Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича Хитой тажрибаси қандай?

    Чин юрти тажрибасидан нималарни ўрганишимиз мумкин?.

    Хитойдаги махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) хорижий инвестициялар ва технологияларни имтиёзлар орқали жалб қилиб, “иқтисодий ўсиш” ўчоқларини барпо қилиш учун мўлжалланган.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича ўрганган Хитой тажрибасига кўра, ушбу давлат МИЗларида ЯИМнинг 22 фоизи яратилади. Мамлакатга кириб келаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 45 фоизи ва экспортнинг 60 фоизи айнан махсус иқтисодий зоналарнинг улушига тўғри келади.

    Хитойда МИЗлар дастлаб Тинч океанининг соҳилбўйи ҳудудларида, сўнгра Янцзи ва Хуанхэ каби дарёларнинг ҳавзалари яқинида ривожлантирила бошланди ва дунё иқтисодиёти тарихига “Т – шаклидаги стратегия” номи билан кирди. Ушбу стратегиянинг амалга оширилиши натижасида 2035 йилга бориб, ЯИМнинг аҳоли жон бошига улушини 30 минг АҚШ долларига етказиш мўлжалланган. Хитойда МИЗнинг жадал ривожланиши сири нимада?

    1984 йилдан дастлаб денгиз соҳиллари яқинида жойлашган 15 та шаҳар ҳамда 4 та йирик шаҳарда, 2020 йилдан бошлаб эса мамлакатнинг барча йирик ва ўртача катталикдаги шаҳарларида 15 та эркин савдо зонаси, 32 та макроиқтисодий ва технологик ривожланиш зонаси, 53 та юқори технологияли саноатни ривожлантириш зонаси ташкил этилди. Натижада бу махсус иқтисодий зоналар иқтисодий ривожланиш суръатини тезлаштирувчи “акселератор” ролини ўйнай бошлади.

    Тадқиқот натижаларига кўра, Хитойда махсус иқтисодий зоналарнинг жадал ривожланишига қуйидаги омиллар туртки бўлгани аниқланди:

    Биринчидан, МИЗ дирекциясига Марказий ҳукуматнинг розилигисиз инфратузилмани ривожлантириш бўйича мустақил қарорларни қабул қилишга рухсат берилди. Иккинчидан, МИЗдаги корхоналар ўзларининг инвестиция, инновация, ишлаб чиқариш ва маркетинг қарорларининг катта қисмини мустақил қабул қилади. Учинчидан, МИЗга хорижий инвестициялар учун махсус солиқ имтиёзлари берилган ва уларнинг маҳсулотлари асосан экспортга йўналтирилган. Тўртинчидан, МИЗда иқтисодий фаолият асосан бозор тамойиллари асосида бошқарилади ва уларга халқаро савдода катта мустақиллик берилган. Бешинчидан, 2019-2020 йилларда Хитойда 24 та янги трансчегаравий электрон-тижорат зоналари очилди. Олтинчидан, Хитойдаги МИЗ асосан юқори технологияли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

    Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналарни ривожлантиришда маҳаллий ҳокимият органларига савдо, инвестициялар, инновациялар ва инфратузилма масалалари бўйича мустақил қарорларни қабул қилиш ваколатини, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларини бериш ҳамда ҳудудлараро тизимли жойлаштириш каби жиҳатларига эътибор қаратишни тавсия этиш мумкин.