«Марказий Осиё + Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 26 декабр 2022 1833

    2022 йил 24 декабрда Токио шаҳрида «Марказий Осиё+Япония» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида транспорт боғлиқлиги, логистика, саноат кооперацияси, соғлиқни сақлаш, таълим ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида икки ва кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

    Учрашувда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

    Мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Япония Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини таъминлашда ишончли ҳамкор эканлигини, минтақа мамлакатлари иқтисодиётини саноат ва инфратузилма модернизациясига салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

    Сўнгги йилларда Марказий Осиёда янги сиёсий муҳит шакллангани, кўплаб масалалар ҳал этилгани, иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилгани, инсонлар ўртасида эркин мулоқот учун шароит яратилгани алоҳида қайд этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2016 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ошиб, 6,4 миллиард долларни ташкил этди.

    Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жумладан, «Марказий Осиё+Япония» бизнес-мулоқотини ўтказиш, Япония ноу-хау ва инвестицияларини жорий этиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт тизимини рақамлаштириш, барқарор энергия таъминоти, «яшил» кун тартибини илгари суриш, тиббиёт муассасалари ва корхоналарини яратишда Япониядан грант маблағларини жалб этиш бўйича ташаббуслар эълон қилинди.

    Кадрлар малакасини ошириш, миграция, туризм, маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.