Матбуот ва мактаб — болага қўш қанот

    Фикр 3 октябр 2020 453

    Президентимиз фундаментал сўз эркинлиги тарафдори эканини кўрсатди. Бу моҳиятан давлат раҳбарининг олдинроқ “сўз ва матбуот эркинлиги борасида орқага қайтиш йўқ”, дея билдирган фикрининг мантиқий давомидир.

    Сўз қадри ва эркинлигининг таълим ва тарбия билан ялакат мағиз экани то шу пайтгача бу қадар жиддий кўриб чиқилмаган эди. Фундаментал сўз эркинлиги миллатнинг маънавий-маърифий томирлари билан чирмашиб кетган, ўз замонида маърифатпарвар, саховатпеша жадид боболаримизнинг умумхалқ ҳаракатида кузатилган эди. Фундаментал сўз эркинлиги ва таълим-тарбия ёш авлодни Учинчи Ренессанс сари етакловчи қудратли икки қанотдир, мустаҳкам икки устундир. Афсуски, жамиятимиз томонидан бу ўз вақтида илғаб олинмади.

    Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда бу ўта долзарб масала ечимини айтди: “...Ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор. Компьютернинг ҳам ўз ўрни бор, журналнинг ҳам ўрни бор, газетанинг ҳам ўрни бор. Бошқача йўлни тутиш ҳозирча мумкин эмас. Биз унга тайёр эмасмиз. ...“Менинг компьютеримда ҳамма нарса бор, менинг телефонимда ҳамма бор”, деб. Йўқ, газета ҳам, журналлар ҳам ўқиш керак, бу — замон талаби. Ўқитувчи ўзининг ижобий таълимини, билимини, методикасини ёзиши керак, муҳокама қилиши керак”.

    Яшириб нима қиламиз, ижтимоий тармоқлар ва босма нашрлар ўртасидаги рақобат бир ёқлама талқин қилиниши кўплаб мунозараларга, даҳанаки тортишувларга сабаб ҳам бўлди. Қалам-ўқлоғингни йиғиштир, газета-журнал кўтариб юриш эскилик сарқити, сенсор замони келди, дея от чоптирганлар ҳам бўлди. Иккинчи томон эса бармоқлари қаламдан кўра чопағон клавишларни ёқтирувчиларни шов-шувга ўч кимсалар, дея айблашди. Ҳар икки фикрда жон бор бўлишига қарамай, масала яхлит ёндашув орқали ўрганилмаётгани боис ўқувчи чалғитилди. Гап шунда эдики, аслида газета ва журналлар табиатига хос бўлган фундаментал сўз эркинлигини сақлаган, замонавий мазмун билан бойитган ҳолда ўқувчига етказишнинг электрон ва почта хизматини яхши йўлга қўйишнинг биргаликдаги чоралари ишлаб чиқилиши лозим эди. Бу мана энди кун тартибига қўйилди.

    Бу борада ОАВга тааллуқли барча давлат ва нодавлат ташкилотларнинг, босма нашрлару ижтимоий тармоқларнинг, сайтларнинг бир-биридан фарқли, айнан ўзига хос вазифалари бор, албатта.

    Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси зиммасида ҳам бу борада масъулиятли вазифалар турибди. Биринчи галда, уюшмамиз ҳузурида жадид боболаримизнинг номлари билан аталувчи маҳорат мактабларини ташкил этамиз. Маҳорат мактабларини улуғ сиймоларимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти юзасидан кўпдан буён тадқиқот ўтказиб келаётган олимларимиз Миллий матбуот марказида олиб боришади. Шу билан бирга, бундай сабоқларнинг электрон вариантларини яратиб, уюшмамизнинг вилоят бўлимларига етказиб бериш ва уларни республика бўйлаб тарғиб қилиш чораларини кўрамиз.

    Ушбу жараённи ташкил этиш, маҳорат мактаблари иштирокчилари меҳнатини тақдирлаш борасида эса Ўзбекис­тон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, “Дўстлар клуби”миз бўлган Республика товар хом-­ашё биржаси ҳамиша мададкор бўлишади. Кези келганда айтиш жоизки, “Илҳом” жамоат фонди ёрдамида бу йил пандемия шароитида фидойилик кўрсатган 50 нафар журналист энг замонавий телевизор билан, 27 нафар “Йилнинг энг фаол журналисти” ноутбук билан тақдирланди. Республика товар хом-ашё биржаси ҳомийлигида 51 нафар журналистга 27 миллион сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Уюшманинг Covid-19 касалига чалинган ­эҳтиёжманд аъзолари ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

    Жадид боболаримизнинг кўпчилиги ҳам муаллим, ҳам олим, ҳам журналист, ҳам шоир-ёзувчи, ҳам сиё­сий етакчи бўлган. Бир сўз билан айт­ганда, чинакам ватанпарвар, чинакам халқпарвар инсонлар бўлишган.

    Ихтиёрий обуна камайиб қолгани билан ахборотга эҳтиёж тобора ошиб бораётган замонда яшаяпмиз. Сўз эркинлигининг одамларни жараёнлардан хабардор қилишдек кечиктириб бўлмайдиган вазифаси борки, унинг бу вазифаси ахборот эгасига етиб бориши билан тугайди. Лекин унинг бундан-да юксакроқ миссияси ҳам мавжуд бўлиб, ўқувчи қалбига, онгига етиб борганидан сўнг у ерда яшай бошлайди. Матбуот ва мактаб орқали олиб кирилган, жадид боболаримизнинг, умуман, буюк маънавий меросимизнинг дурдона илмий-ижодий, маърифий-ахлоқий ғоя­­лари янги Ўзбекистон муҳитида ул­ғаяётган болаларимиз қалбига учинчи буюк Ренессанс уруғларини сочади. Бу уруғлар яқин истиқболда томир отади, мева беради. Яъни онгни ўзгартиради, кўнгилни тозалайди, орзу умидларга қанот бағишлайди. Мана шу буюк вазифаларда баҳоли қудрат иштирокчи бўлишнинг ўзи ҳам ҳар биримиз учун уйғониш палласидир.

    Саъдулла ҲАКИМОВ,

    Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates