Март ойида уй кўп сотилдими ёки машина?

    Кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори ўсиш суръатлари Навоий (18 фоиз), Фарғона (10,7 фоиз), Жиззах (9,6 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (10,4 фоиз) кузатилди.

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида 2021 йил март ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари бозори коронавирус инқирозига қандай жавоб бераётгани таҳлил қилинди.

    Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулкка талаб билан бирга, автомобиль савдоси кетма-кет иккинчи ой ҳам ўсмоқда.

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан кўчмас мулк ва автомобиль бозорларида талаб ўзгариши доимий равишда таҳлил қилинмоқда. Бу йил январь-март ойларида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тўлиқ тикланганини кўрсатмоқда.

    Кўчмас мулк бозори

    Бу йил март ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони февраль ойи билан таққослаганда ўзгаришсиз қолди ва 20,2 минг донани ташкил қилди. Бу эса ўтган йил март ойидан 34,4 фоиз кўпроқ.

    Кўчмас мулк бозорининг 30 фоиздан кўпроғига эгалик қилувчи Тошкент шаҳрида олди-сотди шартномалари сони 6,17 мингни ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 0,9 фоиз камайди. 2020 йил мос даври билан таққослаганда ўсиш 32,6 фоизни ташкил қилди. Бу, ўз навбатида, кўчмас мулкка талаб ўзининг узоқ муддатли трендига қайтганидан далолат беради.

    Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори ўсиш суръатлари Навоий (18 фоиз), Фарғона (10,7 фоиз), Жиззах (9,6 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (10,4 фоиз) кузатилди. Ушбу кўрсаткич Сирдарё (8,6 фоиз), Тошкент (8,1 фоиз) ва Хоразм (8 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада камайди.

    Мамлакатимизда иқтисодий ўсиш аста-секин тикланаётгани ва кўчмас мулкка талаб ошаётгани анъанавий равишда нархларни янада ошириш механизмига айланиши мумкин.

    Бироқ ҳозир кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлардан бири – бу жорий йилда давлат томонидан кенг кўламли уй-жой дастурини амалга ошириш бошланганидир. Бунинг учун йил охирига қадар 11,5 триллион сўм (1,1 миллиард доллар) йўналтирилади. Бу эса ўтган йилгидан 4 баробар кўп. Хусусан, жорий йилда 45 минг оилани арзон уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган.

    Шундай қилиб, арзон уй-жойларнинг кўпайиши ҳисобига урбанизация суръати тезлашиши кутилмоқда. Бу эса ишбилармонлик фаоллиги, талаб ва умуман одамларнинг турмуш даражаси яхшиланишини англатади.

    Бундан ташқари, ҳукумат томонидан қурилиш соҳасини, биринчи навбатда, уй-жой қурилишини талаб драйвери сифатида қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Автомобиль бозори

    Март ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби февраль ойига нисбатан 7,7 фоиз ошиб, қаторасига иккинчи ой барқарор ўсиш суръати кузатилди. 2020 йил март ойи билан таққослаганда автомобиллар савдоси ўсиши 47,4 фоизни ташкил қилди. 2020 йил март ойида республика бўйича жорий этилган локдаун натижасида савдолар февраль ойига нисбатан 34,6 фоиз камайган эди.

    Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси (31,5 фоиз), Хоразм (30,5 фоиз), Жиззах (23,5 фоиз) вилоятларида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони юқори суръатда ўсди.

    Бу ўринда Бухоро (7,9 фоиз), Қашқадарё (7 фоиз) ва Андижон (4,3 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада сусайиш кузатилди.

    Автомобиль соҳаси, шубҳасиз, мамлакатда иқтисодий ўсишни тез рағбатлантиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.

    Халилуллоҳ ҲАМИДОВ,

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

    бош илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates