Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўзаро шерикликни мустаҳкамламоқда

    Халқаро ҳамкорлик 28 сентябр 2021 642

    Бугунги кунда аёлларнинг бизнесдаги ўрни янги босқичга кўтарилиб, жадаллик билан ўсишда давом этяпти.

    Аёллар раҳбарлик лавозимларида бўлиши компанияларнинг иқтисодий муваффақиятига, бизнесни бошқаришга ва унинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатаётгани ҳам сир эмас.

    2021 йил 28 сентябрда Савдо саноат палатасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида «B2B» учрашувлари форматида онлайн тарзда Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида Кооперацион биржа ўз ишини бошлади. 3 кун давомида бўлиб ўтадиган тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди.

    Қайд этиш жоизки, ушбу Кооперацион биржа Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик ва ишбилармонлик шерикликни йўлга қўйиш мақсадида ўтказиляпти.

    Тадбир очилишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти раиси Танзила Нарбаева ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска иштирок этиб, нутқ сўзладилар.

    Т.Нарбаева Марказий Осиё тадбиркор аёлларини бизнес атрофида бирлаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда аёлларга яратилаётган шарт-шароитлар ва қўшни давлатлардаги тадбиркор аёллар билан йўлга қўйилаётган янги ҳамкорлик ишларига алоҳида тўхталиб ўтди.

    — Ўзбекистонда тадбиркор аёлларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Айни вақтда республикамизда 170 мингдан ортиқ тадбиркор аёл мавжуд. Аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият юритаётган давлат жамғармаси томонидан тадбиркор аёллар лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар ажратиб келиняпти. Барча вилоятларда ҳар йили 30 мингдан ортиқ аёлни тадбиркорликка ўқитиш ва қайта тайёрлаш, иш билан таъминлаш масалалари бўйича амалий ёрдам кўрсатувчи марказлар фаолият юритяпти, — деди Сенат раиси Т.Нарбаева.

    Марказий Осиё ишбилармон аёлларининг «B2B» учрашувлари саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, санъат ва ҳунармандчилик ҳамда инновацион технологиялар каби мавзули сессияларга бўлинган.

    Кооперацион биржа давомида Марказий Осиё тадбиркор аёллари бўлажак шериклари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатади, келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилади. Бу эса аёлларнинг имкониятларини янада кенгайтириб, икки томонлама ва минтақавий форматларда ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга кўмаклашади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Тадбир якунларига кўра, ҳар бир тематик сессия натижалари сарҳисоб қилиниши ва Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўртасидаги эришилган келишувлар эълон қилиниши кутилади.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates