Метрология: замон талабларига ҳамоҳанг тизим

    Миллий эталонлар сони 9 тадан 21 тага етказилиб, 10 та калибрлаш лабораториялари ташкил этилган.

    Кўпчилигимиз тонгда уйғониб, кун давомида қиладиган ишларимизни маълум бир соат ва дақиқаларда бажаришга режалаштиришга одатланганмиз. Уйдан ишга боришда ҳам заруратга қараб масофа, узунлик, кенглик каби ўлчовларини чамалаймиз. Қачон, қайси манзилда бўлишимиз лозимлигини ҳаёлан ҳисоб-китоб қилиб, шу асосида ҳаракатланамиз.

    Аслида, атрофимиздаги барча нарсанинг ўз ўлчови бор. Инсонларнинг ўлчовлар борасидаги аниқликни таъминлашга талаби ортгани сари соҳа мутахассислари олдидаги вазифа ва масъулият ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, сўнгги тўрт йилда миллий метрология соҳасида ўлчашлар ягоналигини таъминлаш, уларнинг халқаро даражада эътироф этилишига эришиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти. Соҳада илмий тадқиқотлар кўлами кенгайиб, қўлланилаётган технологиялар замон талабига мос тарзда ривожланиб бормоқда.

    Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон миллий метрология институтининг ташкил этилиши метрологик текширувлар, соҳада илмий тадқиқотларни амалга ошириш, энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини сақлаб туриш, уларни халқаро даражада солиштириш сингари бир қатор муҳим вазифаларни жадаллик билан амалга оширишда айни муддао бўлди. Соҳанинг қонуний-ҳуқуқий базаси эса янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мустаҳкамланди.

    Умуман олганда метрология “ўлчаш” маъносини англатиб, ўлчовлар, уларнинг бир хиллигини таъминлаш усуллари ва воситалари ҳамда талаб этилган аниқликка эришиш йўллари ҳақидаги фан сифатида тан олинган. У бирор объектнинг физик хусусиятлари бўлган узунлик, масса, зичлик, ҳарорат, куч ва бошқаларга нисбатан қўлланилади.

    Юртимизда мамлакатимиз раҳбарининг метрология тизимига бўлган эътибори натижасида 2018 –2022 йиллар давомида давлат бюджетидан 21 дона эталон харид қилиш учун 5,8 миллион доллар ажратилиб, миллий эталонлар базасини 33 тага етказиш режалаштирилди.

    Тармоқ вакилларигагина таниш бўлган эталон тушунчаси катталик бирлигининг ўлчамини бошқа ўлчаш воситаларига ўтказиш мақсадида уни қайта ҳосил қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган ўлчаш воситасини англатади. Миллий эталон эса ваколат берилган миллий органнинг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўлчаш бирлигининг ўлчами сифатида эътироф этилган намуна ҳисобланади.

    Айни пайтда республикада юқори аниқликдаги ўлчашларнинг кузатилувчанлигини таъминлаш мақсадида миллий эталонлар сони 9 тадан 21 тага етказилиб, 10 та калибрлаш лабораториялари ташкил этилган. Мазкур лабораторияларда ўлчаш воситалари калибрлашдан ўтказилади, яъни ўлчашларнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун улар эталон билан солиштирилади.

    Кўзланган натижаларга эришиш учун институт фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда, 2017–2020 йилларда жами 5 миллиард сўмлик 133 дона ўлчаш ускуналари харид қилиниб, қиёслаш ва калибрлаш бўйича 45 та янги ўлчаш услуби ўзлаштирилди.

    Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш соҳасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга қаратилган ва уларни ўтказишга сарфланадиган харажатлар маҳсулотни тайёрлашга ишлатиладиган умумий сарф-харажатларнинг 20 фоизини ташкил қилмоқда. Боиси, қайси соҳани олмайлик, биргина нотўғри ўлчаш жиддий хатоликларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ишлаб чиқаришда — сифатсиз маҳсулот, тиббиётда — нотўғри ташхис, қурилишда — аниқ асосга эга бўлмаган бино-иншоотлар, экологияда атроф-муҳитнинг заҳарланишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан имзоланган Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисидаги келишув доирасидаги жараёнларда тўлақонли иштирок этиш асосий вазифалардан бири саналади. Институт шунингдек, Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (BIPM)нинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Бу келишув халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, метрологик лабораториялар имкониятини дунё миқёсда кенгайтириш орқали Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўлчашларнинг хорижда эътироф этилишига йўл очади. Бунинг учун қўшни давлатларда ўлчашларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилган ҳолда, метрологик хизматлар экспортини йўлга қўйиш, шунингдек, калибрлаш лабораторияларининг халқаро аккредитация соҳасини қўшимча 4 та (узунлик, физик-кимё, электр ва куч) ўлчаш турларига кенгайтириш лозим бўлади.

    Қайси соҳада бўлмасин, халқаро майдонга чиқиб, унда муносиб ўрин эгаллаш осон кечмайди. Бунинг учун малакали мутахассислар зарур. Шу боис, сўнгги уч йил ичида соҳага 10 дан ортиқ халқаро экспертлар жалб этилди. 50 нафардан зиёд мутахассисларимиз Германия, Туркия, Россия, Хитой, Молдова, Беларусь ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимиздаги масса, ҳарорат ва босим лабораторияларининг ўлчаш имкониятлари халқаро даражада тан олинди. Калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг 102 та давлат томонидан ўзаро эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Евросиё давлат метрология ташкилотлари ҳамкорлиги (КООМЕТ) доирасида 12 та солиштириш лойиҳалари бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатилди.

    Шаффоф ва тезкор

    Илм-фан, техника тараққий этган ҳозирги даврда аниқ ўлчашларсиз сифатли ва хавфсиз маҳсулот ишлаб чиқариш мушкул масала. Институт томонидан озиқ-овқат ва саноат хавфсизлиги соҳаларида стандарт намуналарни яратиш бўйича амалга оширилган 3 та илмий лойиҳа қишлоқ хўжалиги махсулотларининг сифатини аниқлашда қўлланилмоқда. Айни вақтда Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан бериладиган давлат гранти асосида қиймати 1 миллиард сўмлик яна 3 та илмий лойиҳа устида иш олиб бориляпти.

    Соҳага инвестициялар ва техник кўмак лойиҳаларини кенг жалб этиш борасида ҳам бир қатор ишлар бажарилмоқда. Улардан бири умумий қиймати 617,3 минг долларга тенг бўлган “Ионлаштирувчи ва рентген нурланиш соҳасидаги иккиламчи эталонлар махсус дозиметрик лабораторияси”ни яратиш бўйича техник-кўмак лойиҳасидир. 2019 йилдан бошланган ушбу лойиҳа Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) ёрдамида амалга ошириляпти. Уни ишга тушириш орқали Ўзбекистонда ҳозирга қадар қиёсланмаётган 150 дан ортиқ гамма нурланишлар манбалари ва 25 дан ортиқ рентген нурланишли ўлчаш воситаларининг метрологик назорати таъминланади.

    Германиянинг “Jenoptik Robot GmbH” компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган “Автотранспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш” лойиҳаси эса йўл ҳаракати ҳавфсизлигини назорат қилиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиб, фото-видео радар ускуналарининг метрологик назоратини ўрнатишга қаратилган. Умумий қиймати 93 минг евро бўлган лойиҳа доирасида юртимизга ўтган йили 6 та лаборатория ускунаси келтирилиб, ноябрь ойида тўлиқ ишга туширилди.

    Шунингдек, илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш ва соҳада ходимлар илмий салоҳиятини ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда умумий қиймати 5 миллиард сўм бўлган 6 та илмий-техник лойиҳани олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан биргаликда амалга ошириш, вилоятлардаги метрологик инфратузилмани ривожлантириш орқали 16 та ҳудудий филиал негизида масса, босим, ҳарорат ва электр ўлчаш турлари бўйича янги калибрлаш лабораторияларини ташкил этиш кўзда тутилган.

    Яна бир аҳамиятли жиҳати, COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган мураккаб шароитни инобатга олган ҳолда, тиббиёт ва энергетика соҳаларида сайёр метрологик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида 2 та махсус замонавий мобиль лабораториялар ишга туширилди.

    Институт томонидан ўтган йили йўлга қўйилган metrologiya.nim.uz дастурий таъминоти ҳам пандемия шароитида аҳоли, ишбилармон ва тадбиркорлар учун яна бир муҳим қулайлик бўлди. Қолаверса, яқинда ишга туширилган “E-Metrologiya” тизими орқали барча турдаги ариза ва мурожаатларни онлайн тарзда тақдим этиш ва қисқа муддатда электрон шартнома тузиш имконияти яратилди. Бунинг натижасида институт меҳнат жамоасини самарали бошқариш, ходимларнинг иш унумдорлиги ва ахборот билан таъминланганлик даражасини тубдан яхшилашга, иш юритишдаги вақт ва сарф-харажатларни қисқартиришга эришилди.

    Ахборот тизими кўрсатилаётган метрологик хизматларни рақамлаштириш, уларнинг шаффоф ва тезкорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жараён соддалаштирилган тартибда жорий этилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхатдан ўтиши 3 босқичда амалга оширилади. Яъни, шахсий электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали мобиль телефон рақами киритилади, ушбу рақамга юборилган тасдиқлаш коди тизимга ёзилади, пастки қисмдаги электрон почта манзили тўлдирилади ва рўйхатдан ўтиш жараёни якунланади.

    Мурожаат давомида шартномалар тузиш жараёнлари ҳам шу каби содда кўринишга эга бўлиб, фойдаланувчига тушунарли тарзда яратилган. Мурожаат қабул қилиниб, шарнома тузилгандан сўнг, кўпи билан 15 иш кунида барча хизматлар кўрсатилади ва электрон сертификат тақдим этилади.

    Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда метрология тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш нафақат миллий иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ошириш, балки экспорт ҳажмларини кўпайтириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом инвестициявий муҳит яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Лазизбек САИДОРИПОВ,

    Ўзбекистон миллий метрология

    институти директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates