Матильда Димовска: “Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига кучли қизиқиш ва садоқатни намойиш этаётган кам сонли давлатлардан биридир”

    Суҳбат 9 июн 2022 1004

    Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо сифатида тан олинган. Жорий йил мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганига 30 йил тўлди. БМТнинг ривожланиш соҳасидаги глобал тармоғи бўлган БМТТД мамлакатимизда самарали фаолият олиб  бормоқда. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска хоним билан бугунги кунда нуфузли ташкилот томонидан Ўзбекистонда  амалга оширилаётган экологик  лойиҳалар  ҳамда мамлакатимизнинг экологик  сиёсати ҳақида суҳбатлашдик.

    — Муҳтарам Димовска хоним, бутун дунё 5-июнь Бутунжаҳон атроф- муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлади. Айтингчи, шахсан сиз учун бу кун нимани англатади?

    — Мазкур кун бу йил Ўзбекистондаги атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракати ва кўплаб ҳамкорларимиз, ва энг муҳими болалар билан биргаликда нишонланлигидан беҳад хурсандман. Бу дунё бўйлаб нишонланадиган энг муҳим кунларидан биридир. Фикримча, барчамиз нафақат бу санани нишонлашимиз, балки унинг доирасида қилаётган ишларимизни ёритиб боришимиз керак. Бу жуда муҳимдир, чунки бу йилги сана “Ягона Замин” мавзусига бағишланган. Бу бизни яна бир бор, табиатни асрашга, иқлим ўзгаришига қарши ва атроф- муҳитнинг ифлосланишига қарши чоралар кўришга ундайди.

    Бу кун мана 50 йилдан буён дунё бўйлаб нишонлаб келинмоқда. Бу йилги сана жуда муҳим рамзий маънога эга, чунки атроф-муҳит бўйича биринчи халқаро конференция ўтказилганига 50 йил тўлди. Ўшанда дунё атроф-муҳитнинг аянчли аҳволга келиб қолганлигини англаб, бу ҳақда баралла гапира бошлади. Бу илк конференция Стокгольмда “Бизнинг ягона сайёрамиз” шиори остида ўтказилган. Бу шиор ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, шу боис у бу йилги кампаниянинг ҳам шиори сифатида “Ер сайёрамиз ягона” танланган. Агар биз дунё сақланиб қолишини ва одамлар келажакда катта йўқотишларга дучор бўлмаслигини истасак, нафақат жамоавий равишда, балки индивидуал даражада ҳаракат қилишимиз талаб қилинади. Олимлар бизларни тинимсиз огоҳлантираётган бугунги кунда буларнинг барчаси ўта муҳимдир. Олимлар, масалан, иқлим ўзгариши оқибатларини маълум даражада юмшатиш учун бор-ёғи 10 йил вақтимиз қолгани ҳақида бонг уришмоқда.

    — Ташаккур. Сизга яна бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Айтингчи, бугун БМТТД Ўзбекистонда атроф-муҳит билан боғлиқ қайси лойиҳалар устида иш олиб бормоқда ва улардан қайсилари айнан Ўзбекистон учун энг самарали лойиҳалар ҳисобланади?

    — Маълумки, БМТТД 130 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Ўзбекистонда биз биологик хилма-хиллик, табиий ресурсларни бошқариш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва бошқа соҳаларда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз. БМТТД Ўзбекистонда 1993 йилдан, яъни қарийиб 30 йилдан бери, фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги пайтда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ масалалар асосий диққат марказимизда бўлиб, бу мавзулар, лойиҳаларнинг сони ва уларга ажратилаётган маблағлар нуқтаи назаридан фаолиятимизнинг катта қисмини ташкил этаётир. Бироқ энг муҳими, бу бизлар устида узоқ вақтдан бери иш олиб бораётган мавзулардир, яъни Ўзбекистон эҳтиёжлари ва муаммолари, ривожланиш билан билан боғлиқ бўлган мавзулардир. Асосий эътиборимизни белгилашда барқарор ривожланиш мақсадларидан, хусусан, атроф-муҳит билан боғлиқ мақсадлардан келиб чиқамиз.,

    Иқтисодий ислоҳотлар тобора жадал суръат олар экан, атроф-муҳит ва иқлим билан боғлиқ мавзуларни тегишли равишда акс эттирилишнинг аҳамияти ортиб бормоқда, чунки бусиз ҳеч қандай иқтисодий ислоҳот натижа келтирмайди. Шунинг учун биз асосий эътиборимизни табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни асраш, хусусан, биологик хилма-хиллик, ўзгаришларга миллий даражада мослашиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишни қўллаб-қувватлаш каби мавзуларга эътиборни қаратмоқдамиз.

    Мен шулардан фақат айримларини тилга олиб ўтмоқчиман. Булар жумласига Оролбўйи минтақасида олиб бораётган бутун фаолиятимиз киради. Бу ерда биз атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган айрим мауммоларни тирикчилик воситалари билан таъминлаш масаласи билан боғлаган ҳолда ҳал қилишга уринмоқдамиз. Шунингдек биз қор қоплонининг ўта муҳим бўлган турларидан бирини сақлаб қолиш, хамда“яшил иқтисодиёт” сиёсатини шакллантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш борасидаги улкан ва муҳим ишларни олиб бормоқдамиз.

    — Ҳозиргина сиз БМТТД Ўзбекистон аҳолисига иқлим ўзгаришларига мослашув борасида кўмак бераётганини тилга олиб ўтдингиз. Биз шунингдек, ўтган йил ноябрь ойида Иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро конференциянинг 26-сессияси (COP-26) бўлиб ўтганини биламиз. БМТТД бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисини иқлим ўзгаришига мослаштириш борасида ўз олдига қандай вазифаларни қўймоқда?

    — Биласизми, биз нафақат COP- 26 анжуманини яқиндан кузатиб бордик, балки биз ҳукумат ва турли муассасалар, жумладан, Ўзгидромет, Давлат экология қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан COP- 26 га тайёргарлик кўриш доирасида, айниқса ёрдам бериш борасида, ҳукумат томонидан мажбуриятлар тўғрисидаги асосланган қарор қабул қилиниши борасида иш олиб бордик. Биз Париж келишуви доирасида Ўзбекистон томонидан белгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасига оид иккинчи таърифини қўллаб-қувватлаганимиздан ғурурланамиз ва газ эмиссияси бўйича мажбурият 300 фоизга ошганидан мамнунмиз, бу жуда яхши натижадир. Биз қатор тадбирларда қатнашдик, аммо сизнинг саволингиз ҳам муҳим, чунки олдимизда бир қатор саволлар пайдо бўлдики, у ҳам бўлса: “Бу ёғига нима қилиш керак?”, энди “Ўзбекистон учун нималар устувор аҳамиятга эга?” деган саволлардир. Шундай қилиб, биз ҳамкорларимиз билан бир қанча таҳлиллар ва маслаҳатлашувлар ўтказдик. Табиий, барча давлатлар, ҳусусан, иқлим ўзгаришига мослашишни кучайтириш зарурати долзарб бўлган Ўзбекистонга ҳам саволлар берилган. Шу сабабли, биз зудлик билан ҳукуматни тармоқлар ва минтақалар даражасида миллий мослашув режаларини шакллантириш борасида қўллаб-қувватлашга киришдик. Биз қишлоқ хўжалиги, сув, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш каби бешта асосий соҳани қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу тармоқлар мослашишув борасида катта салоҳиятга эга бўлган соҳалар ҳисобланади. Бундан ташқари, минтақавий мослашиш режасига эга бўлган учта мақсадли ҳудуд мавжуд, улар жумласига барча билган сабабларга кўра Бухоро, Қорақалпоғистон ва Хоразм киради. Глазгода бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатлар ўз зиммаларига ўрмонларнинг йўқолиши жараёнини маълум даражада ортга қайтариш мақсадида ўрмонлаштириш борасидаги ташаббусларини кенгайтиришни ваъда қилишган. Ўзбекистон эса ана шу мамлакатлардан биридир. Шунда “Яшил макон” ташаббуси бизнинг диққатимизни ўзига жалб қилди ва бу соҳа биз ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган соҳалардан биридир. Булардан ташқари, бошқа кўплаб масалалар мавжуд. Мисол учун, мамлакатлар томонидан карбонат ангидриднинг ташланишининг қисқартирилиши ва унинг савдосини йўлга қўйишнинг аҳамияти масаласи. Бу масала ҳам COP- 26 да кўриб чиқилган мавзулардан биридир. Шундай экан, Ўзбекистон ҳам углерод бозорининг аъзосига айланмоқда десак, адашмаган бўламиз. Углерод савдоси механизми ўта муҳим аҳамиятга эга, биз ана шу йўналишда ишлашга умид қиламиз, шунингдек, ҳукуматни шу ва бошқа кўплаб масалаларда қўллаб-қувватлаш режамиз бор. Фикримча, келажакда, ҳозир, COP- 26 дан сўнг, масаланинг моҳияти мажбуриятларни бажаришга бориб тақалади. Мажбуриятларни амалга ошириш жуда кенг қамровли иш бўлиб, бу бутун ҳукуматнинг ишидир, биз ўз ваколатимиз доирасидаги соҳаларга эътибор қаратамиз ва булар мен сизга айтиб ўтганларимдан айримлари холос. Биз шунингдек, кўплаб бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик қиламиз. Мисол учун, биз устида ишлаётган “Яшил ўсиш” ёки яшил иқтисодиётга ўтиш стратегияси. Бу БМТТД ривожланиш жараёнидаги иштирокчиларидан фақат биттаси бўлган қўшма ташаббусдир.

    — Шу ҳафтада “Стокгольм +50” конференцияси ўтказилди. Барчамизга маълумки, БМТТД конференция ўтказилиши арафасида миллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айни шу тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

    — Ҳа. Олдинроқ айтиб ўтганимдек, 1972 йилда БМТнинг инсон муҳити муаммолари бўйича биринчи конференцияси бўлиб ўтган эди. Бугун анжуманнинг 50 йиллигини нишонлаш учун дунё ҳамжамияти вакиллари йиғилишди. Албатта, бундан мақсад нафақат бу санани нишонлаш, балки тадбирда қилинган даъватлар ва натижаларини биргаликда, шунингдек, мен ҳозиргина айтганимдек, ҳатто индивидуал даражада мустаҳкамлаш ва тасдиқлашдан иборат. Ушбу конференция Швеция ҳукумати томонидан яна Стокгольмда ўтказилади. Кения ҳукумати ҳам анжуманни ўтказишга кўмаклашмоқда. Биз бу суҳбатни олиб бораётган айни дамда қатор лидерлар йиғинда иштирок этиш тараддудида ёки унда иштирок этишмоқда. Ушбу конференция барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам мамлакатнинг атроф-муҳит билан боғлиқ ҳолати, иқлим ўзгариши ва унинг ривожланиш соҳасидаги оқибатлари бўйича ўз қарашларинии, тажрибасини ифодалаш, шунингдек, ўз зиммасига мажбуриятларни олиш ва ҳаракатлар бўйича баъзи тавсияларни тақдим этиш имкониятидир. Шу боис БМТТДга Швеция ҳукумати кўмагида конференцияга тайёргарлик кўриш доирасида қатор мамлакатларда бир қатор миллий маслаҳатлашувлар ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилинди. Бу давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилганлиги бизларни қувонтирди. Ўтган бир неча ой давомида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзгидромет, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, каби ҳамкорларимиз билан биргаликда қатор маслаҳатлашувлар ташкил этдик. Биз диққат эътиборимизни бир нечта мавзуга қаратдик: “Яшил ўсиш (ёки Яшил ўтиш стратегияси)”, “Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланиши”, “Миллий миқёсда белгиланган ҳиссалар ва иқлим ўзгаришига мослашув” ҳамда “Табиий ресурсларни барқарор бошқариш” мавзуларидир. Шундай қилиб, тадбирларда нафақат ҳукуматлар, балки илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва жамоатчилик гуруҳлари вакиллари, борингки жамиятнинг барча доиралари вакиллари иштирок этди. Мавзуларнинг ҳар бири янада чуқурроқ кўриб чиқилди. Келиб тушган бир қатор тавсияларни умумлаштириб, айни дамда Стокгольмда бўлиб турган Ўзбекистон делегациясига топширдик. Ўзбекистон улардан лидерлар мулоқоти доирасида ўз тажрибасини тақдим этганда, сўнгги бир неча йил ичида амалга оширилаётган ишларнинг бориши учун келажак сармоялари ва, албатта, дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилаганда фойдаланишига ишонамиз.

    — Раҳмат. Сизга охирги саволларимдан бирини бермоқчиман. Маълумки, Ўзбекистон барқарор ривожланишнинг 14-мақсади, яъни “Денгиз экотизимларини асраш” дан ташқари, қолган барча мақсадларига қўшилди. Ушбу мақсадлар бугунги кунда муваффақиятли амалга оширилмоқдами? Шу ҳақда қандай фикрдасиз?

    — Мен Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига содиқ эканлигини қайд этиб ўтмоқчиман. Ўзбекистон ҳукумати барқарор ривожланиш мақсадларига бу қадар кучли қизиқиш ва садоқатни намойиш этаётган кам сонли давлатлардан бири бўлиб, буларнинг барчаси шунчаки оғизда олинган мажбуриятлар эмаслиги амалда яққол кўриниб турибди. Амалда кўрилаётган қатор чоралар ҳам сўзларимга асос бўла олади. Атроф-муҳит билан боғлиқ барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳа, Ўзбекистон уларнинг баъзиларида муваффақиятга эришган, бошқаларида эса натижалар яхшиланиши учун иш олиб бориляпти. Масалан, Ўзбекистон “Ўрмон ва йўқотишларни тиклаш” йўналиши бўйича яхши натижаларга эришмоқда “Сув ресурслари ва оқава сувларни тозалаш” ёки “Ҳаво сифати” мақсадларига келсак, бу соҳаларда ҳали анча ишлар қилиниши лозим.

    Эндиликда бу БМТТДнинг ва кўплаб бошқаларнинг келгусидаги манфаатлари предметига айланган. Мен 2020-йилда БМТ ЕИК ва БМТ Атроф-муҳит дастуридаги ҳамкасбларимиз томонидан ўтказилган экологик самарадорлик таҳлилининг муҳим ўринни урғулаб ўтмочиман. Унда Ўзбекистонда экологик кўрсаткичларни яхшилаш учун нималар қилиш кераклигига оид юзга яқин жуда аниқ тавсиялар ишлаб чиқилган. Бу жуда муҳим ҳужжат, жуда кенг ва чуқур таҳлил.

    Ниҳоят, учинчи жиҳат шундаки, ҳукумат буни жуда жиддий қабул қилди ва расмийлар уни нафақат тақдим этишди ва жараён давомида бу хусусдаги мулоҳазаларни қўллаб қувватлашди, мен бунда ҳукумат ҳаракат режаси ва ушбу таҳлилда келтирилган тавсияларга қандай реакция билдириш кераклигига оид йўл харитаси билан келганлигини назарда тутяпман. Шунинг ўзи етарлими? Бу етарли эмас. Бизга кўпроқ реакция керакми? Албатта керак.

    Масалан, ОТБдаги ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш ишларига ажратилаётган маблағлар жуда камлигини таъкидлашмоқда. Ўтган давр мобайнида бу ҳаражатлар ортиб борди, лекин улар ҳамон жуда паст. Улар келтираётган кўрсаткичга кўра, ЯИМ нинг 0,05 фоизи ана шу мақсадларга сарфланади. БМТТД сифатида биз ҳам мухокамада иштирок этмоқдамиз ва менимча, ҳукумат ҳозир буни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш усулларидан бири сифатида, иқтисодий ўсишга экологик ҳиссаларнинг пул қийматини жорий этиш сифатида қабул қилмоқда.

    — Батафсил жавобларингиз ва ажратган вақтингиз учун миннатдормиз.

    Наргис Қосимова суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates