«Masdar» компанияси Ўзбекистонда биринчи шамол электр станциясини қуришни бошлади

    Энергетика 2 апрел 2021 1006

    Жорий йил 1 апрелда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан Навоий вилоятининг Зарафшон туманида шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

    Маросимда Бухоро шаҳридаги студиядан видеоконференция орқали Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, «Masdar» компанияси Бош директори Муҳаммад Джамил ал-Рамаҳи, Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ раҳбарияти иштирок этди. Тадбир давомида, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи ва саноат ва илғор технологиялар вазири Султон ал-Жаббор ҳам иштирокчиларга мурожаатлар йўлладилар.

    Тадбир доирасида «Masdar» компанияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида қурилаётган электр станциясининг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзоланди.

    С.Умурзаков ўз нутқида «Masdar» Ўзбекистон ва БААни боғловчи мустаҳкам кўприкка айланади ва у орқали Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун Бирлашган Араб Амирликларининг янги компаниялари бизга кириб келади», деб ишонч билдирди.

    Маросимда сўзга чиққан Муҳаммад ал-Рамаҳи: «Бугунги тадбир биз нафақат ушбу лойиҳани амалга оширишда, балки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тоза энергия соҳасидаги мақсадларини рўёбга чиқаришда кўмаклашишда ҳам сезиларли ютуқларга эришганимизни билдиради. Шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича жаҳон етакчиси сифатида «Masdar» компанияси Ўзбекистоннинг кам углеродли энергетикага ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани ва мамлакат ҳукумати билан барқарор ривожланишни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаётганидан фахрланади», – дея таъкидлади.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «Masdar» компанияси Ўзбекистон Ҳукумати билан Навоий вилоятининг Зарафшон туманида қуввати 500 МВт бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, уни қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича икки томонлама битимлар имзолади. Станция компаниянинг муқобил энергетика соҳасида минтақадаги иккинчи лойиҳаси бўлади.

    Дастлаб 600 миллион долларга баҳоланган лойиҳа кенгайтирилгандан сўнг қарийб 1,8 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши кутилмоқда.

    Лойиҳа қувватининг 1,5 ГВтга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга етказиш ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия балансидаги улушини 26 фоизга етказиш мақсадларига эришишга имкон беради.

    Зарафшон туманидаги шамол электр станцияси 2024 йилнинг охиригача тижорий фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 500 МВт қувватга эга лойиҳа 500 000 та хонадонга етарли ҳажмда электр энергияни ишлаб чиқаришни ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтиришни таъминлаб бериши кўзда тутилган эди. Эндиликда бу рақамлар мос равишда 1,5 миллион хонадон ва 3,3 миллион тонна карбонат ангидридга кўпаяди.

    Маълумот учун: «Masdar» Абу-Даби Ҳукуматининг «Мубадала Investment Company» инвестициявий холдинг шўъба компанияси ва дунёнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчи етакчи халқаро компанияларидан биридир. Компания томонидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан 4 000 МВтдан кўпроқ электр энергияни ишлаб чиқариш учун ўрнатилган ускуналарни ўз ичига олади. Бугунги кунда «Masdar» 30 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Саудия Арабистони, Мавритания, Миср, Марокаш, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Испания, Сербия, Ҳиндистон, Индонезия ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатяпти, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates