«Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг мажлиси бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 11 август 2020 726

    2020 йил 11 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов видеоконференция шаклида «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди.

    Тадбирда, шунингдек, Япония Ташқи ишлар вазири Тошимитсу Мотеги, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.

    Видеоконференция чоғида коронавирус инфекциясига қарши биргаликда курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш масалалари, ҳозирги пандемия шароитида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Томонлар хавфли инфекцияларга ташхис қўйиш, даволаш ва уларнинг олдини олиш борасида маълумот, тажриба ва услублар алмашиш ҳамда эпидемиология соҳасидаги илмий тадқиқотлар билан бўлишиш учун Мулоқот иштирокчи давлатлари мутасадди идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг кўп томонлама механизмини ташкил этишнинг муҳимлигини қайд этдилар.

    Тиббиёт кадрларини тайёрлаш борасида алоқаларни йўлга қўйиш, фармацевтика ва дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

    Ҳамкорликнинг юқори динамикасини ва Марказий Осиё давлатлари ва Япония иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун тегишли чораларни қабул қилишнинг зарурлиги эътироф этилди. Хусусан, озиқ-овқат тақчиллигини юмшатиш учун қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди.

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири мажлис иштирокчиларини коронавирус инфекциясига қарши самарали курашиш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини комплекс қўллаб-қувватлаш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилди.

    Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш ва трансчегаравий эпидемияларга қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилди.

    Музокараларда кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.