Марказий Осиёдаги энг йирик хомашё савдо майдончаси

    Унинг 13 та ҳудудий филиали, 1000 дан ортиқ брокерлик идораси ва 3000 дан зиёд трейдери, 300 дан зиёд маҳаллий ва 15 та хорижий савдо майдончаси бор.

    “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти бугунги кунда Марказий Осиёдаги энг йирик, МДҲ мамлакатлари ичида энг етакчи хомашё савдо майдончаларидан биридир. Унинг 13 та ҳудудий филиали, 1000 дан ортиқ брокерлик идораси ва 3000 дан зиёд трейдери, 300 дан зиёд маҳаллий ва 15 та хорижий савдо майдончаси бор.

    Биржа тамойилларига биноан, барча савдо иштирокчилари уларнинг мақоми — республика резиденти ёки норезидентлигидан қатъи назар, тенг ҳақ-ҳуқуқга эга. “ЎзРТХБ” АЖ миллий ва хорижий компанияларни мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли товар активлари, шу жумладан, қора ва рангли металлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, шакар, ун, дон ва бошқа товарлар билан таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

    “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Зиёвиддин БАДРИДДИНОВ билан суҳбатимизда айнан шу вазифаларнинг қандай йўллар асосида амалга оширилиши, савдоларни ташкил этишда рақамли технологияларнинг аҳамияти масалаларига алоҳида урғу берилди.

    — Энг аввало, бир саволга аниқлик киритиб олиш мақсадга мувофиқ бўлса керак. Ўзбекчага ўгирилганда “ҳамён”, “чўнтак” деган маъноларни билдирган, тарихий аждоди бозор ва ярмаркалар ҳисобланган товар-хомашё биржаси бугунги кунда иқтисодиётимизда қандай ўрин тутади?

    — Биржа бозор иқтисодиётининг муҳим элементларидан бири. Унда талаб ва таклиф, соф рақобат ва эркин нарх каби бозор қонунлари тўла ишлайди. Шу сабабли ҳар бир мамлакатда бозор иқтисодиётининг ривожлангани биржа институтларининг қай даражада тараққий этгани билан ҳам баҳоланади.

    Биржа савдо ташкилотчиси ҳисобланади ва ўзининг фаолиятида шаффофлик ва ошкорлик тамойилларига риоя қилади. Яна бир муҳим вазифаси — котировкалаш, яъни ҳақиқий бозор нархларини шакллантиришдан иборат.

    Биржа савдоларида иштирок этиш барча учун фойда келтиради. Бир томондан, сотувчи корхоналар биржада ўтказиладиган аукционлар ҳисобига қўшимча даромад олади. Иккинчи томондан, тадбиркорлар биржа савдоларида ҳеч қандай тўсиқларсиз, эркин иштирок этиб, зарур товар ресурсларини харид қилади. Учинчидан, биржада тузилган битимларнинг бажарилиши кафолатланади ва бу томонларнинг шартномавий интизомини кучайтиради.

    Кенг жамоатчилик фақатгина талаб ва таклиф асосида биржада шаклланган ҳақиқий нархлар тўғрисида биржанинг веб-сайти ёки оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлади. Ниҳоят, биржадаги барча жараёнлар шаффоф бўлгани сабабли бу механизм хуфиёна иқтисод ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. Пировардида буларнинг барчаси миллий иқтисодиётимизнинг янада жадал суръатлар билан ўсишига кўмак беради.

    — 2020 йил коронавирус пандемияси туфайли ҳар бир жабҳа учун синовли даврга айланди. ЎзРТХБ мазкур синовлардан қандай ўтяпти?

    — Коронавирус пандемияси нафақат Ўзбекистонга, балки жаҳон иқтисодиётига ҳам жуда катта салбий таъсир ўтказиб келяпти. Бутун дунёда ишлаб чиқариш, молия, туризм, хизмат кўрсатиш ёки бизнеснинг бошқа йўналишларида пасайиш кузатилди.

    2020 йил 11 ойлик якунларига кўра, биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2019 йилнинг мос давридагига нисбатан 23 фоиз ўсиб, 48,1 триллион сўмни ташкил этди. Бунда ўсиш бор, бироқ бу кўрсаткич янада юқори бўлиши мумкин эди. Айниқса, йил бошида биз ташқи савдолар бўйича, яъни экспорт-импорт йўналишида биржада тузилган битимлар ҳажми кескин ошишини кутаётган эдик. Бироқ COVID-19 бу режаларимизга тегишли ўзгартиришлар киритди.

    Шунга қарамай, пандемия, бир томондан, биржа соҳасига салбий таъсир ўтказган бўлса, иккинчи томондан, янги йўналишларни тезроқ ўзлаштиришимиз учун кучли туртки берди. Жумладан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар биржада янги IT-технологияларни қўллаш жараёнини янада жадаллаштирди.

    Энг аввало, биржа савдоларини брокерлар ёрдамида нафақат биржа савдо залидан туриб, балки масофадан ҳам амалга ошириш учун барча чоралар кўрилди. Шу билан бирга, электрон савдоларда инсон омили ва қоғоздан фойдаланишни максимал даражада қисқартиришга муваффақ бўлдик. Шу мақсадда exdoc.uz электрон ҳисоб-фактура хизмати йўлга қўйилди.

    Мижозларимизни масофадан қўллаб-қувватлаш учун бир қатор telegram-ботларни, шу жумладан, биржа раҳбари билан тўғридан-тўғри боғланиш бўйича @UzexMarkazBot ва муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш учун @UZEXfeedbackbot ни жорий этдик.

    Қўшимча равишда яқинда @UzExXabarBot telegram-боти ҳам ишга туширилди. Бу бот орқали фойдаланувчилар электрон савдоларда иштирок этиш тартиби, зарур аванс тўловлари, ўтказилган савдолар натижаси, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ва фаол лотлар тўғрисидаги маълумотларни олишлари мумкин.

    — Давр мазкур тизимга ҳам рақамли технологияларни жадал татбиқ қилишни тақозо этмоқда. Президентимиз томонидан имзоланган Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастурида, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар-хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор қарорларда ҳам бу борада олдинда турган вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари белгилаб берилди. Уларнинг бажарилиши биржа фаолиятига қандай ўзгаришлар олиб кирди?

    — Албатта, биржа томонидан Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили давлат дастурида ва ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Айни пайтда йил охирига келиб, ушбу дастурни тўла амалга ошира олдик, дея оламиз.

    Мисол учун, биржа савдолари соҳасида илк бор маҳсулотларни бир ойдан ортиқ муддатда кечиктирган ҳолда етказиб бериш имкониятини берувчи форвард савдолар механизми жорий этилди. Ушбу механизм, бир томондан, келажакда етказиладиган товар учун нархларни олдиндан белгилаб олиш, иккинчи томондан, маҳсулотлар учун тўловларни олдиндан олиш имконини беради. Яъни маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар харид қилинадиган товарлар бўйича нархлар ўзгарувчанлигидан ўзларини ҳимоя қилишлари, товар ишлаб чиқарувчилар эса ўз фаолиятларини янада самарали режалаштиришлари мумкин.

    Электрон тижорат соҳасида бир нечта йирик инновацион лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидаги электрон дўкон савдо майдончасида буюртмачилар томонидан давлат харидларини ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи milliydokon.uzex.uz (emilliydokon.uzex.uz) қўшимча саҳифаси ишга туширилди.

    Бунда давлат буюртмачилари ушбу саҳифадан фойдаланган ҳолда ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига кўшимча вақт ва пул маблағларини тежашлари, маҳаллий тадбиркорлар эса ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларида кенгроқ иштирок этишлари мумкин.

    Шунингдек, давлат харидлари бўйича etender.uzex.uz янги савдо тизими ҳам ишга туширилди. Мазкур тизим танлов ва тендерларни электрон шаклда амалга ошириш имконини тақдим этади.

    Кўргазма-ярмарка бўйича интернет савдоларида тузилган битимлар ижросини биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатлаш механизми ҳам ишга туширилди. Ушбу тизимнинг мобил иловаси ҳам жорий этилди. Унда yarmarka.uzex.uz веб-сайтининг барча функциялари ҳавола этилган.

    Яна бир янгилик биржанинг transport.uzex.uz логистика порталида махсус электрон савдо тизимининг жорий этилиши бўлди. Биржанинг янги электрон савдо платформаси товарларни, шу жумладан, биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистик хизматларни кўрсатишга мўлжалланган.

    Қолаверса, жорий йилда биржанинг mobilraqam.uzex.uz веб-сайтида илк бор “Beeline” мобил алоқа операторининг мобил рақамлари ҳам сотила бошланди.

    — Биржадаги барча жараёнлар шаффоф ва ошкора бўлиши зарур. Бу тамойил қандай йўллар билан таъминланяпти ва у коррупцияга қарши курашда қандай ўрин тутяпти?

    — Биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси, балки коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси ҳамдир. Бунда шаффофлик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида биржанинг барча савдо тизимларида, унинг савдолари ва онлайн аукционларнинг ҳар бир босқичида таъминланади.

    Мисол учун, биржа савдоларида иштирокчилар таклиф этилган товарлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни биржанинг uzex.uz веб-сайти орқали билиб боришлари мумкин. Биржа савдолари жараёнида брокерлар ва уларнинг мижозлари бозордаги ҳолатдан хабардор бўлишади. Электрон савдолар якунлангандан сўнг эса товарлар учун котировкалар (биржа нархлари) расмий веб-сайтимизда, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

    Айни пайтда, давлат харидлари йўналишида шаффофлик журналист ва блогерларнинг диққат марказида бўлган xarid.uz махсус ахборот портали орқали таъминланади. Унда давлат харидлари тўғрисида барча маълумотлар, шу жумладан, ўтказилган харидларининг натижалари жойлаштирилади ҳамда онлайн савдолар ўтказилади. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси эса ушбу порталнинг оператори ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган ўн бир ойида xarid.uz да 3,7 триллион сўмлик битимлар тузилди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг маблағларининг тежалиши 11 фоиз ўсиб, 804,9 миллиард сўмдан ошди.

    Шаффофлик биржанинг бошқа савдо тизимлари, жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари (yarmarka.uzex.uz), авторақам (avtoraqam.uzex.uz) ва мобиль рақамлар (mobilraqam.uzex.uz)нинг онлайн аукционларида ҳам таъминланади. Хусусан, 2020 йил январь-ноябрь ойларида avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида онлайн аукционлар орқали 240,1 миллиард сўмлик 93,9 мингдан зиёд “чиройли” авторақам сотилди. Уларнинг сотуви ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сон жиҳатдан 2,9 баравар, ҳажми бўйича 70 фоиз ўсди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,5 миллион сўмни ташкил этган.

    Бундан ташқари, биржанинг ўзида ҳам коррупцияни бартараф этиш чоралари қўрилмоқда. Масалан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида @uzexanticorruptionbot аноним telegram-боти ишга туширилган.

    Мазкур бот орқали фойдаланувчилар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашгани юзасидан ўзларининг аноним хабарларини юборишлари мумкин. Бунда юборилган хабарларнинг муаллифи тўғрисида маълумотлар, жумладан, унинг исми (тахаллуси), телефон рақами ва бошқа шахсий маълумотлари ошкор этилмайди, яъни махфийлиги тўла таъминланади.

    Ўз навбатида, @uzexanticorruptionbot telegram-ботига келиб тушган хабарлар бўйича коррупция ҳолатлари ҳақиқатга мос келиши юзасидан ички текширув ўтказилади.

    — Йил якуни сарҳисоб қилинар экан, табиийки, истиқбол режаларни ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 2021 йилда биржа савдолари ва онлайн аукционлар соҳасида яна қандай янгиликлар кутилмоқда?

    — Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг келажакдаги режаларига, биринчи навбатда, шаффофликни таъминлаш, савдоларда инсон омилини янада қисқартириш, уларнинг иштирокчилари учун янги интерактив хизматлар ва қулайликларни тақдим этиш ҳамда янги савдо турларини жорий этиш киради.

    Келгуси йилда биз электрон тижоратнинг B2C ва C2C турларини ривожлантириш чораларини кўрамиз, яъни онлайн аукционларга нафақат компаниялар, балки жисмоний шахсларни ҳам кенг жалб қиламиз.

    Биржа IT-компания ҳисоблангани сабабли 2021 йилда биржанинг амалдаги IT-инфратузилмаси янгиланади ва барча ахборот тизимларининг хавфсизлиги янада оширилади.

    Шу билан бирга, мамлакатимизда биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда талабгир озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида хорижий савдо майдончаларимиз салоҳиятини тўла ишга тушириб, ҳамкорларимиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлаймиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates