Марказий Осиё «ақл марказлари»: салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик

    12 ноябрда Тошкент халқаро мунозара клуби доирасида «Марказий Осиё «ақл марказлари»: салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик» мавзусида минтақавий форум бўлиб ўтди. Тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Миллий ва хорижий экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлашда таҳлилий ва тадқиқот марказларининг иштироки, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, минтақадаги таҳлилий фаолиятнинг бугунги ҳолати, экспертлик салоҳиятини ошириш, «ақл марказлари» учун доимий мулоқот майдонларини яратиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш истиқболларини кўриб чиқди.

    Иштирокчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда Марказий Осиё ривожланишнинг ижобий динамикасини намоён этяпти. Барча соҳаларда минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланяпти. Минтақа ичидаги хавфсизлик, давлат чегаралари ва сувдан фойдаланишга оид энг долзарб муаммолар тизимли равишда ҳал этиляпти. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учта маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Ҳукумат раҳбарлари ва ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг мулоқотлари ҳам мунтазам ўтказиляпти. Ҳамкорликнинг бундай жадал тус олишидан минтақадаги барча давлатлар манфаат кўряпти.

    Минтақавий ҳамкорликни кучайтириш бу – объектив, барқарор ва қайтариб бўлмас тенденциядир. Унинг замирида минтақа давлатларининг сиёсий иродаси ва чуқур тарихий нуқтаи назари ётади.

    Таҳлилчилар таъкидлашича, ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо деярли йўқ, фақат уни бартараф қилиш учун сиёсий ирода зарур. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилдаёқ минтақавий сиёсат негизида «ўткир масалалардан юз ўгирмай, оқилона муроса йўлини излаш» тамойилига амал қилиш даркорлигини англатди. Минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда замон чақириқларига жавоб бериш ва ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда «ақл марказлари» (think tanks) муҳим роль ўйнаши мумкин.

    Ўтиш даврида, кенг кўламли трансформациялар ва минтақа тараққиёти шароитида турли масалалар бўйича экспертиза аҳамиятга эга. Минтақадаги интеграциялар ва яқинлашув жараёнлари янги кун тартибини шакллантиряпти. Ҳукуматлар, парламентлар ва бошқа тузилмалар томонидан муайян тармоқни, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқиш мутахассислар кўмагини талаб қилади. Бунда энг яхши воситалардан бири – Марказий Осиёда фаолият юритаётган «ақл марказлари» салоҳиятидан фойдаланишдир.

    Давлат ва мустақил таҳлилий ташкилотлар минтақадаги энг муҳим сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ўрганяпти. Улар давлат органлари ва халқаро ташкилотларга ўз ғоя ва тавсияларини тақдим этиши, Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган энг долзарб муаммолар ечимини излашда минтақавий мулоқотга кўмаклашиши мумкин.

    Нуфузли «ақл марказлари» саноати ривожланган мамлакатларда жойлашган. Кўп ҳолларда уларнинг шарофати билан ушбу мамлакатларни ривожлантириш оптимал траектория (ҳаракат йўли) бўйича амалга ошириляпти. Бугунги кунда дунёда 180 дан ортиқ мамлакатларда 7 000 га яқин «ақл марказлари» бор. Бундай марказларнинг энг кўпи АҚШ, Ғарбий Европа, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Японияда фаолият юритмоқда.

    Иштирокчиларнинг фикрича, таҳлилни ривожлантириш ва «ақл марказлари»ни, шу жумладан хусусий «ақл марказлари»ни қўллаб-қувватлаш бўлажак ўзгаришлар натижаларининг индикаторига айланади. Академик ҳамжамият ва таҳлилий тадқиқот институтларининг ўзаро ҳамкорлиги учун доимий платформалар ҳамда мулоқот майдонларининг яратилиши ахборот алмашишга, илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга ёрдам беради. Муқобил ҳисоботлар, қўшма минтақавий тадқиқотлар ҳукуматларга Марказий Осиёдаги долзарб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, ўзаро ҳамкорликнинг янги нуқталарини топиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда кўмак бўлиши мумкин. «Ақл марказлари» юқори даражадаги учрашувлар ва конференцияларни тегишли таҳлиллар билан таъминлашга хизмат қилади.

    Мустақил экспертиза ва диагностика вақт ва маблағни тежаш, стратегик ва тактик хатоларни минималлаштириш, давлат ва минтақавий қарорлар муҳокамасига жамоатчилик фикрини киритиш имконини беради. Шу боис ташаббускорлик ва танқидий фикрлашни рағбатлантириш, минтақавий илмий лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Грант дастурлари ва қўшимча моддий рағбатлантириш орқали «ақл марказлари»нинг, шу жумладан нодавлат ташкилотларнинг стажировка ўташ тизимини йўлга қўйиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш ўз самарасини беради. Статистикани янада ривожлантириш, минтақа шароитида ишончли ахборотнинг очиқ ва фойдаланиш мумкин бўлган манбалари сонининг кўпайиши таҳлилий фаолиятнинг фаоллашувига ҳам туртки бўлади.

    Таъкидланганидек, таҳлил – давлат ва ташқи сиёсатнинг ҳолати, ривожланиши ва истиқболининг «қаймоғи»дир. Сиёсий ва иқтисодий таҳлил давлат сиёсатининг интеллектуал таянчини ташкил этади, муқобил нуқтаи назар билан таъминлайди.

    Форум якунлари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари билан «ақл марказлари», экспертлик ҳамжамиятлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг минтақада конструктив ташқи сиёсатни илгари суриш, сиёсий, иқтисодий, геосиёсий ва бошқа масалаларда доимий мулоқот учун платформалар яратишдаги ролини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Маълумот учун: Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармонига мувофиқ, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қошида Халқаро мунозара клуби ташкил этилди. Мунозара клуби фаолияти долзарб ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий масалаларни муҳокама этиш, турли соҳалардаги тенденцияларни шакллантириш, таклифлар ишлаб чиқиш, экспертлар, шу жумладан хорижий ва халқаро ташкилотлар тавсиялари билан инновацион ғоялар ва қарашларни тарғиб қилишга қаратилган.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates