Матонатли халқ яратаётган тарихий ҳақиқат

    Янги таҳрирдаги Конституция юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий пойдеворига айланади.

    Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, миллий тараққиётимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси билан қизғин танишмоқда.

    Конституция (лот. constitutio — тузилиш, тузук) – давлатнинг асосий қонуни ҳиобланиб, у давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.

    Тарихга бир назар

    “Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум бўлган (император Конституцияси деб аталган қонун). “Темур тузуклари” Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятини касб этган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.

    Конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади. Давлат ҳокимияти тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади. Жамият, инсон ва фуқароларнинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари ва эркинликлари мустаҳкамланади. Конституция бу ўзига хос консенсус, ижтимоий шартнома сифатида ўз тараққиёт йўлини танлаган миллатнинг онгли танловидир.

    Конституция инсон, жамият ва давлат ўртасида эришилган ўзига хос консенсус ифодаси, барчамизнинг розилигимиз асосида ўз ҳаётимизни ташкил этиш принциплари ҳақида келишув, давлат, унинг сиёсий институтлари ва оддий одамлар ҳаёти ва фаолиятида амал қиладиган устувор қоидалар, деганидир.

    Бу бош ҳужжат ўз моҳияти ва юридик табиатига кўра, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан бир қатор муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради. Хусусан, Конституция махсус субъект томонидан ёки унинг номидан чиқарилади, конституциявий қоидалар таъсис этувчи, йўналтирувчи, бирламчи аҳамиятга эга бўлади, конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кенг қамровлилиги билан тавсифланади, яъни у ниҳоятда муҳим ва кенг кўламдаги ижтимоий муносабатлар доирасига таъсир кўрсатади.

    Инсоният тарихига назар ташлар эканмиз, фаровон жамият барпо этишни орзу қилган, инсон қадри азиз бўлган адолатли давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган ҳар қандай халқ давлат ва ҳуқуқ тараққиётининг машаққатли, шу билан бирга шарафли йўлини босиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Сўнгги йилларда халқимиз янги улуғвор марралар сари собит қадамлар билан барча тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳалардаги изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугун Янги Ўзбекистон демократик принциплар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган нормаларга асосланган, бош мақсади халқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланмоқда.

    Шундай эзгу мақсадлардан бири аҳолининг кенг қатлами ва ҳуқуқий лаёқатга эга фуқаролар хоҳиш-иродаси бўлмиш конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат бўлди. Негаки, давлат ва жамиятда туб ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда табиий равишда Конституцияга жиддий ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж пайдо бўлади. Зеро, ҳар қандай демократик ислоҳотлар чин маънода халқчил конституциявий асосга эга бўлсагина, бардавомлик касб этади, кўзланган эзгу мақсадларга эришади.

    Халқнинг Бош қонуни

    Конституциянинг янги таҳрирдаги қиёфаси, мазмун-моҳияти, ғоя ва мақсади том маънода халқимиз иштирокида шаклланди. Ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди. Мавжуд 128 моддага яна 27 та янгиси қўшилиб, 155 тага етгани бунинг ёрқин мисолидир. Натижада, Конституция лойиҳаси деярли 65 фоизга янгиланди.

    Бундай кенг қамровли жараён бутун халқимиз, зиёлилар, ёшлар, эксперт ва мутахассислар билан баҳамжиҳат, бамаслаҳат амалга оширилди. Натижада фаол, юртимиз тақдири ва тараққиётига бефарқ бўлмаган, эртанги кунга катта умид ва ишонч билан қараётган, келажакдан кўп ижобий натижалар кутаётган барча ватандошларимиз таклифлари, фикрлари жамланган ҳужжат бўлди, десак муболаға эмас.

    Янги таҳрирдаги Конституция асоси битта эзгу ғоя атрофида тубдан қайта яратилганини кўриш мумкин. У ҳам бўлса “Давлат – жамият – инсон” деган тамойилнинг “Инсон – жамият – давлат”га айланиб, “Инсон қадри учун!” ғояси устуворликка эга бўлганидир. Яъни, ягона шахсдан тортиб, жамиятнинг барча аъзолари ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати бўладиган, барчага бирдек дахлдор меъёрларни жамлаган ҳуқуқий ҳужжатни кўриш мумкин.

    Лойиҳадаги “Оила” бобида болалар ва ёшларга эътибор кучайтирилган. Айниқса, 79-модда ёш авлодни ўйлаб, унинг яшаши, турмуш тарзи, таълим ва тарбия олиши, соғлиғи ва иш билан таъминланиши кафолатлари ижтимоий ҳимоя турлари билан бойитилган. Конституциявий қонун лойиҳасининг 50, 51, 52, 53-моддаларига муҳим ўзгартиришлар, янгиликлар киритилган.

    Таълимдаги ислоҳотлар

    Янги таҳрирдаги Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири илм-фанни, таълимни ривожлантиришга катта эътибор берилгани билан изоҳланади. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб икки баробар кўпайди.

    Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамланмоқда. Бунда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий-маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилаётгани, давлат ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши конституциявий кафолатланаётгани тараққиётимиз асосини ташкил этади. Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим-тарбия тизими йўлга қўйилиши ҳам ғоят эътиборлидир.

    Ҳозирда “бепул умумий таълим олиш” белгиланган бўлса, эндиликда “бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олиш” кафолатланмоқда. Янгиланган Конституциянинг 51-моддасида “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқига эга” каби ижтимоий ҳимояга йўналтирилган бандлар ўрин олган.

    Бу ҳақда гап кетганда, болаларни мактабгача таълим билан сифатли қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилиб, 600 минг янги боғча ўрни яратилгани, Президент мактабларида 130 мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани, 40 дан зиёд ОТМга академик ва молиявий мустақиллик берилгани, талабалар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар икки баробар кўпайтирилгани, олимлар иш ҳақи 4,5 баробар оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди. Олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони 2017 йилгача фақат қисқариб келган бўлса, cўнгги олти йилда грантлар сони 2 баробар кўпайиб, 40 мингга етди ҳамда магистратура учун 5 баробарга ошди.

    Инсон ҳуқуқи – устувор

    Янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг энг асосий ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни илғор демократик давлатлардаги каби фақат суд йўли билангина чеклаш мумкинлиги тўғрисидаги нормалар каррасига кучайтирилмоқда, хусусан, телефон эшитувлари, тинтув каби ҳаракатлар фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланмоқда.

    Шу нуқтаи назардан, Конституция лойиҳасида ҳозирги замон руҳи, Ватанимиз олдида турган энг муҳим муаммолар ечимига қаратилган қуйидаги нормалар ўз ифодасини топмоқда:

    – энди “қора рўйхатлар”, банкомат ўрнатмасдан, пластикда юз фоиз ойлик маош ва пенсияларни тўлаб, фалон фоизга нақдлаштириш, ўғринча “қора бозор”да валюта алмаштириб, жиноятчига айланиш, уриб, қийнаб бўйнига айб қўйишлар тарихда қолади, бу машъум кунлар бошқа ортга қайтмайдиган замон келади – лойиҳада инсон қадри, шаъни дахлсиз экани, ҳеч нарса уни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда (26-модда);

    – энди ҳеч ким қонунни бузиб, далил тўплай олмайди, фуқарони нимага ушланганини тушунтирмасдан қамаб қўймайди, қариндошингизга нисбатан гувоҳлик беришга мажбур қила олмайди, қилмаган айбингизни бўйнингга оласан, деб уриб-сўкмайди, мажбурлаб гапиртирмайди, суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас – (27, 28, 29-моддалар);

    – лойиҳа қабул қилингач, ҳеч ким “қамоқда хўрлаб муомала қила олмайди”, қариндошинг судланган деб ҳуқуқларингизни чеклай олмайди (28-модда);

    – биров “прописка” деб бошингизни қотирмайди – ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда (32-модда);

    – пахтага ёки кўча тозалаш ва бошқа ишларга ҳеч кимни мажбур қила олмайди, болаларни дарсдан чиқариб, бошқа ишларга жалб этишга журъат этмайди – мажбурий ва болалар меҳнати қатъий тақиқланмоқда (44-модда);

    – ҳеч ким, валломати бўлса ҳам, бировнинг уйини ўзича бузиб ташлай олмайди, билганича ноқонуний қурилишлар қилмайди – ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгиланмоқда (47, 49-моддалар);

    – энди ҳеч ким Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан четга чиқмоқчи бўлса, тақиқлашга ёки мажбуран чиқариб юборишга ёки бериб юборишга, фуқаромиз мамлакатимизга ташқаридан келганда эса киритмайман дейишга ҳаққи йўқ (23, 32-моддалар). Бу орқали хорижга чиқиш учун ҳар икки йилда паспортга стикер олишлар энди ҳеч қачон қайтиб келмаслиги таъминланади, чегаралар орқали ўзаро борди-келди, қўни-қўшничиликка мустаҳкам замин яратилади;

    – фарзандимизга боғча тополмайдиган вазият ёки олий таълимга давлат грантлари қисқариб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфи ортда қолмоқда — давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида экани, фуқаролар танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақлилиги аниқ белгилаб қўйилмоқда (50 ва 51-моддалар);

    – ҳар қандай идора ёки ҳокимлик олий таълим ташкилотлари ишига аралаша олмайди – олий таълим ташкилотлари академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги муҳрланмоқда (51-модда);

    – эндиликда шифохонага борсак ҳамма нарса пуллик, деб айта олмайди – тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми бепуллиги белгиланмоқда (48-модда).

    Бундан ташқари янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда:

    – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги;

    – мамлакатимиз тарихида биринчи марта халқаро шартномалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги;

    – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши;

    – ҳар ким қонунчиликка ва халқаро шартномаларга мувофиқ, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақлилиги;

    – давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишига оид нормалар мустаҳкамланмоқда.

    Муҳим янгиланишлар

    Агар йўналишлар кесимида қарайдиган бўлсак, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар борасидаги нормалар қарийб 3 баробар кўпаймоқда. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари эса 3,5 баробардан кўпроққа, оилага бағишлангани эса 2 баробар ортаётганини кўришимиз мумкин. Учта янги боб (амалдаги Оила бобига қўшимча болалар ва ёшлар, Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар бобига қўшимча маданий ва экологик ҳуқуқлар, алоҳида адвокатура боби) қўшилмоқда.

    Конституция лойиҳасининг 15 нормасида давлат шарт-шароитлар яратиши, 16 нормасида давлат кафолатлаши, 4 та нормада давлат қайғуриши алоҳида кўрсатиб ўтилаётганининг ўзиёқ давлатнинг мақсади инсон ҳуқуқларини таъминлаш эканини кўрсатиб турибди.

    Лойиҳада “инсон” сўзи амалдаги Конституцияга нисбатан 3 баробар, “болалар” сўзи қарийб 3 баробар, “ёшлар” сўзи 6 баробар, “аёллар, хотин-қизлар” сўзлари 2 баробар кўп, “ногиронлиги бор шахс”, “аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари”, “интеллектуал мулк”, “инклюзив таълим” деган сўзлар эса биринчи марта қўлланилган.

    Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар уч баробар ортмоқда.

    Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг бурчи эканлиги конституциявий мустаҳкамланмоқда.

    Лойиҳада ҳар ким ишсизликда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланяпти. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Бу дегани, ҳозирнинг ўзида 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оила давлатдан кафолатли моддий ёрдам олади, деганидир. Бу – жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келадики, айни харажатлар учун ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.

    Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.

    Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мустаҳкамланмоқда.

    Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилиши муҳрланмоқда.

    Ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи конституциявий кафолатланмоқда.

    Янги таҳрирдаги Конституцияга асосан давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

    Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас.

    Шахсни ушлаб туриш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари тушунтирилиши керак.

    Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши назарда тутилмоқда.

    Гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

    Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги конституциявий кафолатланмоқда.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, экологик ҳаётдаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат мажбуриятлари бир неча бор ошаётгани давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимининг самарадорлигини кучайтириш, давлат органлари фаолиятини натижадорликка йўналтиришни тақозо этмоқда.

    Парламент фаолиятидаги ўзгаришлар

    Конституциявий қонун лойиҳасида парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатларини қайта кўриб чиқиш, бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда.

    Хусусан, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатасига ўтказилмоқда. Бу ўзгартиш қуйи палатанинг вакиллик табиатига мос келади ҳамда унинг фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконини беради.

    Иккинчидан, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага оширилмоқда. Парламент назорати объектлари бўлмиш ижро ҳокимияти органлари ихчамлаштирилаётганидан келиб чиқиб, Сенат ҳам ихчамлашмоқда. Шу аснода, жойлардан тенг вакилликни сақлаб қолган ҳолда сенаторлар сони 65 нафар этиб белгиланмоқда.

    Давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш принципидан келиб чиқиб, вазирликлар ва давлат бошқаруви органларини тузиш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш ваколати ҳам Сенатга ўтмоқда.

    Инқилобий янгиликлар

    Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши қатъий белгиланмоқда. Бу фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтирилган иқтисодиёт ривожланиши, мулкдорлар қатлами кенгайишига хизмат қилади.

    Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши бўйича қоида мустаҳкамланмоқда. Мазкур норма мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

    Тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда. Конституцияга киритилаётган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши мустаҳкамланмоқда. Бу ҳол товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини ноқонуний чеклашнинг олдини олишга ва меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракатига замин яратади.

    Монопол фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши мустаҳкамланмоқда. Конституцияга ушбу норма киритилиши товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратиш орқали тадбиркорлар ўртасида ҳалол рақобатни ривожлантиришга ҳамда ишлаб чиқаришга янгиликларни тезкор жорий этиш орқали самарадорликни юксалтиришга хизмат қилади.

    Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Ушбу норма янги таҳрирдаги Конституциямиздаги ҳақиқий инқилобий янгиликлардан бири сифатида мулкчилик муносабатларидаги бўшлиқни тўлдирди.

    Конституциямизнинг янги таҳририга табиий атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир нормалар киритилган. Шу жумладан, экологик ҳуқуқлар ҳам лойиҳанинг IX бобига киритилганини алоҳида қайд этиш лозим. Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани, экологик хавфсизлик ғоят долзарб масалага айлангани сабабли экологик масалалар Асосий қонунимизда ўз аксини топаётганини эътироф этиш лозим.

    Атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, инсон саломатлигининг 30–40 фоизи атроф-муҳит ҳолатига боғлиқ. Қулай атроф-муҳит табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, кўпгина ривожланган давлатларда ҳам ушбу муаммо кенг муҳокама этилмоқда ҳамда экология, атроф-муҳит муҳофазасига оид янги нормалар Конституцияга киритилмоқда.

    Агар биз, барчамиз миллатимиз, динимиз, тилимиз, ёшимиздан қатъи назар, бир тану бир жон, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, турли бузғунчи кучлар алдовларига учмасдан, жамият ва давлатнинг биргаликдаги тараққиёт йўлини белгилаб олсак, янги таҳрирдаги Конституциямиз барчамизни бирлаштирувчи чинакам халқ Конституцияси бўлади.

    Эркин ва фаровон, тинч ҳамда осойишта ҳаёт осмондан тушмайди, унинг учун курашиш керак. Тарихий ҳақиқатлар шуки, барча орзу қилган буюк давлатларни ўша юртнинг матонатли халқи барпо этган. Янги таҳрирдаги Конституция бўйича ўтказиладиган референдумдаги фаол иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратган бўламиз.

    Наим ОБЛОМУРОДОВ,

    Тошкент молия институти профессори,

    тарих фанлари доктори.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates