баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Меҳрсиз улғайган кўнглимни суяганларга таъзим

    Йиллар давомида ота-она меҳрига зор, ўксик яшадим. Ҳаёт йўлларида адашмаслик, жамиятга керакли бўлиб етишишда инсонга суянчиқ бўладиган омилларнинг аҳамияти катта. Янги уй остонасига қадам қўяр эканман, ана шу суянчни — мени ҳаётга муҳаббат билан қараш, камол топишга ундовчи кучни топгандек эдим.

    Уч ёшимда ота-онам ажрашган. Шундан кейин отам билан яшадим. Етти ёшга тўлганимда отам қарашга имконияти йўқлиги туфайли мени Меҳрибонлик уйига топширишга мажбур бўлди. Яна айрим сабаблар туфайли мактабга 8 ёшда бордим. Яхши ўқиганим учун тезда 2-синфга ўтказишди. Шу тариқа тенгдошларимга етиб олдим.

    Меҳрибонлик уйида ҳамма шароит муҳайё, ота-она меҳри ўрнини ҳеч нарса босолмаса-да, тарбиячи ва ўқитувчиларимиз ғамхўр, меҳрибон эди. У ерда менга яхши тарбия беришди. 9-синфни тугатганимдан кейин Тошкент транспорт коллежига ўқишга кирдим. Коллеж ётоқхонасида яшай бошладим. 3-курсни тамомлаётган пайтимда Учтепа тумани ҳокимлигидан қўнғироқ бўлди. Ҳокимликка келишимни тайинлашди. Борганимда менга уй ажратилаётгани, эрта-индин топширилишини айтишганида, рости, ишонгим келмади. Янги қурилган, шаҳар кўркига-кўрк қўшиб турган уйларни кўрганимда кўнглим орзиқиб кетар, қанийди менинг ҳам шундай уйим бўлса, дея орзу қилардим.

    Орадан уч-тўрт кун ўтгач, яна қўнғироқ қилиб чақиришди. Ҳокимлик вакили аввал ўзининг уйига олиб бормоқчилигини айтди. Сергели туманида қурилган янги уйлар олдида тўхтадик. Замонавий лифтда бешинчи қаватга кўтариларканман, бундай меҳмондорчилик менга бироз шубҳали туюлар, бошимда минг хил ўй чарх урарди. Кўнглим сезган экан, улар менга “сюрприз” тайёрлашибди. “Бу сенинг уйинг, мана калити, ўзинг эшикни очиб кир”, дейишганида қаттиқ ҳаяжонландим. Эшикни очарканман, янги таъмирдан чиққан, барча қулайликларга эга уй “кулиб” тургандек туюлди. Кўзёшимни беркитишга қанча ҳаракат қилмай, эплолмадим.

    Йиллар давомида ота-она меҳрига зор, ўксик яшадим. Ҳаёт йўлларида адашмаслик, жамиятга керакли бўлиб етишишда инсонга суянчиқ бўладиган омилларнинг аҳамияти катта. Янги уй остонасига қадам қўяр эканман, ана шу суянчни — мени ҳаётга муҳаббат билан қараш, камол топишга ундовчи кучни топгандек эдим. Ўз уйимга қадам қўйган илк лаҳзалар бир умр хотирамда муҳрланиб қолди. Болалик чоғиданоқ ҳаёт зарбасига дуч келган, ота-она меҳридан мосуво мендек инсон учун бу катта яхшилик эди. Мен Ватан ичидаги кичик ватан — ўз уйимга эга бўлдим.

    Ҳозир Тошкент темир йўл механика заводида ишлаяпман. Бу йил Тошкент темир йўл муҳандислари институтига ўқишга ҳужжат топшираман. Ўқишимни шу ерда давом эттирмоқчиман. Оила қуриш, фарзандли бўлиш ниятим бор.

    Давлатимиз раҳбари шу йилнинг февраль ойида Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида бўлганида, болалар билан суҳбатлашиб шундай деганди: “Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор”. Бу сўзлар ота-онасиз, яқинлар меҳрисиз улғайган кемтик кўнглимга малҳам бўлган, менга бир қадар таскин берганди. Менга ажратилган ёруғ ва файзли хонадон ана шу ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Қолаверса, жамиятимизда ҳеч бир инсон қаровсиз, меҳр ва эътиборсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилдим.

    Шу йил 13 апрелда Президентимиз раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши таъкидлаб ўтилди. Мен ҳам бу имтиёздан фойдаланмоқчиман. Ҳали эзгу ниятларим, режаларим кўп...

    Аҳмад КАМИНОВ,

    Чилонзор туманидаги

    22-Меҳрибонлик уйи собиқ тарбияланувчиси