"Мен ўзбек адабиётига ҳавас қилганман"

    Дунё аҳли тинчлигини таъминлайдиган асосий воситалардан бири бу шаксиз адабиётдир. Шу боис адабий алоқалар билан бошланган дипломатик келишувлар мустаҳкам бўлиши шубҳасиз.

    Ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстлик азалдан бир дарахтнинг бақувват новдалари сингари қулоч ёзиб келган. Айни кунда турк адабий жамоатчилиги томонидан ўзбек бадиий асарларига бўлган қизиқиш ортиб, кўпгина асарлар таржима қилинмоқда. Куни кеча Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Туркиядаги Юнус Эмро институти, Евроосиё Турк жамияти федерацияси, “Билга турк” Таълим маданият вақфи мутавалли ҳайъати, Анқара Йилдирим Боязид университети, Истанбул университети, Гази университети билан ҳамкорликда ўтказилган “Мир Алишер Навоий ва асарлари панели” мавзуидаги халқаро симпозиуми ҳам юқоридаги фикримизни далиллайди.

    Улуғ мутафаккир бобомиз Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўтказилган симпозиумни Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети реетори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, Евроосиё Турк жамияти федерацияси раиси ўринбосари Акбар Ясса, Туркия Адлия вазири ўринбосари Угурган Куш, Бурса парламент вакили Осман Местан, Измир тумани ҳокими Юсуф Зия Челеккия, Юнус Эмро институти Турк тилини ўргатиш бўлими директори профессор Явуз Карталлиўғли, Билга турк Таълим маданият вақфи мутавалли ҳайъат вазири Гунгўр Азим Туна-Вали сўзга чиқди.

    Симпозиум давомида Алишер Навоийнинг турк дунёси ва жаҳон адабий дунёси учун муҳим сиймо экани ҳақида сермазмун маърузалар тингланди.

    Симпозиумда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Абдумурод Тилавов, Гази университети профессор Фатма Ачик, Анқара Йилдирим Баязит университети профессори Фунда Топрак маърузалари ҳам тингланди.

    Шундан сўнг меҳмонлар Адиблар хиёбонида бўлди. Ўзбек адабиётига, устоз адибларимизга эҳтиром рамзи сифатида барпо этилган адабиёт боғини сайр этди. Сўнг улуғ ёзувчи ва шоирларимизнинг асарлари, қўлёзмалари, эсдаликлари ўрин олган Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейини томоша қилди.

    — Ўзбекистонда адабиётга қаратилаётган эътиборга ҳамиша ҳавас қиламиз, — дейди Фатма Ачик. – Бизни Навоийдек алломанинг издошлари борлиги қувонтиради. Симпозиум доираси навоийшунослик борасида биргаликда кўп ишлар қилишимиз кераклигини англадим. Адиблар хиёбонидаги тассуротларимиз, айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги учрашув бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Ёзувчилар уюшмаси музейида биз асарларини севиб ўқиган севимли ёзувчиларнинг қўлёзмалари ва хотира суратлари билан танишдик. Илмий ишим ўзбек адабиёти борасида бўлгани учун бу тадбир ва учрашувлар менга катта қувонч бағишлади.

    Учрашув якунида меҳмонларга Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган бадиий китоблар совға қилинди.

    Наргиза Асадова,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates