Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини кўриб чиқди

    Сайлов 29 октябр 2021 2179

    2021 йил 29 октябрда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

    Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди. Комиссия аъзолари 2021 йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

    Қайд этилганидек, пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда Президент сайловида 16 миллиондан зиёд ёки 80,4 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

    Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг мингга яқин кузатувчилари, юзлаб чет эллик журналистлар томонидан мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди.

    Сайлов кодексининг 95-моддасига мувофиқ, Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини, овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини ҳамда ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.

    Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 14 та округ сайлов комиссияларидан сайлов округи бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомалари Марказий сайлов комиссиясига белгиланган тартибда етказиб берилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Округ сайлов комиссияларининг баённомалари Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида мазкур баённомалар Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда расмийлаштирилган, деб топилди.

    Мажлис сўнгида Комиссия аъзолари 2021 йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомани тасдиқладилар. Мажлисда кун тартибига киритилган қарор очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.