“Мен чиндан ҳам бахтлиман!”

    Тожик ота ва қозоқ онанинг етти келини ўзбек, қозоқ, рус, уйғур, грузин, чечен миллатига мансуб. Тили, дини ва урф-одатлари турлича бўлса-да, уларнинг аҳил-иноқ ва ҳамжиҳатликда умргузаронликда ҳаёт кечиришаётганига ҳамма ҳавас билан қарайди.

    Пискент туманидагилар “Оқтепа” маҳалласида яшаётган Жонсаидовлар оиласини яхши билади. 85 ёшни қаршилаган Анора Жонсаидова турмуш ўртоғи Серикбой ота билан никоҳ риштасини боғлагандан бери қанча баҳор, қанча қиш ўтди. Улар 9 фарзандни оқ ювиб, оқ тараб катта қилишди. Ҳозир ҳаммалари ҳаётда ўз ўринларини топишган.

    Тожик ота ва қозоқ онанинг етти келини ўзбек, қозоқ, рус, уйғур, грузин, чечен миллатига мансуб. Тили, дини ва урф-одатлари турлича бўлса-да, уларнинг аҳил-иноқ ва ҳамжиҳатликда умргузаронликда ҳаёт кечиришаётганига ҳамма ҳавас билан қарайди.

    — Оила жуда муқаддас тушунча. Унда янги авлод дунёга келади. Аҳил ва иноқ оилада эса юрт корига ярайдиган фарзандлар улғайиб, вояга етади. Аслида, ўзбек, қирғиз, қозоқ, уйғур, ҳаммамиз Ўзбекистон деган гўзал мамлакат фарзандларимиз, — дейди Анора ая биз билан суҳбатда. — Раҳматли чолим Серикбойга турмушга чиққанимда 20 ёшда эдим. Бир-биримизга кўнглимиз тушиб, дилимиз пайвандлашган. Бироқ бу саодатли кунларга етиб келгунча қанча машаққат чекканмиз?! Турғунлик йилларида қора қозонимиз қайнамаган кунлар кўп бўлган. Буғдой унига арпа унини аралаштириб нон ёпардим. Етишмовчиликда, фарзандларимни кийимларини ямаб-тикиб, бир-бирига кийдириб вояга етказсак-да, ҳаётдан ҳеч қачон нолимаганмиз. Етти ўғлим етти миллатнинг қизига уйланди. Қаршилик қилмаганмиз. Келинларим бири-биридан меҳрли, пазанда ва меҳнаткаш. Шундай тинч, обод ва фаровон юртда ўзаро тотувликда яшаётганимга доимо шукрона айтаман.

    Жонсаидовлар хонадони ҳеч бир ҳашамсиз бўлса-да, камтарона ҳовлининг тўрт тарафи гулу гулзорлар билан ўралган. Ўзгача бир файзли хонадон аъзоларининг бир-бирига бўлган меҳру муҳаббатини кўриб, аслида бу омонат умрнинг зийнати мана шу оқибат ва одамийликда эмасмикин, деб ўйлаб қолдим.

    — Маҳалламизда қозоқ, рус, тожик, озарбайжон, татар каби бир неча миллатга мансуб 2,5 мингдан ортиқ турли аҳоли истиқомат қилади, — дейди маҳалла раиси Ғайрат Шеронов. — Ишонасизми, маҳалламизда умуман оилаларнинг ажралиш ҳолатлари йўқ. Биттаси бор эди, яқинда келин ва куёвни биз катталар ўртага тушиб, яраштириб қўйдик. Жонсаидовларни эса миллатлар ва элатларни бирлаштириб турувчи, уларнинг ҳамдўстлигини ифодаловчи намунавий оила сифатида биламиз. Улар хонадонидан маҳалладошларимиз доимо ўрнак олади.

    — Акам Абдумуталиб турк қизига уйланган. Улар 9 йил фарзанд кўришмади, — дей­ди Анора опанинг қизи Дилором. — Акамга фарзандсиз ўтасанми, ажралиб, бошқасига уйлан, дегувчилар кўп бўлди. Лекин акам ва келинойим юракни тиғлайдиган сўзларни ичига ютиб, бир-биридан воз кечмади. 10 йил деганда уларга Яратган ўғил фарзанд берди. Биласизми, турмушга чиққач, менинг ҳам фарзандим бўлмади. Югурмаган жойимиз, бормаган дўхтиримиз қолмади. Фарзандсизлик нима эканини, унинг юки нечоғли оғир бўлишини билган жигарим — акам доимо кўнглимга тас­кин берарди. Келинойим иккинчи фарзандини дунёга келтирганида, акам қизалоғини бизга берди. Келинойим бир сўз демай рози бўлди. Улар туфайли мен ҳам оналик бахтига муяссар бўлдим. Сиз ўша вақтдаги ҳолатимни, шодлигимни тасаввур ҳам қила олмайсиз!

    Ҳа, мен Дилоромнинг фарзандсизлик туфайли чеккан азобларини тўла ҳис қила олмасман, аммо оналик мақомига эга бўлган аёлнинг қанчалик бахтиёр эканини у билан суҳбатлашиш асносида яхшироқ англадим. Мана, сизга аканинг сингилга бўлган оқибати! Инсонийликнинг олий даражаси! Фарзандларнинг бир-бирига бўлган мустаҳкам меҳрига сабабчи эса мақоламиз қаҳрамони Анора аядир.

    — Қайнонам дунёдаги энг меҳрибон ва энг яхши она, — дейди хонадоннинг еттинчи келини Анна. — Севги ёш, миллат танламас экан. Эрим ўзимдан ўн уч ёш катта. Севиб турмуш қурганмиз. Менга уйланиш учун тўрт йил кутган. Ҳозир 2 фарзандимиз бор. Қайнонамнинг баланд овозда сўзлаганини ҳеч ҳам эслай олмайман. Шунчалар хокисор ва меҳрибонки, буни сўз билан ифодалай олмайман. Тиниб-тинчимайди. Ҳамма ишимда кўмак беради. Мен чиндан ҳам бахтлиман!

    Жонсаидовлар оиласининг энг тўнғичи Маҳмудали рус қизи Ирага, эгизак Ҳасан ва Ҳусан ўзбек ва тожик қизлари Фотима ва Норгулга, тўртинчи фарзанд Турсунали уйғур қизи Лолага, Суннатилла қозоқ қизи Алияга, Абдумуталиб турк қизи Раънога ҳамда кенжа ўғил Абдусамат грузин қизи Аннага тўй-томошалар билан уйланиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечирмоқда.

    — Дадам ва онам жуда болажон бўлган, — дейди Суннатилло. — Шунинг учун ҳам серфарзанд оиламиз. Онам билан дадам салкам қирқ йил бахтли яшашди. Дадам раҳматли етим ўсган, ота-онаси ёшлигида вафот этишган. Иккала акаси эса урушда ном-нишонсиз, бедарак йўқолган. Дадамни бувим катта қилган. Эсимни танибманки, меҳнатда чиниқдик. Ер чопамиз, иссиқхонада кўчат ундирамиз, мол боқамиз, хуллас, нонимизни пешона теримиз билан топиб, бировдан кам бўлмаяпмиз. Эсимда, дадам ва онам давлатга тегишли кичкина дўконда ишлашарди. Текширувчилар келиб, кўп ҳолларда оиламиз ҳаловатини бузарди. Бўлар-бўлмасга камомад топиб, пул талаб қилишарди. Дадам эса уйимиздаги биттагина сигиримизни сотиб, текширувчиларга беришга мажбур бўлганини эсласам, ҳозир ҳам томоғимга бир нарса тиқилади. Дўконимиз бўлса-да, бой яшаганимизни, бозордан истаган нарсамизни харид қилганимизни эслай олмайман. Лекин отам ҳам, онам ҳам ҳеч қачон ҳаётларидан нолишмаган. Дадам билан онам бизларни чексиз ва беқиёс бир меҳр билан вояга етказишган.

    Суҳбатимиз давомида оиланинг иккинчи келини, тўрт фарзанднинг онаси, 4 неваранинг бувиси Фотима опанинг қарийб 4 ойдан бери “Аёллар дафтари”да рўйхатда туришини ҳам билиб олдик.

    — Тадбиркорлик қилиш учун ҳужжатларимни туман банкига топширдик. Худо хоҳласа, яқин кунларда мен ҳам ўғлим билан ўз бизнесимизни йўлга қўямиз. Қайнонам эса бизга йўлбошчи.

    Ҳаётини, борини фарзандларининг бахту иқболига бағишлаган, уларнинг дилига эзгулик жойлаб вояга етказган нуроний онахоннинг чеҳрасига боқар эканман, доимо излаб ахтарадиганимиз — ҳақиқий бахт мана шу камтаргина оила ҳаёти мисолида янада ёрқинроқ гавдаланади. Энг муҳими, шу биргина оила бутун Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётганининг амалий ифодасидир!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates