Мерей Омонбоева – 7 кунда Президент билан 2 марта учрашган қизнинг дил изҳори

    Ота-боболаримиз шу муқаддас заминни макон қилиб, Айдаркўл билан тиллашиб яшаётганига ҳам неча асрлар бўлган. Нуротанинг бир чети ана шу ҳайбатли кўлга туташиб қудратли ҳисларни уйғотади. Маҳобатли тўлқинлар, чағалайлар, бепоён дашт билан сирлашиб вояга етдим.

    Бугун ҳам Чуқурқудуқнинг саховатли бағрида ўзимни боладек сезаман. Фақат, кейинги йилларда, бу сезимларга янги орзулар ҳам қўшилди.

    Буни илк бор олий ўқув юрти талабаси бўлганимда, кейинчалик муҳтарам Президентимизнинг қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олганимда чуқурроқ ҳис қилдим.

    Сўнгги беш йилда мамлакатимизда, жумладан, Чуқурқудуқ каби олис қишлоқлар аҳолиси ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар барчамизни, ёшу қарини тўлқинлантириб юборди.

    Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида эса ҳаётимда жуда муҳим ўзгаришлар бўлди. Етти кун ичида Президентимиз билан икки марта учрашиш бахти насиб этди.

    20 август куни Юртбошимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида иштирок этиб, катта мотивация билан қайтган эдим...

    Президентимизнинг мустақиллик куни олдидан Навоийга ташриф буюргани навқирон вилоят аҳли учун зўр тантана, байрам совғаси бўлди.

    Ўзбекистондаги илк қуёш фото электр станцияси очилиш маросимида давлатимиз раҳбари ҳам иштирок этди.

    Бу тарихий тадбирда жам бўлган муҳандис-қурувчилар, чет эллик инвесторлар, нуронийлар, тадбиркорлар, ёшлар, хуллас кенг жамоатчилик вакиллари қаторида мен ҳам бор эдим.

    Президентимиз ҳар галгидек тайёрланмаганлар гапирсин, деганида ҳаяжон билан қўл кўтардим. Орқада ўтирган бир опани ва мени чақирди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, давлат раҳбари билан бемалол, расмиятчиликсиз, жуда самимий мулоқот қилдик.

    Ёш тадбиркор, чорвачилик кластери раҳбари эканимни, қишлоқда оилавий боғча очганимни, шунингдек, бизнес йўналишида тренерлик қилишимни айтар эканман Президентимиз менга меҳр ва ишонч билан қараб турганини кўриб, янада руҳландим.

    Айдаркўл кенгликларида катта бўлганман. Дангал табиатли қизман, қозоқча айтганда “тўқ этарини” шартта-шартта гапираман. Давлатимиз раҳбари билан мулоқотимизда ҳам бу характерим қўл келди шекилли, очиқчасига гапирдим.

    Илгари туман ҳокимларининг яқинига йўлаб бўлмасди. Биз ҳозирги очиқлик сиёсатидан фойдаланиб, керак бўлса, вазирлар билан бемалол гаплашяпмиз. Бирон муаммо бўлса тўғри вилоят ҳокимига айтамиз, дедим.

    Рости ҳам шу-да. Кейинги йилларда берилган бундай имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Юқорида айтганимдек, 2018 йилда чорвачилик кластери ташкил қилдим. 150 гектар ер майдонига эга кластерда асосан қўй-эчкилар боқилади.

    Ўзимизнинг Чуқурқудуқда шу пайтгача боғча бўлмаган. Яхши ният бўлса, имконият, шароит бўлса бўлар экан, 25 ўринга мўлжалланган оилавий МТТ очдик.

    Вилоятимиз туманларида ўқув марказлари ташкил қилиб, ёшларни тадбиркорлик ва ахборот технологиялари соҳасига ўқитишни бошладик. Пировардида, юзлаб ёшлар, хотин-қизларнинг тадбиркорлик бўйича билимини оширдик. Улар орасидан янги-янги тадбиркорлар етишиб чиқмоқда.

    Суҳбат чоғида Президентимиз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот олдидан мамлакатимиздаги 100 нафар тадбиркорга миннатдорлик хати йўллаганини, энди улар сафини 101 тага етказиб, менга ҳам шундай ташаккурномага имзо қўйиб беришини айтди. Шу билан бирга, вилоятимиз ёшларига миннатдорлик рамзи сифатида Президент номидан юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль берилишини маълум қилди.

    “Ёшларни жипслаштириб, мана шундай фаол бўлинг”, деганида жуда руҳланиб кетдим.

    Ўша куннинг ўзидаёқ барча ижтимоий тармоқларда Президент билан мулоқотимиз видеоси тарқалди. Бу видеога билдирилган аксарият изоҳларда халқимиз ўз самимий тилаклари, фикрларини билдирган.

    Қозоғистонда ҳам бу видеолар 60 мингга яқин интернет фойдаланувчи томонидан кўрилди ва жуда илиқ гаплар айтилди. Аммо беш қўл баробар эмас, деганларидек, айрим изоҳларга кўзим тушиб қолди: “Пахта қўймоқда”, “Сўзга тайёрланган”.

    Мени биладиганлардан сўранг. Хато, камчилиги бор раҳбар бўлса, юзига шартта айтаман-қўяман. Агар сўзга тайёрланганимда эди, кучли ҳаяжон, самимий оҳанг билан гапирмаган бўлардим.

    Ва яна битта нарсани айтмоқчиман, яхшининг яхшилигини кўрсатиш керак. Салбий фикрдагилар Президент яратган имкониятлардан фойдаланганида эди, бундай гапларни айтмаган бўларди.

    Ҳа, бугун мен шундай бахтли қизман. Чунки берилган имкониятлардан фойдаландим, шунга яраша ютуқларга ҳам эришяпман.

    Куни кеча Президентимиз ваъда қилган миннатдорлик хатини, “Nexia-3” автомобилини вилоятимиз ҳокими Қобул Турсунов тантанали топширди.

    Бунинг учун давлатимиз раҳбарига яна бир бор катта раҳмат айтмоқчиман.

    – Сиздаги жўшқинликни кўриб, навоийлик ёшлар шижоатига тан бердим. Сиз менинг вакилим сифатида вилоят ёшларини бирлаштириб, улардаги жўшқинликни оширишга ҳисса қўшсангиз, шу мен учун жуда катта ютуқ, – деди давлатимиз раҳбари.

    Ишонтириб айтаманки, насиб бўлса Президентимизнинг ишончини оқлайман. Менга берилган бу совға – автомобиль эса, вилоят ёшлари учун хизмат қилади. Ҳали бунинг исботини кўрасиз.

    Яна бир гапни айтмасам бўлмайди. Турли миллатлар узоқ йиллар оғир шароитларда, қийналиб яшаб келган олис қишлоқ ва овуллардаги ҳаётни тубдан ўзгартиргани учун ҳам Президентимизга мингдан минг раҳмат.

    Мерей ОМОНБОЕВА,
    ёш тадбиркор

    Нурота тумани Чуқурқудуқ қишлоғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates