Марказий Осиёдаги энг йирик университетда яқин келажакда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

    Таълим 26 октябр 2021 1430

    Аграр сектор учун малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича бир қатор олий таълим муассасалари шуғулланади, шу жумладан, Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ) улар орасида етакчидир.

    Ўқув йили бошида ТДАУга янги ректор, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев тайинланди. Унга Аграр университет билан боғлиқ барча масалалар, жумладан, ўқув жараёнларини такомиллаштириш вазифаси юклатилди. 2021 йил 23 октябрда бўлиб ўтган махсус тақдимот-учрашувида Жамшид Ходжаев ишчи гуруҳи мутахассислари иштирокида бир нечта йўналишлар бўйича университетда мавжуд муаммоларнинг таҳлилий натижалари, кутилаётган ўзгаришлар ва янгиликлар билан университет талабалари ва профессор-ўқитувчиларни таништириб ўтди.

    Шунингдек, ушбу учрашув доирасида ҳозирда 2 000 га яқин талаба истиқомат қилаётган ТДАУнинг 5 та ётоқхонаси учун автоматик кир ювиш машиналари, газ плиталари, иккита камерали совиткичлар, чойшаб, ёстиқжилдлар, жиҳозлар ва кундалик ҳаётда асқатадиган бошқа буюмлар бевосита талабаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда топширилди.

    12 та янгилик ва ТДАУдаги бошқа ўзгаришлар: рақамлар ва далилларда

    Бугунги кунда қарийб 11 минг талаба таҳсил олаётган Марказий Осиёнинг энг йирик аграр университети – ТДАУ ҳудуди тахминан 30 гектар майдонни қамраб олади. Бу ерда 20 та бино ва иншоотлар жойлашган бўлиб, уларнинг орасида 8 та ётоқхона (5 та амалдаги ва 3 та фойдаланишдан чиққан), ўқув, лаборатория ва маъмурият бинолари, ошхона ҳамда йирик спорт мажмуаси мавжуд.

    - Жорий йилнинг октябрь бошидан бошлаб, ТДАУдаги ўқув-таълим, ижтимоий-иқтисодий ва маъмурий жараёнларни такомиллаштириш масалаларига маҳаллий ва хорижий экспертлар таклиф этилган бўлиб, жорий вазиятни ўрганиш ва таълимнинг барча жараёнларини тўлиқ оптималлаштириш уларга вазифа сифатида юклатилган.

    - Мутахассислар томонидан соҳани ривожлантириш юзасидан талабаларнинг амалиётларини етакчи агрокорхоналарда ва илмий-тадқиқот марказларида ўташ тизими йўлга қўйилади, талабалар ва ўқитувчиларнинг хорижда малака оширишига, шунингдек, педагогларнинг малакасини тизимли ошириб боришига ҳамда таълим соҳасида замонавий ёндашувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Университетнинг ўзини ўзи бошқариш ва ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтилади, таълим сифатини текшириш тизимини ривожлантириш, университет бошқарувини автоматлаштириш ҳамда унинг рақобатдошлигини ошириш бўйича аниқ стратегиялар ишлаб чиқилади.

    Профессор-ўқитувчиларнинг ишга, талабаларнинг ўқишга келиб-кетиш тизими тўлиқ назоратга олинади, йил якунига қадар 6 дона «FACE CONTROL» ускуналари ва аудиторияларга кузатув камералари ўрнатилиши режалаштирилган.

    - Йирик агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, улар дастлабки босқичда 4 та долзарб мавзу бўйича маҳорат дарсларида иштирок этади.

    - Вазирлик тизимидаги 5 та олий таълим муассасалари, 13 та илмий-тадқиқот институтлари ҳамда 18 та техникумларнинг ўқув ва илмий адабиётларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ягона электрон маълумотлар базасига бирлаштириш бўйича «Ахборот-ресурс маркази»нинг лойиҳаси ишлаб чиқилади.

    - Ўқув жараёнига рақамли технологияларни фаол татбиқ этиш мақсадида 5 та маъруза залларига интерактив электрон минбарлар, замонавий LED-мониторлар ва бошқа технологик ускуналар ўрнатилади.

    - ОТМ биноларидаги 52 та ўқув ва 3 та илмий лабораториялар ҳолати техник экспертлар томонидан таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги доирасида амалга ошириладиган қиймати 2,0 миллион долларга тенг «марказлашган модуль лабораториялар» лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш учун тайёрланяпти. Мазкур лабораториялар профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёни чоғида фойдаланиши ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорларга амалий хизмат кўрсатиши учун мўлжалланган.

    - Жорий йил якунига қадар қиймати 2,6 миллион долларга тенг бўлган «Экофизиологик тадқиқотлар» илмий лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 2,0 миллион долларга тенг бўлган лаборатория жиҳозлари олиб келинди.

    - Инфратузилма ва коммунал шароитларни яхшилаш борасида ТДАУнинг ўқув, маъмурият бинолари ҳамда талабалар турар жойларини узлуксиз иситиш ва иссиқ сувни таъминлаш учун 7 та замонавий қозонхона ва 4 та ер остидан сув чиқариш иншоотини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли экспертизадан ўтказилди ва қурилиш ишларини бошлашга фаол тайёргарлик кўриляпти.

    - Яқин кунларда, тендер-харид жараёнлари якунлангач, ТДАУнинг мавжуд 5 та талабалар турар жойларининг том қисмини таъмирлаш, 8 та лифт ўрнатиш ишлари бошланади ва ўз ниҳоясига етказилади.

    Турар жойларга эҳтиёжи бўлган талабалар сонининг йилдан-йилга ортишини инобатга олган ҳолда йил охирига қадар 200 дона икки ярусли каравотларни харид қилиш ҳисобига қўшимча 400 ўринни яратиш режалаштирилган.

    - 2022 йил сентябрь ойига қадар фойдаланишдан чиққан бинолар ўрнида 800 ўринга мўлжалланган замонавий 2 та талабалар турар жойларини қуриш кўзда тутилган.

    Таъкидлаш керакки, илм маскани ташкил этилганига қарийб 90 йилга яқин вақт ўтган бўлсада, бугунги кунга қадар унинг балансида бўлган ер участкалари ва мол-мулкларига нисбатан ҳуқуқлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университети ва унинг ҳузуридаги «Ахборот-маслаҳат маркази» ДУК томонидан бугунги кунда фойдаланиб келинаётган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни белгилашни назарда тутувчи Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    «Булар фақат яқин келажакдагина ТДАУни кутаётган дастлабки ўзгаришлар холос, – деди қишлоқ хўжалиги вазири ва ТДАУ ректори Жамшид Ходжаев. – Олийгоҳ раҳбарияти ва бизнинг ривожлантириш бўйича жалб қилган мутахассисларимиз бошланган ислоҳотлар ва янгиликлар талабалар ҳамда педагогларнинг ўқув жараёнига бўлган қизиқишини оширишига, ва албатта, таълим сифати даражасига ўз таъсирини ўтказишига ишонамиз. Буларнинг барчаси илм-фан ва технологиялар асосида, ер ва сув ресурсларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалигини шиддатли равишда ривожлантиришдан манфаатдор бўлган аграр соҳанинг янги мутахассислари пайдо бўлиши учун асос бўлиши даркор. Бу бугуннинг ўзидаёқ истиқболли аграр секторни ривожлантириш ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳақиқатан ҳам муҳим ва керакли бўлган масаладир».

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates