Марказий сайлов комиссиясида: ЭБМ экспертлари Ўзбекистонда

    Бугун, 24 май куни Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари мамлакатимизга келди.

    Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати хабарига кўра, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари – Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси А.Громов, сайловлар бўйича маслаҳатчиси М.Баркер-Циганикованинг қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлари режалаштирган.

    ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича ЭБМ томонидан баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.

    ЭБМ экспертлари 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низомхўжаев билан учрашди.

    Экспертларга Бюронинг 2019 йилги парламент сайловларини кузатиш бўйича миссияси Якуний ҳисоботида тақдим этилган тавсияларнинг амалга оширилиши ва жорий йилда бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари борасида маълумот берилди.

    Хусусан, Якуний ҳисоботда ўз аксини топган тавсияларнинг мақбуллари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиниб, сайловларга оид миллий ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида белгиланган тадбирлар, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида мамлакат бўйлаб ташкил этилган семинар-тренинглар, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда амалга оширилаётган бошқа ишлар самаралари қайд этилди.

    Сайлов тизими ислоҳотлари билан танишган ЭБМ экспертлари юртимизда сайлов тартиб-тамойилларининг такомиллаштирилиши бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди ҳамда бўлажак сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтишига ишонч билдирди.