Марказий Осиё ва АҚШ ТИВ раҳбарларининг «C5 + 1» шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 22 сентябр 2021 888

    2021 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов видеоконференция орқали БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида ташкил этилган Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг «С5+1» шаклидаги учрашувида иштирок этди.

    Учрашувда Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби иштирок этди.

    Ташқи сиёсий идора раҳбарлари иқтисодиёт, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

    Делегациялар раҳбарлари Афғонистондаги вазият кўриб чиқдилар, гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, ушбу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлайдиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигини таъкидладилар.

    Минтақадаги мамлакатлар барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.