишлар натижасида билаги кучга тўлган, ўзига ишончи мустаҳкам бўлган ўғлонларимиз Халқаро армия ўйинларида, шунингдек, АҚШ, Туркия, Буюк Британия ва бошқа бир қатор етакчи хорижий давлатларда турли мутахассислар ўртасида ўтказиб келинаётган нуфузли ҳалқаро танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, ҳеч кимдан кам эмаслигини яққол намоён этишмоқда.

    Албатта эришилган бундай ютуқлар ҳаммамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлаб, кучимизга куч ва ғайрат қўшади.

    Давлатимиз раҳбарининг: “Ҳар бир аскар ва сержантда, офицер ва генералда, бутун шахсий таркибда миллий руҳ ва ғурур кучли бўлиши керак. Миллий руҳ – бу енгилмас куч”, деган фикрларида катта ҳаётий ҳақиқат мужассам. Зеро, чинакам Ватан ҳимоячиси бўлиш учун аскарлар нафақат ҳарбий сир-синоатларни эгаллаши, шунингдек, маънан баркамол ва руҳан тетик бўлишлари даркор. Айнан маънавият ва маърифат, миллий ўзлигимизни англаш орқали ҳақиқий ватанпарвар, юртга содиқ ўғлонларни тарбиялаб вояга етказиш, ҳалқимизнинг маънавий ва миллий дунёқарашини юксалтиришга эришишимиз мумкин. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, адибларимиз томонидан яратилаётган бадиий асарларнинг ўрни, хизмати беқиёсдир.

    Мен фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли ёзувчи ва шоирларимиз, маданият ва санъат намояндаларига “Мард аскарга совға” туркумидаги мана шундай долзарб мавзудаги китобларни тайёрлаб бизга тақдим этаётгани, миллий армиямизнинг маънавий қиёфасини юксалтириш, унинг жанговар руҳини мустаҳкамлаш йўлидаги катта хизматлари учун барча ҳарбийларимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

    Ватанпарварлик – энг муҳим омил

    Бахтиёр НУРИЛЛАЕВ,

    оддий аскар:

    Инсон тафаккурининг юксалишида китобнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу боис, муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратилган. Инсон китоб мутолаа қилар экан, унинг онги ва тафаккури юксалади, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, яхшилик, халоллик ва поклик каби олижаноб ҳис-туйғулар, шунингдек, инсон характери ва турмуш тарзида зарур бўладиган ижобий хатти-ҳаракат шаклланади, ривожланади.

    Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган “Мард аскарга совға” китоблар тақдимотида иштирок этиб, ҳарбий хизматчининг онги ва тафаккури, миллий руҳи ва ғурури юксалиши, қийин ва оғир вазиятларда тўғри ва оқилона қарор қабул қила олиши, ўзига ишончи ортишида қадимий ва бой тарихимиз, миллий урф-одатларимиз, адабиёт ва санъатимиз беқиёс ўрин тутишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

    Армиянинг кучи ва қудратини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири аскарлар қалбидаги ватанпарварлик туйғуси билан бевосита боғлиқ эканини инобатга олган ҳолда, “Мард аскарга совға” лойиҳасини мунтазам давом эттириш лозим, деб хисоблайман. Ушбу китоблар мен ва сафдошларимни ҳамиша эл-юрт ҳимоясига шай туришга, Ватанимиз озодлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жон фидо этган буюк аждодларимиз ва қаҳрамон юртдошларимизга муносиб издош бўлишга даъват этиб туради.

    Катта таассурот уйғотмоқда

    Асадбек АБДУСАТТОРОВ,

    Қуролли Кучлар академияси курсанти:

    Жангда душман устидан ғалаба қозониш, душманга муносиб зарба бериш учун ҳарбий хизматчи жисмонан бақувват бўлиши шарт. Бироқ жангчи жисмоний жиҳатдан кучли бўлиб, аммо унда миллий ғурур ва жанговар руҳ шаклланмаган бўлса, мағлубиятга юз тутиши муқаррар.

    “Ҳарбий хизматчида миллий ғурур ва жанговар руҳ қандай пайдо бўлади? Бунинг учун нима қилиш керак?” – деган саволларга биз “Мард аскарга совға” китоблар тақдимотида жавоб олдик, десам, муболаға бўлмайди.

    Ушбу тадбирда мен ҳарбий хизматчида миллий ғурур, жанговар руҳ шаклланиши ва ривожланишида шоир ва ёзувчиларимиз, санъаткорларимиз, театр ва кино актёрларининг ўрни беқиёс эканини кўрдим.

    Бу китобларда жамланган она Ватанга садоқат, фидойилик, мардлик ва жасорат каби фазилатлар тараннум этилган энг сара ҳикоялар, шеър ва достонлар бизда катта таассурот уйғотмоқда.

    Бу китоблардан академияда бўлиб ўтадиган турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, жисмоний машғулотлар, парк-хўжалик кунлари ва дам олиш соатларида кенг фойдаланишни йўлга қўямиз.

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

    Сирожиддин САЙЙИД,

    Ўзбекистон халқ шоири:

    Бу дунёда кураш кетар туну кун,

    Ҳар қарич онг, ҳар бир қарич қалб учун.

    Уйғон, болам, энг бебаҳо бахт учун ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Жаҳолатнинг байроғи ҳам қорадир,

    Инсон яшар ёруғлик барҳақ учун.

    Ҳар ўғил-қиз, билсанг, жигарпорадир ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Ошу нон деб ном сотганлар, аё, сиз,

    Ўйламангким рўзғорлари талх учун,

    Кураш кетар тинимсиз ва аёвсиз ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Разолат тинч турмас ахир ҳеч қачон,

    Отлангандай ҳар тонг ҳарбу зарб учун,

    Ҳушёр бўлгил, бедор бўлгил, болажон ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Боболаринг хокин бориб суриштир,

    Туғларию туғроларни кўр кучин:

    Умрлари бошдан оёқ курашдир ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Маърифатдан нажот изла, иста ком,

    Ўқиган ҳар бир китобинг бир устун,

    Бир қўрғондир, мустаҳкам бир истеҳком ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Давр сендан шиддат кутар, жадал қил,

    Ёш жонингга шунча таҳдид, хавф учун,

    Умрингни ҳар онин жангу жадал бил ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Шу миллатнинг кўрки сенсан, нақши сен,

    Жисму жонинг сафарбар эт, қалқ бутун.

    Ёвузликка ўзинг тургин қарши сен ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Элнинг шаъну шавкати ҳам зиёси

    Сўнмас асло то бор экан бу очун.

    То уйғоқдир ҳар бир кўзи қароси ‒

    Ватан учун, миллат учун, халқ учун.

    Эл азиз, инсон азиз

    Иқбол МИРЗО,

    Ўзбекистон халқ шоири:

    Мўътабар меросдир бизга: ер азиз, осмон азиз.

    Бу муқаддас юртимизда эл азиз, инсон азиз.

    Табаррук тупроқда унган майсалар ҳам тўтиё,

    Боғбон меҳри бирла боқсанг, гул азиз, бўстон азиз.

    Беқадр кечди замонлар, беқадр ўтди башар.

    Қадр топган шул даврни бил азиз, даврон азиз.

    Имонли севгай Ватанни, имонсизлар беватан.

    Муҳаддислар юртидир бу, дил азиз, имон азиз.

    Азизим, қардош дўстим, боғимиздир мунтазир,

    Меҳмондўст ўзбек элига кел, азиз, меҳмон азиз.

    Қутлуғ Ватаннинг мадҳига қўлда созим тинмагай

    Азиз юртдан илҳом олсанг, шеър азиз, достон азиз.

    Мўътабар меросдир бизга: ер азиз, осмон азиз.

    Бу Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates