Меҳнат ҳуқуқлари муҳофазаси доимий эътиборда

    Омбудсманга 2020 йилда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 1046 та мурожаат келиб тушди.

    Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, жаҳонда аҳолининг бандлик даражаси 2020 йилда 58,7 фоизни ташкил қилган, COVID-19 туфайли эса бекор туриб қолинган вақт 8,8 фоизга ошган.

    Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, республикада аҳолининг бандлик даражаси 2020 йилда 66,1 фоизни (2019 йилда – 67,7 фоиз) ташкил қилган. Ўзбекистон меҳнат бозорида 2020 йилнинг тўртинчи чорагида иқтисодий фаол аҳоли орасида иш билан банд бўлганлар сони 13239,6 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларига нисбатан (12736,6 минг ва 13205,3 минг) ўсиш ҳолати кузатилган.

    Ҳолатнинг ижобий томонга ўзгаришида давлат идораларининг меҳнат муҳофазаси ҳамда адолатли меҳнат шароитларини яратиш бўйича амалга ошираётган ишлари муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда, фуқароларнинг бу борада ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашда Омбудсман институтининг алоҳида ўрни бор.

    Айтиш жоизки, 2017 йил август ойида “Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, унда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Омбудсманга тақдимнома, илтимоснома ҳамда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда судларга даъво аризаларини киритиш ҳуқуқи берилди.

    Омбудсман томонидан 2020 йилда тегишли давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларга фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масалаларида 19 маротаба хулоса, даъво аризалари ва тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилган ҳамда фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган.

    Хусусан, Вакил томонидан 16 та ҳолатда иш берувчининг ходимга иш ҳақи тўлиқ ва ўз вақтида берилмаганлиги ҳамда 8 та ҳолатда меҳнат қонунчилигининг бузилиши юзасидан тақдимнома, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судга 8 та ҳолатда даъво аризалари киритилиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклашда ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, 2 та ҳолатда иш берувчи томонидан қонунга зид равишда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилиб, Вакил томонидан Ички ишлар вазирлигига ва фуқаролик ишлари бўйича судга 1 тадан хулоса ҳамда даъво ариза киритилган.

    Таъкидлаш лозимки, Омбудсманга 2020 йилда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 1046 та мурожаат келиб тушди. Жумладан, фуқароларнинг 442 таси иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланмаганлиги, 289 таси қонунга зид равишда ишдан бўшатилганлиги, 226 таси иш берувчининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) норозилиги, 89 таси штатларнинг қисқартирилиши натижасида ёки бошқа ишга ўтказишда меҳнат қонунчилиги бузилганлиги юзасидан мурожаат қилган. Мазкур мурожаатларни ўрганиш натижасида 90 дан ортиқ фуқарога 439 миллион сўмлик иш ҳақини ундирилишида кўмаклашилди.

    Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, меҳнат қонунчилиги бузилган ҳолатларда мансабдор шахслар Сербияда 6300 $ гача, айрим ҳолатларда 15000 $ гача, Озарбайжонда 11700$ гача, айрим ҳолларда 14700 $ гача, Чехияда 13500 $ гача, айрим ҳолатларда 91000$ гача, Австралияда 6600 $ гача айрим ҳолатларда 18000 $ гача, Швейцарияда 5400 $ гача, айрим ҳолатларда 45000 $ гача жаримага тортилиши белгиланган.

    Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Омбудсман томонидан меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш ҳамда меҳнат қонунчилиги бузилиш ҳолатларини олдини олишга эҳтиёж пайдо бўляпти. Бунинг учун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида, биринчи навбатда, жойлардаги назорат қилувчи давлат органларнинг меҳнат қонунчилигини таъминлаш борасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида меҳнат муносабатларига оид низоларни ҳал қилиш юзасидан самарали механизмларни меҳнат шартномаларида кўрсатиб ўтиш ҳамда иш берувчининг ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигини бузган ҳолатларда унга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, фуқаролик судлари, ҳакамлик судлари, медиаторлар, меҳнат инспекторлари ва бошқа меҳнат муносабатларига оид низолар билан шуғулланувчи идоралар ходимларининг масъуллигини ошириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

    Азиз ЮЛДАШЕВ,

    Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

    (омбудсман) котибияти ходими

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates