Муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва машҳур компанияда ишлашни ҳамма орзу қилади. Ажойиб муҳит, яхши ва замонавий шарт - шароитлар ва ўз мутахассислигинг бўйича иш - аслида, омади келган битирувчиларгагина насиб этади. Бунинг учун битирувчи - ёшлардан нима талаб этилади - албатта, чуқур билим. Бугун ана шундай компания вакиллари СамДВМЧБУда битирувчи курс талаба - ёшлари билан учрашди. Халқ тилида "PURE MILKY" номи билан танилган, тан олинган "Сиёб - Шавкат - Орзу" МЧЖ вакиллари мустақил ҳаёт остонасида турган ёшлар билан мулоқотда бўлишди.


Учрашувни университет ректори, профессор Юнусов очиб берди. Компания маҳсулотлари Ўзбекистон бозорида аллақачон трендга айлангани, "PURE MILKY"нинг сифатли ва ҳамёнбоп, табиий маҳсулотлари кириб бормаган хонадон мамлакатимизда топилмаслиги, ана шундай таниқли компания бугун университет билан мутахассис - кадрлар борасида ҳамкорлик қилишга тайёр экани хусусида гапирди. Дарҳақиқат, айни кунда аҳолининг деярли барча қатламлари - болалар ва катталар севиб истеъмол қиладиган - йогурт, қатиқ, қаймоқ, қолаверса ичимликлар, ўсимлик ёғлари айнан шу компания заводларида тайёрланади.





Учрашув давомида Компания тақдимоти иштирокчилар ҳукмига ҳавола этилди. Фаолият бошлаганига 24 йил бўлган "Сиёб - Шавкат - Орзу" МЧЖ (1999 йилда асос солинган) айни кунда кўп тармоқли компания бўлиб, бу ерда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, гўшт ва сут қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида истеъмолга чиқарилади. Компаниянинг 27 ёшли бўлим бошлиғи Жаҳонгир Атаевнинг маълумот беришича, у айни кунда 24 та мини компанияни бирлаштирган (ҳар бири алоҳида фаолият тури билан шуғулланади). 8000 нафар ходим фаолият кўрсатади. Сут йўналишини олсак, бир кунда 150 тонна табиий сутни қайта ишлаб, ундан 84 хилдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Айни кунда озиқ - овқат маҳсулотлари Марказий Осиё давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида сотув бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.


Учрашув давомида меҳмонлар 20 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича компанияда вакансиялар мавжудлиги, кимлар бу ерда ишлаши мумкинлиги, қоидалар ва талаб этиладиган билимлар хусусида мулоқотда бўлдилар. Битирувчиларнинг барча саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилди. Учрашув давомида меҳмонлар ёшларнинг билимини ҳам синовдан ўтказишди. Мусобақада ғолиб бўлганларга совғалар тақдим этилди.


реклама