баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Меҳнат ва ҳаракат меваси

    Ҳозир корхонада меҳнат қилаётган 35 нафар хотин-қиз бир кунда 100 та кўрпани харидорларга етказади.

    Қашқадарёлик Наргис Эшдавлатова “Ишбилармон аёл — 2021” кўрик-танловининг “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. У билан гаплашиб, ушбу номинациянинг айни эгаси эканига амин бўлдим. Тадбиркорнинг ғайрати, шижоати, фаоллиги гап-сўзиданоқ билиниб туради. У эгаллаган ҳунарларни-ку, айтмаса ҳам бўлади.

    Фаолиятини аёллар сартароши, замонавий тил билан айтганда, стилистликдан бошлаган Наргис бу соҳада 11 йиллик иш тажрибасига эга. Аввалига ижара бинода ишлаган аёл кейинроқ ўзи гўзаллик салони очди. Аста-секин йўналишларини кенгайтириб, тадбиркорликка айлантира бошлади. Ҳозир тикув цехига ҳам раҳбарлик қилмоқда. У бугунги муваффақиятларига қийинчиликлар ва меҳнати билангина эришди.

    — Турмуш ўртоғим ҳам тадбиркор. 7 йил муқаддам банкротликка учраб, ниҳоятда қийин аҳволда қолдик, — дейди у. — Қишлоқ жой, гап-сўз тез тарқайди. Эплолмабди, деган маломатларга қолдик. Яқинлардан ҳам ёрдам сўрамадик. Зўрға кун кўрсак-да, фақат ўз кучимиз билан олдинга интилдик. Ўшанда қаттиқ ишлашни, катта ютуқларга эришишни мақсад қилганман. Шукр, ҳаммаси аста-секин бўляпти.

    Шу йил апрель ойида қаҳрамонимиз салони ёнидаги кичкина хонада 1 та тикув, 1 та чок тушириш машинаси билан тикувчиликни ҳам бошлаб юборди. 4 нафар қизни ишга олиб, келин қўйлаклари, чойшаблар, кўрпа-тўшак тика бошлади. Ҳар куни иш қизғин, буюртмаларнинг эса охири кўринмайди. Шундай кунларнинг бирида туман ҳокими кичкина хонада бажарилаётган ишларни кўриб, аёлга банкдан кредит олиб, тадбиркорлигини кенгайтиришини таклиф қилди.

    Ўзига ишонган, таваккал қилишдан чўчимайдиган Наргис банкдан 130 миллион сўм имтиёзли кредит олди. “Zolushka brend” МЧЖ ташкил этиб, шу номда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқара бошлади. Хитойдан келтирилган кўрпа чиқарадиган 2 та замонавий дастгоҳ билан ишлар янада тезлашди. Ҳозир корхонада меҳнат қилаётган 35 нафар хотин-қиз бир кунда 100 та кўрпани харидорларга етказади.

    — Туманимизни кўрпа билан таъминлаяпмиз, бошқа туманлардан ҳам буюртмалар бор, — дейди фаол тадбиркор. — Ишни самарали ташкил этиш мақсадида Андижон тажрибасини ҳам қўллаяпмиз — 150 та хонадонга бичилган кўрпаларни тикиш учун тарқатаман. Улар ҳам бунинг ортидан даромадга эга бўлади.

    Корхонада ишлаб чиқариладиган барча тўқимачилик маҳсулотлари дизайнини унинг ўзи ўйлаб топади. Ғояларидан кўнгли тўлмагунича, кўзи уйқуга кетмайди. Ҳозир кузги иссиқ курткалар лойиҳаси устида бош қотиряпти. Ҳам сифатли, ҳам ҳамёнбоп курткалар ишлаб чиқариб, энг аввал, тумандаги барча мактаблардаги қийналган, кам таъминланган 10 нафардан болага тарқатишни ният қилган.

    Ҳам оила, ҳам ишни бир вақтда уддалаш чинакам матонат. Баъзан Наргиснинг қизи “Ойи, бизга қачон вақт ажратасиз?” деганида юраги ўртаниб кетади. Аммо у ҳам юзлаб ўзбек тадбиркор аёллари сингари бугунги имконият, шароитлардан фойдаланмай ўтира олмайди. Севимли иши билан шуғулланиши баробарида рўзғорига кўмаклашишни, кам таъминланган оилалар аъзолари учун иш ўринлари яратишни, мамлакат иқтисоди ривожига ҳисса қўшишни истайди. Шуларни ўйлаб, қизалоғини: “Бу ишларнинг барини бизнинг ва бошқа ўнлаб аёлларнинг ёруғ келажаги учун қиляпман. Сизларнинг келажагингиз учун бугун биз меҳнат қилишимиз керак. Шу ишларни йўлга қўйиб олай, кейин кўпроқ вақтимни сизларга ажратаман”, дея қувонтиради.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    December 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates